Шоҳжаҳон Эргашев: Мени отажоним рингга олиб чиқади

  • 2 август, 2018, 23:45
  • 0
  • Бокс

Аввал хабар берганимиздек, енгилмас профессионал боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев жорий йилнинг 19 август куни Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида навбатдаги жанггини ўтказади. У ушбу бокс кечасида угандалик Жума Васвага қарши жанг ўтказиб,  WBA International камарини ҳимоя қилади.

Мазкур жанг олдидан Шоҳжаҳон билан Sports.uz интернет портали мухбири суҳбатлашди.

– Ассалому Алайкум Шоҳжаҳон! Бўлғуси жанг олдидан тайёргарликлар қандай ўтмоқда?

– Ассалому Алайкум! Жумага қарши жангга доимгидек, жадал шуғулланмоқдамиз. Тактик, жисмоний ва спарринг машғулотларни ҳафтада 6 кун мобайнида 5-6 соат давомида ўтказмоқдамиз.

– Сизга мазкур машғулотларни Москва шаҳрида ўтказишингизга ким ёрдам бермоқда? 

– Мен таниқли боксчи, россиялик Николай Волуев томонидан машғулотлар ўтказиш учун ташкил этилган спорт клубда, Андрек Ивичук қўл остида шуғулланмоқдаман. 

– Шоҳжаҳон бизга маълумки, сиз ҳар бир жангдан сўнг, мамлакатимизга қайтасиз. Юртимизда бўлган вақтингизда машғулотларни қаерда ўтказасиз?

– Ҳар бир спортчи учун юрт соғинчи қийин ўтади. Биз спортчилар ўзга юртларда тайёргарлик кўрсак-да, мамлакатимиз томон қалбимиз ошиқади. Мен Ватанимизда бўлганимда, Тошкент шаҳридаги "Power Fitness Sport Club"ида машғулотларимни ўтказаман. 

– Нега айнан у ерда, ахир, мамлакатимизда кўплаб спорт билан шуғулланиш учун шинам иншоотлар бор-ку?

– Тўғри сўнгги йилларда Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудларида спортнинг исталган тури билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар мавжуд. Ҳар бир спортчининг ўзи учун қулай бўлган спорт заллари бўлади. Мен эса доимо,"Power Fitness Sport Club"ида машқ қилганман. Шунингдек, мазкур клуб менинг ҳомийим саналади.

photo_2018-08-02_22-41-12

– Жума Васва ҳақида қандай фикрдасиз. Унинг жанг услуби билан танишмисиз?

– Аслида Жума яхши боксчи ва мен уни ҳурмат қиламан. Ҳа, албатта мен унинг жангларини кўрдим. У жуда техникали боксчи. Нима бўлганда ҳам мен унга қарши жанг ўтказишга тайёрман. 

– Бу сафарги жангда отангиз иштирок этадими?

– Албатта, биринчи мураббийим ва энг ишонган инсон отам менинг рингга олиб чиқадилар. Уларнинг дуолари ва менга бўлган ишончлари сабаб, шу кунга қадар ғалаба қозониб келдим.

photo_2018-08-02_22-40-51

– Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.

– Сизлардан миннатдорман. Фурсатдан фойдаланиб бўлажак жанг олдидан азиз мухлисларим ва халқимиздан мени дуо қилишлари ва жангда мени қўллаб-қувватлашларини сўрайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!