Терма жамоамизнинг Осиё кубогидаги иштироки мутахассислар талқинида

БАА майдонларида ўтказилган Осиё Кубоги мусобақаси ўз якунига етди ва унда ҳаммани ҳайрон қолдирган ҳолда Қатар терма жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Бизнинг терма жамоамиз эса ушбу мусобақада нимчорак финалда Австралия тўсиғидан ўта олмасдан иштирокини барвақт якунлашга мажбур бўлди. Натижада Ўзбекистоннинг иштироки ҳар кимда турлича таассурот қолдирди. Албатта, ҳаммамиз бош жамоамиздан ижобий натижаларни кутгандик, аммо ҳар доим ҳам ўйлаганларимиз амалга ошавермайди. Миллий терма жамоамизнинг мусобақадаги иштирокига муносабат билдириш мақсадида футболимиз ичида меҳнат қилаётган бир қатор мутахассислар билан боғландик ва улар ўзларининг фикр-мулоҳазаларини айтишди.  

Илҳом Қурбонов («Машъал» клубининг вице-президенти):

- Терма жамоамиз шахсан менда яхши таассурот қолдирди. Чунки футболчилар максимал даражада ўйнашди, бор эътиборини ўйинларга қаратишди. Кимнидир зўр ёки яна  кимнидир ёмон ўйнади деб айта олмайман, биз асосан жамоавий ўйин кўрсатамиз. Агар футболчиларимиз шундай ўйнашда давом этса, албатта Қатарга борамиз. Кейинги мусобақаларда ҳозирги таркибдан қайсидир ўйинчилар таркибда бўлмаслиги мумкин, аммо терма жамоада энди катта шижоатни кўряпман. Тўғри, Австралияга ютқазиб қўйганимиз жуда аламли бўлди. Аммо 2011 йили уларга 6:0 ҳисобида ютқазиб қўйганимиздан кейин орадан шунча вақт ўтиб, тенгма-тенг ўйнаган ҳолда пенальтилар сериясида мағлуб бўлганимиз бу фожеа эмас. Тан оламан, мусобақачага ўтказилган учрашувларда Эктор Купернинг тактикаси ёқмаганди. Аммо Осиё Кубогидаги терма жамоамиз томонидан намойиш этилган ўйин уяладиган эмасди.

- Биласизми, мураббийнинг ишига олти ой ичида баҳо бериш жуда оғир. Чунки жамоа тузиш учун етарлича вақт бериш керак. Икки йилда мураббий ўзи хоҳлаган жамоани тузиб олиши мумкин. Купер эса деярли янгитдан жамоани шакллантиряпти. Унинг Осиё Кубогидаги ишига 4 баҳо қўйса бўлади. Миллий терма жамоада тўп сураётган ҳар бир футболчида ватан туйғуси бўлиши  керак ва бу ҳиссиёт ўйинчиларимизда бор. Қолаверса, Осиё Кубоги ҳар бир футболчи учун ўзига яраша реклама ҳам бўлди. Мисол учун «Спартак» бош мураббийи Олег Кононов ҳам терма жамоамиз иштирокидаги ўйинга бежизга келмагандир, ахир. Агар ўзимнинг мисолимда айтадиган бўлсам, мабодо про-лиганинг бирор-бир беллашувига борадиган бўлсам, мен ўйин кўриш учун эмас, балки қайсидир футболчини кузатгани бораман. Демоқчиманки, Кононов ҳам Осиё Кубогини кўриш учун бормаган, унинг қўлига қайсидир фамилия тушган ва шу боис уни кузатиш учун борган. Барибир ўзбек футболи эътиборда. Жалолиддин Машариповнинг Европада ўйнамоқчиман деган гапи ҳам мени қувонтирди. Элдор Шомуродов ҳам Россия чемпионатда ўйнамоқчиман, ўша ерда футболчи сифатида ўсаман деб айтганди. Кўриб турибсизки, у ўсишда давом этяпти.

