Санжар Турсунов: Корея варианти оилам учун жуда қулай бўлди

Фаолиятини асосан хорижда давом эттириб келаётган ҳамюртимиз Санжар Турсунов яқинда янги жамоасига эга бўлди. Энди у Жанубий Корея “К-2” лигасида “Тэджон Ситизен” жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Маълумки, Турсунов бунга қадар Қатарда “Ал Харайтият” жамоасида тўп сурди. Энди эса ўзи учун муҳитни ўзгартиришга қарор қилди. Турсуновнинг “Тэджон Ситизен”даги фаолияти қандай кечишини вақт кўрсатади. Аммо бир томондан қараганда, анча қизиқарли кўриниш олиши ҳам кутиляпти. Чунки у ерда яна бир ҳамюртимиз Шохруҳ Гадоев ҳам тўп сурмоқда. Шу боис Турсуновнинг янги клубга мослашишида Гадоев анча-мунча асқотиши шубҳасиз. Биз эса Санжарни янги клубга кўчиб ўтгани билан табриклаган ҳолда бу жараён қандай амалга ошгани ҳақида ҳам сўрадик.

- “Тэджон Ситизен” клубига ўтишим 3-4 кун ичида ҳал бўлди. Менга ёққани шу бўлдики, клуб директори ва яна бир вакили атайин Тошкентга келиб мен билан музокаралар ўтказишди. Тўғриси, улар менинг трансферимга жиддий қарашди. Келаси йилга “К” лигага чиқиш асосий вазифага айланади. Бу йилги мавсумда эса ҳозирча жамоадан омад бироз юз ўгирган ва турнир жадвалида ўзига ярашмаган ўринларда боряпти. Қолаверса, ушбу жамоада ҳамюртим Шохруҳ Гадоев тўп суряпти. Бундан ташқари, бу таклиф оилам учун ҳам жуда қулай вариант бўлди. Боиси, турмуш ўртоғим корейс тилини яхши билади. Ҳозирда Корея чемпионатининг савияси ҳам кучли. Ҳаттоки, биринчи дивизионидан ҳам терма жамоаларга ўйинчиларни чақиришади. Улар ўз устида яхши ишлашади. Хуллас, шу сабабларга кўра “Тэджон Ситизен”нинг варианти мени қониқтирди.

Санжарнинг турмуш ўртоғи корейс тилини билиши ҳақидаги маълумот биз учун янгилик бўлди. Бундан чиқди, “Тэджон Ситизен”нинг таклифини қабул қилишда рафиқаси муҳим роль ўйнаган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳақида футболчи шундай деди:

- Оилам доим Кореяга боришни хоҳларди. Мана шундай паллада у ердан вариант чиқиб қолгани учун буни қабул қилдим. Турмуш ўртоғим беш йил давомида Тошкент Шарқшунослик институтида ўқиган. Кореяда уларнинг тилини янада яхшироқ ўрганиб олади, мен ҳам буни хоҳлаётгандим.

- Санжар Қатарнинг “Ал Харайтият” жамоасини тарк этганига анча муддат бўлганди. Ўша пайтдаёқ унинг янги клубига эга бўлиши кутилганди. Аммо бу жараён анчагача чўзилиб кетди. Бунинг сабаби ҳақида ҳам унинг ўзидан сўрадик.

- Албатта, бир қанча клублар билан музокаралар бўлганди, гаплашгандик. Лекин баъзи-бир сабабларга кўра бизга тўғри келмади. Шу боисдан янги клубга ўтишим оз-моз чўзилиб қолди.

- Нима бўлганда ҳам эдиликда Турсуновнинг ҳаётида янги саҳифа очилди. Шу тариқа у бор эътиборини янги жамоасига қаратади. “Тэджон Ситизен”да ҳамюртимизни қандай кутиб олишди? Дастлабки таассуротлари қанақа? Бу борада шундай деди:

- Жамоага яқинда қўшилдим. Янги клубимда мени ҳаммаси илиқ қарши олишди. Ҳозирча ҳаммаси яхши, кўнгилдагидек. “Тэджон Ситизен”да барча нарса менга ёқяпти. Олдимизда турган ўйинга тайёргарлик кўряпмиз.

- Шу билан бирга Санжар янги клубига ўтишдан олдин у ердаги Шохруҳ билан ҳам гаплашган бўлиши аниқ. Шунингдек, янги футболчимиз Кореяда қайси тилда гаплашяпти?

- Ҳа, клубга ўтишдан аввал Шохруҳ билан гаплашдим. Ундан жамоа тўғрисида маълумотлар сўрадим. Бу ерда ҳамма корейслар ҳам инглизчани билишмас экан. Аммо биладиганлари ҳам йўқ эмас. Асосан инглиз тилида гаплашяпмиз, - дея жавоб берди, Турсунов.

- Маълумки, ҳамюртимиз бунга қадар Россия, Украина, Қатар каби чемпионатларда тўп суриб яхшигина тажриба тўплаган футболчи ҳисобланади. Боя айтиб ўтганимиздек, Жанубий Корея чемпионати орқали унинг фаолиятида янги саҳифа очилди. Албатта, янги мамлакат, янги минталитет, янги чемпионат...бундай жараёнга кўникиш ҳам осон кечмайди. Футболчимиз эса олдинги ўйнаган чемпионатларидан бу сафаргиси нимаси билан фарқ қилиши ҳақида айтиб ўтди.

- Фарқига келсак, барибир Жанубий Корея ўзингиз айтиб ўтганингиздек, бошқа чемпионат, бошқа давлат. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳар бир чемпионатнинг ўзига яраша жиҳатлари бўлади. Шу томонлама олиб қарайдиган бўлсак, Корея чемпионатининг ҳам бошқалардан фарқли томонлари бор. Ростини айтсам, Ўзбекистоннинг таомларини соғинганман. Бу ерга келганимга бир ҳафтадан ошиб қолди. Шу боис бу ердаги маҳаллий таомларга ҳам аста-секин кўникиб бормоқдаман.

- Ўзбекистон миллий терма жамоасига аргентиналик Эктор Купер бош мураббий этиб тайинланди. Табиийки, бу ҳақида мутахассислар ўз фикрларини билдиришади. Хўш, ушбу тайинлов хусусида Санжар Турсуновнинг муносабати қандай?

- Эктор Купер тажрибали мутахассис. Сиз журналистлар ва мухлислар ҳам буни яхши билишади. Ушбу мураббий терма жамоамиз учун яхши натижаларни келтиришига ишонаман. Купер бошчилигидаги жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқишга ва Осиё Кубогида муваффақиятли қатнашишига умид қиламан. Ўйлашимча, қачонки Осиё Кубогида яхши натижа кўрсатиб, жаҳон чемпионатига олиб чиқсагина кейин Купер ҳақида баҳо берсак бўлади.

- Янги мураббий иш бошлаганидан сўнг у ҳар бир ўзбекистонлик футболчини, айниқса, хорижда ўйнаётган ўйинчиларни ҳам кўздан кечириши аниқ. Чунки ҳар бир мутахассиснинг ўз фикри ва дунёқараши бор. Бу ўзгаришдан сўнг энди Турсуновнинг ҳам яна термага қайтиш имконияти ошдими? Бунга унинг ўзи қуйидагича фикр билдирди.

- Ҳамма вақт миллий терма жамоада ўйнашга тайёрман ва доим буни хоҳлаганман. Агар янги мураббий ҳамма легионерларни чақириб текшириб кўрмоқчи бўлса, албатта бораман. Ахир бу менинг Ватаним. Шундай экан, Ўзбекистоним учун ҳар доим ўйнашга тайёрман.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Rakhmonov Jamshid
08/08/2018 00:24
Санжар яхши футболчи.