Тимур Кападзега Купернинг услуби ёқмаяпти...ми?
Футболчиликдан мураббийликка ўтган Тимур Кападзе бу йил “Локомотив” билан учинчи чемпионликни қўлга киритди. Эътиборлиси, бунгача футболчи сифатида шоҳсупага кўтарилган бўлса, бу сафар мураббийлар штабида ишлаш орқали ушбу муваффақиятга сазовор бўлди. Энди эса Тимур Кападзе “Локомотив”нинг ёшлар жамоасини бошқарадиган бўлди. Шу тариқа у мустақил равишдаги фаолиятини бошлади. Аслини олганда, жорий йилда Ўзбекистон миллий терма жамоасини ҳам бошқарган ҳолда тўртта ўртоқлик учрашувида вақтинча бош мураббийлик вазифасини ҳам бажарди ва ўзидан ёмон таассурот қолдирмади. Унинг футболга ўзгача қарашлари бор. У билан бир қатор муҳим масалалар ҳақида мулоқот қилдик. Чемпионлик қўлга киритилгани, ёшлар жамоасида иш бошлагани, “олтин очколар” тизимининг қўл келиши ва шу билан бирга терма жамоани бошқараётган Эктор Купер ва унинг ўйин услуби тўғрисида ҳам гапирди. Эътиборлиси, Кападзе ҳаммасини очиқ-ойдин ва кескин тарзда билдирди.
Чемпионлик хусусида
- Биз кетма-кет учинчи марта чемпионликни қўлга киритиб, ўзига хос тарзда хет-трикка эришганимиздан хурсанд бўлдик. Қолаверса, илк бор чемпионатимиз Суперлига формати асосида ўтди. Шу боис қизиқарли ва ўзига яраша қийин кечди. “Пахтакор” ҳам кучли таркибга эга эди. Аммо ўзаро учрашувларда ушбу жамоани мағлубиятга учратганимиз чемпионлик йўлидаги муҳим қадам бўлди. Мухлисларимиз олдида яна бир бор юзимиз ёруғ бўлганидан қувондик. Умид қиламанки, бундай муваффақиятларимиз яна давомли бўлади. “Локомотив”нинг ўзига яраша амбициялари бор. Мавсум бошида олдимизга учта вазифа қўйилганди. Булар – Осиё Чемпионлар лигаси, Ўзбекистон Кубоги ва чемпионати баҳслари эди. Гарчи иккита фронтда узоққа бора олмаган бўлсак-да, ўйлайманки, энг асосийси – бу чемпионликдир. Бу йил минимал бўладими ёки максималми, нима бўлганда ҳам вазифани бажардик. Ўзимга келадиган бўлсам, бунгача фақат футболчи сифатида чемпион бўлгандим ва ҳар бирининг ўзига яраша гашти бўлган. Бу сафар эса мураббийлар штабида ишладим ва бу борада озгина бўлса ҳам ўз ҳиссамни қўшганман деб ҳисоблайман. Лекин биринчи навбатда футболчиларга раҳмат айтиш керак. Чунки улар қийин йўлни босиб ўтишди. Қаердадир ўйин сифатимиз чиқмади ва омад юз ўгирди. Аммо жамоамиз охиригача курашгани эвазига яна чемпионликка эга чиқдик.
“Олтин очколар” “Пахтакор”нинг зиёнига, “Локо”нинг эса фойдасига ишлагани ҳақида
- Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, ҳақиқатан бу нарса ўз таъсирини кўрсатди. Агар очколар бўлинмаганида “Пахтакор” биздан олдинда бораётганди. “Олтин очколар” тизими ишга туширилгач эса вазият умуман бошқача кўриниш олди. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, бу регламент мавсум ўртасида ёки охирида эълон қилингани йўқ, чемпионат бошланмасидан олдин ҳаммага ошкор этилган. Мавсум ўртасига келиб очколар бўлиниши олдиндан аниқ эди. Ҳамма жамоа эса бу регламентга розилигини билдирган. Тўғри, “олтин очколар” бизнинг фойдамизга ишлади. Бу ҳам бежиз эмас. Негаки, тўғри йўналишда ишлаганимиз учун ҳам шундай бўлди. Регламент ҳақида энди ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ.
