Тошкент жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади

Хабар бериб ўтганимиздек, айни пайтда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, мамлакат футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Жанубий Кореяда бўлиб турибди. МОҚ раҳбари сафар давомида Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раиси Аҳмаджон Раҳимов билан бирга бир неча муҳим учрашувларни ўтказди. Жумладан, Осиё таэквондо иттифоқи, таэквондони ривожлантириш халқаро фонди, шунингдек, Жанубий Корея футбол ассоциацияси, Жанубий Корея таэквондо ассоциацияси вакиллари билан музокаралар олиб борилди.

Навбатдаги учрашув Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунг Вон Чой билан ташкил этилди. Учрашувда Умид Аҳмаджонов ва Аҳмаджон Раҳимовга Ўзбекистон Республикасининг Жанубий Кореядаги фавқулотда ва мухтор элчиси Виталий Фен ҳам ҳамроҳлик қилди. Унда Аҳмаджонов Ўзбекистонда Токио 2020 Олимпиадасига мамлакат Президенти томонидан қабул қилинган фармон асосида, ҳар бир спорт турига алоҳида ёндошув билан кенг кўламда тайёргарлик олиб борилаётгани ҳақида гапириб берди. Шунингдек, Аҳмаджон Раҳимов Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раҳбари этиб сайланганидан сўнг амалга оширган ишлари, бундан кейинги режалари ҳақида маълум қилди.

Миллий олимпия қўмитаси президенти Бутунжаҳон таэквондо федерацияси раҳбаридан Ўзбекистон терма жамоаси учун малакали мураббий жалб қилиш бўйича амалий ёрдам сўради. Ўз навбатида, жаноб Чой бу борада, албатта, мамлакатимиз таэквондо ассоциациясини қўллаб-қувватлашини, шунингдек, ўзбекистонлик таэквондочилар учун ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш бўйича ҳам ёрдам беришга тайёр эканлигини айтиб ўтди. Томонлар Универсиадага тайёрланаётган кореялик таэквондочиларни Ўзбекистонда ўқув-машғулотлар олиб боришлари бўйича ҳам келишувга эришдилар.

Учрашувнинг энг аҳамиятли жиҳати шунда бўлдики, олиб борилган музокаралар натижасида 2019 йилги кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионати Тошкентда ўтказиладиган бўлди. Аввалроқ, мазкур чемпионат АҚШда ўтказилиши белгиланганди. Бироқ, учрашув давомида Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон ушбу мусобақани қабул қилишга ҳар томонлама тайёр эканлигини маълум қилди. Шу тариқа, 2019 йилда кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионати Ўзбекистонда ўтказиладиган бўлди.

Шунинг билан МОҚ раҳбарининг Жанубий Кореяга хизмат сафари якунланди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!