- Мусобақа давомида Японияга ютқазган бўлсак, бу мағлубият ҳамма-ҳаммамизники. Бу биргина Купернинг мағлубияти эмас. Негаки, барчамиз битта ишни қиляпмиз – ўзбек футболини кўтариш учун меҳнат қиляпмиз. Бизда ажойиб ўйинчилар жуда кўп. Масалан Отабек Шукуровнинг майдонда қилган иши Игнатий Нестеров ёки Элдор Шомуродовничалик кўринмагандир. Аммо у барча ўйинларда тўлиқ ўйнади ва катта меҳнат қилди. У Машариповдагидек голли пас узатмагандир ёки Шомуродовга ўхшаб голлар урмагандир, лекин Отабекнинг кўринмас хизматлари катта бўлди. Купер қўл остидаги футболчиларни ўзи истаган жойга қўйди. Мисол учун Олег Зотеевни чап қанот ҳимоясига қўйди ва унинг ҳаракатлари менга ёқди. Машарипов, Ҳамдамов кабилар ҳам катта ҳажмдаги ишларни бажаришди. Шунинг учун бирорта ўйинчимизни алоҳида ажратиб кўрсатиб ўтмоқчи эмасман.

Даврон Файзиев («Динамо» клуби бош мураббийи):

- Терма жамоамиз муносиб ўйин кўрсатди. Ўша Австралия билан кечган учрашувда ҳам ўйин тенг курашлар остида ўтди. Лекин мен терма жамоамизнинг Австралия тўсиғидан ўтишига ишонгандим. Пенальти – бу лотерея. Бунда футболчиларни айблаш нотўғри. Тўғри, мағлубиятдан сўнг салбий фикрларни билдираётганлар ҳам бўляпти. Бироқ тан олиб айтиш керакки, терма жамоамизнинг ўйин сифати ўсганлиги кўриниб турибди. Кўпчилик ҳимоявий ўйинни танқид қилди. Аммо Австралияга қарши баҳсда тўпни назорат қилиш ва ҳужум уюштириш борасида ҳам йигитларимиз қолишгани йўқ. Керак пайтда ҳужум қилишди, керак пайтда ҳимояланишди. Фақат ўша учрашувда рақибга нисбатан босимни янада ошириш керакмиди? Чунки Австралия ҳам биздан чўчиб ўйнаётганди. Тушунаман, мухлислар фақат натижа талаб қилишади. Энди бу мусобақа биз учун дарс бўлади. Олдимизда эса жаҳон чемпионати саралаш баҳслари кутиб турибди.

- Тўғриси, Купернинг машғулотларини кўриш ниятим бор эди, аммо бу имконият бўлгани йўқ. Фақат футболчилар билан суҳбатлашганимда машғулотлар қизиқарли ўтаётганини, кайфият зўр эканлигини айтишарди. Мутахассис ўз номи билан ҳам яхши танилган. Эктор Купернинг ишига ижобий баҳо бераман. Жамоанинг ўйинларида мураббийнинг имзоси кўринди. Айниқса, футболчиларнинг ўзларига бўлган ишончи билиниб турди. Бундай мутахассис билан ишлашни ҳамма ҳам хоҳласа керак. Мен ҳам Купернинг машғулотларини жонли равишда кузатиб, ўзим учун нималарнидир ўрганишга ҳаракат қиламан.

Жаъфар Ирисметов («Пахтакор» клубининг спорт директори):