Кападзе ёшлар жамоаси бош мураббийи!
- Қачондир мураббий сифатида мустақил равишда ишлашим керак эди. Бошқа клублардан ҳам таклифлар бўлди. Лекин менга “Локомотив”нинг ёшлар жамоасини ишониб топширишди. Ўзим ҳам ҳеч бўлмаганда бир йил ёшлар билан ишлаш ҳақида ўйлаётгандим. Хабарингиз бўлса, бунгача мураббийлик ўқув-курсида ўқидим. Мураббий сифатида ўз устимда ишлаяпман. Бу борада ўзимнинг футболга бўлган қарашларим бор ва буларни албатта амалга татбиқ этишни истаётгандим. Умид қиламанки, ўйлаганларимни амалга ошира оламан. Бунгача миллий терма жамоада ҳам ишладим ва футболчиларни тўртта ўйинда бош мураббий сифатида бошлаб тушдим. Ўйлайманки, ўша учрашувларда уялиб қолмадик. Биласизми, миллий терма жамоада қисқа фурсат ишлаб, мураббийликни эплай олишимни тушуниб етдим. Чунки бунгача хавотирим бор эди. Ахир мураббийликда ҳали амалиёт ўтмагандим. Ҳар бир ўйин мураббийнинг хато ва камчиликларини кўрсатиб беради, бунинг устида ишлаш керак. Терма жамоа мен учун катта тажриба мактабини бажариб берди.
Купернинг тактикаси нима учун ёқмаяпти?
- Миллий терма жамоамизга ҳаммамиз қайғурамиз. Куперга келсак, охирги ўйинлар шуни кўрсатдики, унинг ҳимоявий тактикаси бизнинг футболга унчалик мос тушмаяпти. Бизнинг ўйинчиларимизнинг кучли тарафлари, тўп билан муомала қилиш ва техник-тактик жиҳатларини айтиш мумкин. Купер эса футболчиларимизнинг заиф томонларидан фойдаланяпти. Бу эса ўртоқлик учрашувларида ҳам билиняпти. Айниқса, Жанубий Кореяга қарши беллашувда кўп саволлар туғилди. Афсуски, бош мураббий йигитларимизнинг кучли жиҳатларидан фойдаланмаяпти. Натижада, улар Купернинг талабларини бажаришда ноқулайликларга дуч келишяпти. Ҳимоявий ўйин кўрсатиш учун биринчи навбатда жисмоний томондан кучли бўлиши керак. Футболчиларимиз эса бундай тактикада ўйнашга жисмонан ҳам, руҳан ҳам тайёр эмас. Тўғри, Осиё Кубогида қанчалик муваффақиятли иштирок этсак, бу ҳаммамиз учун ёқимли бўлади. Лекин бир жиҳатни ҳам унутмайликки, ушбу мусобақани гўёки катта бозорга ўхшатиш мумкин. У ерга кўплаб скаутлар келишади. Терма жамоамиз яхши қатнашса ва футболчиларимиз ўзларини кўрсатишса, харидорлар кўпайиб бораверади. Аммо ҳозиргидек ўйнаб туришса, унда ҳеч кимга керак бўлмай қолишади. Ҳимоявий ўйинни жуда яхши биламиз, керак бўлса, “автобус”ларни ҳам кўрдик. Лекин термамизнинг ҳозирги ўйинини унчалик тушунмаяпмиз. Ҳимоявий тактика қўлланиляпти-ю, аммо Ливан ҳам, Жанубий Корея ҳам кўплаб хавфли ҳужумлар уюштириб, имкониятларга эга бўлишяпти. Булар голга олиб келадиган ҳужумлардир. Ҳозирда футбол ўсиб боряпти. Анчадан бери ҳимоявий ўйин ўзини оқламаяпти. Жозе Моуриньо ҳам “автобус”лардан воз кечган. Эктор Купер футболчиларимизнинг кучли томонларидан ҳам фойдаланишини истайман. Масалан, терма жамоани тўртта учрашувда бошқарган бўлсам, таркиб ҳар хил бўлди. Менда вақт кам бўлган. Ўшанда йигитларимизнинг кучли томонларидан фойдаланганман. Агарда футболчиларимизнинг бажара олишмайдиган жиҳатларидан фойдаланадиган бўлсак, барибир улар бу ишни эплай олишмайди. Чунки уларни қўлидан келадиган нарсаларни талаб қилиш лозим. Кўпчилик футболчилар ҳалигача Вадим Абрамов бошқарган терма жамоамизни эслаб туришади. Футболчилар кўплаб мураббийлар билан ишлашган, бироқ Абрамов кўпроқ ёдларида қолган. Чунки у бизнинг кучли томонимиздан фойдаланишни билган. Шунинг учун Ўзбекистоннинг ўз ўйин услуби бор.
