Сардор Рашидов: Бу сафар ёқимсиз анъанани бузамиз

Терма жамоамиз ичидаги муҳит ва кайфият шунчалик яхшики, бирор-бир ортиқча сўзга ҳожат йўқ. Чунки у ердаги манзарани ўз кўзимиз билан кўрганимиз учун ҳам яна бир бор Эктор Купер яхлит бир оилани шакллантира олганига гувоҳ бўлдик. Илоҳим жамоамизга кўз тегмасин. Энг муҳими Уммонни енгиб футболчиларимизнинг ўзига бўлган ишончини янада кучайтириб олишдир. Йигитларимизнинг рақибга қараганда кучли эканликлари аниқ ва буни майдонда исботлашларига шубҳамиз йўқ. Масалан, жамоамиз етакчиларидан бири Сардор Рашидов билан ҳам суҳбатлашганимизда ғалабадан бошқасини ўйламаётгани ҳақида гапирди.

- Дастлабки мақсадимиз биринчи ўйинни ғалаба билан бошлаш. Чунки терма жамоамизнинг муваффақиятини бутун халқимиз кутиб турибди. Худо хоҳласа, Уммон билан учрашувда ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд қилиб, кейинги ўйинларга тайёргарлик кўрамиз - дейди, Рашидов.

- Жароҳат сабабли терма жамоамизнинг айрим йиғинларидан четда қолгандингиз. Лекин яна соғайиб сафга қайтганингиздан мухлислар хурсанд. Эндиликда Осиё Кубогида янгича Сардор Рашидовни кўрамиз деган фикрлар кўп янграмоқда. Менимча, ҳозирда сизда ҳам иштиёқ кучлига ўхшаяпти...

- Ҳа, кайфиятимиз зўр. Футболчиларимиз жуда яхши руҳланишган. Мухлисларнинг ишончи айниқса, ўйиндан олдин бизга катта руҳий куч бағишлаяпти. Насиб қилса, мен ҳам майдонда бор кучим билан ўйнаб ишқибозларни хурсанд этиш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан.

- Ўз олдингизга тўпурар бўлиш мақсадини қўйдингизми?

- Ҳамма футболчида бундай мақсад бўлади. Лекин менинг мақсадим тўпурарликдан кўра жамоамизнинг ғалабасига кўпроқ ҳисса қўшиш.

- Осиё Кубоги кутилмаган натижалар билан бошланди, сиз ҳам натижаларни кузатиб бораётгандирсиз?

- Ҳа, айниқса, Австралиянинг мағлубиятини айтишим мумкин. Бу дегани Осиё Кубогига барча терма жамоалар юқори даражада тайёргарлик кўриб келганини билдиради. Терма жамоалар ўз олдига катта мақсадларни қўйишган. Шунинг учун ҳам кутилмаган натижалар юз беряпти. Лекин Ўзбекистон ўз йўлида давом этади ва ғалабалар билан мухлисларни хурсанд этамиз.

- Шу ўринда Уммон терма жамоаси ҳақида фикрингиз қандай?

- Уммонни ноқулай рақиб деган бўлардим. Бўлажак рақибимиз ҳақида ҳар хил гаплар бўляпти. Лекин барчасини майдонда кўрсатамиз.

- Ҳар хил гаплар деганда нимани назарда тутяпсиз?

- Уммонни юта олмаган ёки бу рақиб ютқазмай келаётгани ҳақидаги гаплар. Лекин бу сафар ёқимсиз анаънани бузамиз.

- 9 январь ўзбекистонлик мухлислар учун байрамга айланишини кутишмоқда. Сиз ишқибозлар учун нима дея оласиз?

- Мухлислар бизни тинмай қўллаб-қувватласинлар. Уларнинг олқишлашини сезиб турсак, бизга ижобий таъсир ўтказишади. Ўзбекистонда телевизор орқали ҳам бизни қўллаб турадиган халқимизнинг далдасини ҳам сезиб турамиз. Ҳамма терма жамоамиз учун дуода бўлиб туришсин.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
09/01/2019 09:54
Хаммасини уйин курсатади