“Севинч” футболчилари терма жамоага таклиф этилди
Ўзингизга маълум, 21 январь куни аёллар ўртасидаги Осиё Кубоги–2018 саралаш босқичига қуръа ташланди. Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси “B” гуруҳидан жой олди. Мазкур гуруҳда терма жамоа Жанубий Корея, Гонконг, Ҳиндистон ва КХДР аёллар термасига қарши баҳс олиб боради.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 3-11 апрел кунлари саралаш учрашувларини ўтказади.
Ушбу мусобақага тайёргарлик юзасидан, Шерали Бобоқулов бошчилигидаги терма жамоа 1-10 феврал кунлари Бекобод шаҳрида навбатдаги ўқув-йиғин машғулотларини ўтказади.
Мазкур йиғинга “Севинч” жамоасининг 6 нафар футболчиси таклиф этилди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.
Манбанинг маълум қилишича, “Севинч”дан қуйидаги футболчилар терма жамоага жалб этилди. Лайло Тилавова, Мафтуна Жонимқулова, Камола Рискиева, Мафтуна Шойимова, Малика Бурхонова, Нилуфр Қудратовадир.
Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Қарши шаҳрида янги мавсум тайёргарликларини олиб бораётган “Севинч” жамоаси, 12 февраль кунлари Тошкентга боради. У ерда аёллар ўртасидаги мини футбол бўйича XIII Ўзбекистон чемпионатининг 2-тур учрашувларида майдонга тушади.
Фикрлар