Стадионда иш қизғин

Яна бир неча дақиқалардан сўнг “F” гуруҳида Ўзбекистон ҳамда Уммон терма жамоалари ўртасидаги биринчи тур учрашуви ўтказилади. Унгача эса Япония – Туркманистон беллашуви билан гуруҳ ўйини расман очилади. Бир гуруҳ журналистлар билан Шаржадаги «Шаржа спорт клуб» стадионига етиб келдик. Бутун халқимиз ушбу учрашувни интиқлик билан кутиб турганини яхши биламиз. Айни пайтда бу ерга юзлаб ўзбекистонлик мухлислар ҳам келишган. Кеча ва бугун ҳам ҳаво кемаларида кўплаб ишқибозларимизнинг ташриф буюришганини эътироф этиш керак. Улар майдонда Ўзбекистон миллий терма жамоасини жонли тарзда қўллаб-қувватлаш мақсадида етиб келишган. Терма жамоамизнинг маъмурлари эса аллақачон стадионга келиб ўз ишларини бошлаб юборишган.  

Медиа марказига кириб келганимизда у ерда иш қизғин эканлигини кўриш мумкин. Ўзбекистонлик, уммонлик ва яна бошқа мамлакатдан келган журналистлар ўз ишлари билан шуғулланишмоқда. Қисқа қилиб айтганда, бу ерда иш қиғзин. Стадион ҳам ўйинни ўтказишга тўлиқ тайёр ҳолатда деб айтиш мумкин. Ташқарида эса айрим уммонлик мухлисларга кўзимиз тушди. Лекин стадионда бугун ўзбекистонлик ишқибозлар сони жуда кўпчиликни ташкил этишига шубҳа йўқ. Қолаверса, фан-клуб бугунги ўйин учун алоҳида тайёргарлик ҳам кўрган. Меҳмонхонада чиқишимизда эса бир гуруҳ мухлислар байрамона тарзда ўйин-кулгулар билан рақсга тушишди ва стадионга йўл олиш арафасида терма жамоамизнинг ғалаба учун дуо қилдилар. Ҳамма бугунги ўйинни интиқлик билан кутмоқда. Биз билан бирга қолинг…

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!