“Реал Мадрид” академияси мутахассиси Кико Зунига 20 декабрь куни юртимизга ташриф буюради

Мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш, футбол мактабларида Европанинг футболи ривожланган мамлакатлари ўқув-методикаси асосида иш олиб бориш, болалар билан машғулотларни янги услубда, Европа андозаларига мос равишда ўтказиш ва шу йўл орқали юқори савияли футболчиларни тайёрлаш мақсадида юртимизга хорижлик мутахассислар жалб қилинаётгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. 

Маълум қилинганидек, шу йилнинг 17 декабрь куни сербиялик 56 ёшли мутахассис Завиша Милославлевич пойтахтимизга ташриф буюради. Унинг мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш бўйича дастури  Ўзбекистон Футбол Федерацияси раҳбариятига маъқул келса, Завиша Миловславлевич Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларида иш олиб боради. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда. 

Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида болалар футболи бўйича ишлаш учун испаниялик мутахассис Кико Зунига (Хосе Мигель Мартиарена) пойтахтимизга таклиф этилди. У 20 декабрь куни юртимизга ташриф буюради. Испаниялик мутахассис ҳам болалар футболини ривожлантириш бўйича ўз дастурини Ўзбекистон Футбол Федерацияси раҳбариятига тақдим этади. Бу дастур ўрганиб чиқилгач, мутахассисга шартнома таклиф этилади.

Кико Зунига ҳақида маълумот: 1962 йил Испанияда таваллуд топган. Футболчи сифатида "Реал Сосьедад" клуби сафида тўп суриб, “Copa del Rey” совринини қўлга киритган. Мураббийлик фаолияти давомида "Атлетико" Мадрид жамоасининг U-13 ва U-14 жамоаларини бошқарган ва катта натижаларга эришган. Шунингдек, Кико Зунига “Реал” Мадрид жамоасининг Хитойда жойлашган академиясида ҳам фаолият юритган. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!