Теннис. Ўзбекистон Токио 2020 Олимпиадасига яна лицензия қўлга кирита оладими?

Хабарингиз бор, шу кунларда Миллий олимпия қўмитаси юртимиздаги спорт федерациялари ва ассоциациялари билан биргаликда Токио 2020 Олимпиадаси учун ишлаб чиқилган стратегик режани муҳокама қилмоқда. Навбатдаги йиғилиш Ўзбекистон теннис федерацияси мутасаддилари билан ташкил этилди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.

Сизга яхши маълумки, Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Индонезиядаги Осиё ўйинларида ғолиб бўлиш орқали Токио мезбонлик қиладиган Олимпиадага йўлланма қўлга киритиб бўлган. Бу борада Денис ўзбекистонлик спортчилар ичида биринчи бўлди. Аммо, бу билан чекланиб қолмаслик зарур. Бугун ўтказилган йиғилишда ўзбекистонлик теннисчиларнинг аёллар ўртасидаги яккалик мусобақаларда, шунингдек эркаклар ўртасидаги жуфтлик беллашувларида лицензия қўлга киритиш имкониятлари кўриб чиқилди. Ушбу режани амалга ошириш учун амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди. Иш жараёни давомида юзага келадиган, ёш иқтидорларнинг ўзини кўрсатиши учун ҳалал бераётган муаммолар ўртага ташланди. Тизимни ўзгартириш, терма жамоа аъзолари учун энг яхши шароитларда ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилиш, теннисчиларимиз учун хориждан малакали мураббий олиб келиш масаласини кўриб чиқиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Ўз навбатида спортчиларимизнинг маҳоратини ошириш, жаҳон рейтингидаги ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистонда халқаро турнирларни ташкил этиш лозимлиги қайд этиб ўтилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!