- Терма жамоамиз иштирокида битта яхши таймни кўрдик. Бу ҳам Австралияга қарши ўйиннинг биринчи бўлими. Умуман, қандай баҳо беришимиз мумкин? Иккита кучли рақиб билан учрашувларда ютқаздик. Ўйлашимча, Туркманистонни ҳар қандай таркиб билан юта олардик. Бу билан туркманларни кучсиз демоқчи эмасман, шунчаки, ютишимиз аниқроқ эди. Япония билан Австралияга эса ютқаздик. Тўғри, австралияликларга пенальтилар сериясида мағлуб бўлдик. Аммо ўша учрашувда фақат бир бўлим яхши ўйнадик. Уммон ҳам бизга қараганда кучлироқ ўйнаганди. Терма жамоамизни танқид қилмоқчи эмасман. Фақат жаҳон чемпионатига чиқмоқчи бўлсак, бундан ҳам кучлироқ ўйнашимиз керак. Шомуродов, Сидиқов, Ҳамдамов, Машарипов кабилар ўз ўйинлари билан кўзга ташланишди. Аммо яна айрим футболчилар биз кутган ўйинни кўрсатиб бера олишмади. Энди бундан буёғига терма жамоага янги ўсиб келаётган иқтидорли ёшларни жалб этавериш керак. Чунки бир-иккита лидерларимиз терма жамоага тортмай қолишяпти.

- Эктор Купернинг ишини мураббий сифатида таҳлил қила олмайман. У ҳали терма жамоамизда кўп ҳам ишлагани йўқ. Ўйлашимча, мураббий ҳали ҳам терма жамоамиз билан танишиш жараёнида. Унинг ишини журналистлар таҳлил қилса бўлади, бизнинг эса унинг ишини муҳокама қилишимиз нотўғри.

Усмон Тошев (Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи):

- Биз бунгача Қатарда эдик, аммо у ерда айрим сабабларга кўра БААдаги Осиё Кубоги ўйинларини кўрсатмас экан. Фақат янгиликлар орқали голли вазиятларни кўрдик холос. Дубайга борганимдан кейин терма жамоамизнинг Австралияга қарши ўйинини кўрдим, йигитларимизнинг ҳаракатлари менга ёқди. Жамоамиз тартибли ўйнади, футболчиларнинг жон-жаҳди билан тўп суришлари ҳам яхши чиқди. Ўйлайманки, бу катта йўлдаги биринчи қадам бўлди. Ишонаманки, терма жамоамизнинг келажаги бор.

- Эктор Купер ҳақида гапириш қийин. Чунки мен ҳам мураббийман, у ҳам мураббий. Шу боис ўз ҳамкасбим ҳақида баҳо бериш ёки унинг қолиш-кетиши ҳақида фикр билдириш нотўғри. Аммо мен Купер ҳақида яхши фикрдаман. Ҳаммасига вақт керак. У биринчи қадамни қўйди, энди иккинчи қадамни ташлаш учун бироз вақт керак. Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларига эса анча бор. Агар ҳадеб мураббийни алмаштираверсак, унда яхшиликка қараб кетмаймиз. Эктор Купер кучли мутахассис. У ўзи қураётган жамоани охиригача бошқариши шарт.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
07/02/2019 22:33
Нормальный мутахассислар топилмадими?
&
King of World
07/02/2019 15:02
Yana yillar kutamiz. Lekin natija yo‘q
&
kuperlox
06/02/2019 21:16
агар Нестеров, Шомуродов ва Машарипов ларнинг индивидуал махорати хисобланмаса жамоада усиш урнига анчагина пасайиш борлиги яккол куриниб колди...
&
kuperlox
06/02/2019 21:10
эрон, Япония ,жанубий корея, Австралия , катар, хитой, саудия арабистони, ирок, Иордания, сурия ,уммон. осие кубогида 11 жамоа биздан кучли куринди, шулар ичида жч саралашидан чика оламизми??? хали Вьетнам, Таиланд ,хиндистон, шим.Корея , киргизистонни ракобатчи хисобламасак... жч анчагача орзуга айланадиган куринади...
&
Yahyobek
06/02/2019 18:27
Мутахассислар томонидан билдирилган фикрларга қўшиламан.Чиндан хам вақт керак.
&
King of World
07/02/2019 15:04
Qancha vaqt kk. Bir avlodni tarbiyalagancha yoshi o‘tib qolyapti. Keyin yana shunaqa. Demak futbol bizga emas ekan.