Осиё Кубогида терма жамоамиздан нимани кутиш мумкин?
- Афсуски, терма жамоамизда ўйин йўқ. Тўғри, ҳозирги ўртоқлик учрашувларидан ҳеч ким ҳисобот сўрамаяпти. Лекин Купер бошчилигида олтинчи ўйин ўтказилган бўлса, шу вақтгача терма жамоамиз ўйинида нимадир кўришимиз керак эди. Биз кўпроқ тўп билан муомалада бўлишимиз, рақибни имкон қадар тўпсиз қолдиришимиз лозим. Ҳаттоки, гарчи Уругвайга ютқазган бўлсак-да, бу усулни қўллай олдик. Балки Жанубий Кореяга қарши ўйиндан сўнг мураббий ҳам ўйланиб қолгандир ва энди бошқа жиҳатларга ҳам эътибор қаратар. Эктор Купер ўз тактикасини қўллаяпти, аммо унинг услубига бизнинг футболчиларимиз қанчалик мос тушиши эса бу ўйлантирадиган савол бўлиб чиқяпти.
Куперга маҳаллий ёрдамчи зарурмиди?
- Менинг фикримча ҳам унинг ёнида футболимизни яхши биладиган ўзимизнинг мутахассис бўлиши керак эди. У бош мураббийнинг ишига аралашмайди. Бироқ футболимиз ҳақида маълумотларни бериб турарди. Ахир мураббийлар штаби янги ва улар ҳаммасини нолдан бошлашди. Бундай пайтда эса ўзбек мураббийларидан кимдир футболчилар ҳақида керакли маълумотларни бериб турса яхши бўларди. Маҳаллий мураббийни тегса фақат ёрдами тегарди. Балки маҳаллий мураббий ёрдам беришини ўзи хоҳламагандир, очиғи бунинг сабабини мен ҳам тушунмадим. Масалан, мен йиллар давомида бирга ўйнаган ўзимизнинг футболчиларимизнинг имкониятларини яхши биламан. Агар мен терма жамоада ишлаётганимда Купер билан футболчиларимиз ўртасида кўприк вазифасини бажариб берган бўлардим. Лекин ҳеч ким Купернинг ишига аралашмаяпти, чунки натижага у жавоб беради. Аслида эса биз у қўллаётган услуб ва футболдан ўтганмиз. Тўпсиз югуриш бизнинг ўйинчиларимизга тўғри келмайди. Босиб ўтган йўлимизга яна қайтаётганимиз албатта хавотирли. Бу вазиятда бош мураббийни ёмонламоқчи эмасмиз. Албатта, у кўпни кўрган ва тажрибали мутахассис. Лекин футбол ўсяпти, олдингиси билан ҳозиргисини солиштириб бўлмайди. Ҳимоявий ўйнаб натижага эришаётган жамоани кўрмаяпман. Футболчилардан ўзлари учун ноқулай бўлган услубни талаб қилса, уларда нима айб? Агарда Купер бизнинг кучли томонларимиздан фойдаланмаса қийналиб қоламиз.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар