Равшан Ҳайдаров: Осиё ўйинларига чемпион сифатида бориш масъулиятни янада оширади
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Туркиядаги йиғинини якунлаб Тошкентга қайтиб келди. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги жамоамиз у ерда режа асосида шуғулланди ва турли тактик услублар устида ишлашди. Барча тайёргарлик августда бошланадиган Осиё ўйинларига қаратилган. SPORTS.uz мухбирига эса Равшан Акмалович билан сафар таассуротлари ҳақида суҳбатлашди.
- Туркия йиғинимиз жуда самарали ва режали асосида ўтди. Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси яхши бўлди. Сафар давомида ўз олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларни бажаришга ҳаракат қилдик. Бунинг учун бизда шарт-шароитлар етарли бўлди. У ерда тоғли ҳудудда машғулотлар ўтказдик. Футболчиларимизнинг йиғилиб қолган чарчоқларини чиқариб юборган ҳолда янгича кўринишдаги жисмоний тайёргарликка эътибор бердик. Бу орқали уларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга аҳамият қаратдик. Бундан ташқари, назорат учрашувлари орқали ўйинимизни шакллантиришни ҳам истагандик ва бунга эришдик. Барчаси кўнгилдагидек кечди, - деди Ҳайдаров.
Шунингдек, терма жамоамиз у ерда назорат учрашувларини ҳам ўтказди. Бу масала ҳам бош мураббийнинг эътиборидан четда қолмади.
- Учта назорат учрашувини ўтказдик, шулардан иккитаси клублар билан ўтказилди. У ерда биз учун асосий назорат учрашуви Уммон олимпия терма жамоасига қарши ўйин эди. Тайёргарлигимиз давомида эътибор қаратаётган турли услубларга ушбу ўйин орқали жавоблар олдик. Ўша ўйиндан ҳам, жамоамизнинг ўйин сифатидан ҳам қониқдим.
Туркиядаги йиғинда мураббийлар деярли асосий таркиб ўйинчилари билан шуғулланишди. Катта эҳтимол билан ушбу таркиб якунийга айланиши мумкин. Балки мусобақагача яна қандайдир ўзгаришлар ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳақида мураббий шундай деди:
- Ҳозирги таркибимизга яна айрим футболчиларни қўшиш режамизда бор. Қўшилса ҳам асосан легионерларнинг ҳисобига янада кучайишимиз мумкин. Бизнинг кенгайтирилган таркибимизда яна бошқа кучайтирадиган ўйинчиларимиз бор. Лекин уларнинг аксарияти ҳозирда легионер мақомига эга бўлишган. Айни пайтда уларнинг клублари билан музокаралар олиб боряпмиз. Достон Ҳамдамов, Отабек Шукуров, Элдор Шомуродов сингари футболчиларнинг клублари билан бир тўхтамга кела олсак, ажойиб иш бўларди. Аммо улар аниқ келишади деб бўлмайди. Шунга қарамай, биз ўзимиз томонимиздан барча ишларни амалга оширишга ҳаракат қиляпмиз. Уларнинг клубларига хатлар билан мурожаат қиляпмиз. Аммо шуни унутмаслик керакки, Осиё ўйинлари мусобақаси ФИФА кунларидан ўрин олмаган. Шу боис хориж жамоаларининг ўз футболчиларини терма жамоаларга қўйиб юбормасликка ҳаққи бор.
Осиё ўйинлари мусобақаси бошланишига ҳам тобора оз фурсат қолмоқда. Туркия йиғини ҳам ниҳоясига етди. Энди навбатдаги режалар қандай бўлади? Равшан Акмалович ушбу масала хусусида ҳам тўхталиб ўтди.
- Кейинги режаларимизга келсак, июль ойида футболчиларимиз ўз клубларида миллий чемпионатимиз баҳсларида қатнашишади. Ойнинг охирида яна жамоани йиғиб шуғуллантирмоқчиман. Ҳозирча бизда иккита вариант бор. Лекин ҳаммаси Осиё ўйинларининг қуръа ташлаш маросимига боғлиқ бўлиб турибди. Қуръа натижаларига қараб бир қарорга келамиз. Ёки бирор-бир хорижда йиғин ўтказамиз ё ўртоқлик ўйинларида қатнашамиз.
Терма жамоамизнинг етакчиларидан бири Азиз Ғаниев мабодо “Насаф”ни тарк этиб хорижга кетиши ҳам мумкин. Ҳарқалай охирги пайтларда шундай хабарлар кўпаймоқда. Агарда бу иш амалга ошса Ҳайдаровга қўшимча муаммо туғиладими?
- Албатта, Азиз Ғаниев легионер мақомига эга бўлса, бу бизнинг режаларимизга таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Легионер бўлгандан кейин ҳар қандай клуб ҳам ФИФА регламенти асосида иш тутади. Шунинг учун Азиз бирор-бир хориж клуби билан шартнома имзолаётганидан олдин уни терма жамоага қўйиб юборишига розилиги ҳақида банд киритиш ниятимиз бор. Ғаниев масаласида футболимиз раҳбарлари билан маслаҳатлашган ҳолда иш кўрилади, - дея муносабат билдирди.
Маълумки, вакилларимиз ушбу мусобақага Осиё чемпионати ғолиблари сифатида йўл олишади. Хўш, бу жамоамизга қанчалик таъсир кўрсатиши мумкин? Ҳайдаров бунга қуйидагича жавоб қайтарди.
- Осиё чемпионлари сифатида ушбу турнирга бориш йигитларимизга босим ва масъулиятни кўпайтиради, бу табиий нарса. Лекин биз жамоамизнинг салоҳиятига, кучига ва руҳий ҳолатига ишонамиз. Шу боис бизда ортиқча муаммо бўлмайди. Лекин босим ва масъулиятнинг бўлиши бу нормаль ҳолат. Буни тўғри тушуниш керак. Ҳаммасини енгиб ўтамиз деб ўйлайман.
Шунингдек, мусобақада терма жамоа сафида уч нафар ёши катта футболчиларнинг қатнашишига рухсат берилган. Бу борада мураббийлар ёши катта ўйинчиларни ҳам деярли аниқлаштириб олишди.
- Уч нафар ёши катта футболчиларни аниқлаштириб олиш борасида ҳам ишлар кетяпти. Уч нафар ўйинчи бўйича бир тўхтамга келганмиз, аммо олдиндан ҳали вақт бор. Ўша пайтгача ҳамма соғ-саломат бўлишса уларнинг хизматидан фойдаланамиз. Булар – Азиз Турғунбоев, Икром Алибоев ва Жалолиддин Машарипов. Айнан шулар биз учун асосий номзодлар бўлиб туришибди. Булардан ташқари, яна бошқа номзодларимиз ҳам бор. Ҳаммаси бир ойдан кейин аниқ ҳал бўлади.
Миллий терма жамоамиз Сенегал, Марокаш, Эрон ва Уругвай сингари тажрибали термаларга қарши ўртоқлик ўйинларини ўтказди. Айтиш мумкинки, олимпия терма жамоамиз сафидаги аксарият ўйинчилар ушбу рақибларга қарши иштирок этишди. Бу эса футболчиларимизга қай даражада асқотиши мумкин? Бу борада Равшан Ҳайдаров ўз фикрини билдирди.
- Йигитларимизнинг миллий терма жамоамиз сафида кучли термаларга қарши ўтказган ўйинлари ўзлари учун катта тажриба бўлиб хизмат қилади. Ўз кучига бўлган ишончни оширади. Барибир кучли терма жамоаларга қарши ўйнашнинг фарқи бўлади. Ушбу ўйинларда йигитларимиз ўз имкониятларини синаб кўришди ва албатта кейинчалик бу ўзлари учун жуда асқотишига ишонаман. Буларнинг барчаси фақат фойда. Мана шундай ўйинлар орқали тажрибалари йиғилиб борилади ва ўз кучига бўлган ишончи ҳам ортиб бораверади.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар