Шоҳжаҳон еттинчи нокаутга тайёргарлик кўрмоқда (видео)
Профессионал рингда олтита жангининг барчасини нокаут билан якунлаган ҳамюртимиз Шоҳжаҳон Эргашев еттинчи жангига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
 
Аслида енгилмас боксчимиз навбатдаги жангини октябрь ойида ўтказиши керак эди. Бироқ, машғулотларнинг бирида қўлидан жиддий жароҳат олган Шоҳжаҳон жарроҳлик амалиётини ўтказди ва шифокорлар ҳамда мутахассислар тавсиясига кўра тўлиқ тикланишини кутди.
 
 
Мана барчаси ортда қолди ва Шоҳжаҳон яна жанг ўтказиш имкониятига эга бўлди.
 
- Профессионал рингда пухта тайёргарлик ўта муҳим аҳамиятга эга, - дейди Шоҳжаҳон Эргашев SPORTS.uz ахборот портали мухбирига. - Спортчи туғма истеъдод соҳиби ёки жисмонан ўта кучли инсон бўлиши мумкин. Лекин машғулотларда етарлича меҳнат қилмаса, тер тўкмаса жангда уялиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун мен машғулот жараёнига катта эътибор қаратаман.
 
Shohjahon Ergashev
 
Шоҳжаҳон Эргашев жароҳатидан сўнг тайёргарлик машғулотларини асосан Тошкент шаҳрида олиб борди. Айни пайтда боксчимиз жанг ўтказиладиган Москва шаҳрида машғулотларнинг якуний босқичида қатнашмоқда.
 
 
2 декабрга белгиланган профессионал бокс кечасида Шоҳжаҳон Эргашев ўз вазн тоифасида Уганданинг энг кучли боксчиси Соломон Богерега қарши рингга чиқади. Африкалик чарм қўлқоп устаси ўта кучли зарбага эга боксчилардан ҳисобланади. У ўзи зафар қучган 13 жангдан 10 тасида рақибларини муддатидан олдин енгган. Фаолияти давомида Уганда ва Африка чемпионлик камарларини қўлга киритган.
 
Икки нокаутчи - Шоҳжаҳон Эргашев ва Соломон Бореге ўртасидаги жанг 10 раунд қилиб белгиланган.
 
Бўлажак беллашувда Шоҳжаҳон Эргашевдан еттинчи нокаутни кутамиз!
 

Минбар

Барча блоглар