Умид Аҳмаджонов: Биз терма жамоани кучайтириш билан оввора бўлган пайтда, «Ўзбекнефтегаз» ташкилотининг қилаётган ишини қаранг

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов яқинда Москва сафаридан қайтиб келди. Маълумки, Россияда бошланган навбатдаги жаҳон чемпионатининг бошланиши арафасида Москвада ФИФА конгресси ўтказилди. Унда бир қатор муҳим масалалар кўтарилди. 2026 йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексиканинг қўшмезбонлиги остида ўтказиладиган бўлди. Ушбу конгрессда қатнашган Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги делегациямиз ҳам айнан ушбу АҚШ, Канада ва Мексика номзодига овоз беришган. Бундан ташқари, у ерда Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино билан ҳам учрашди ва яна бир қатор тадбирларда иштирок этди. Шунингдек, мундиалнинг очилиш учрашуви – Россия ҳамда Саудия Арабистони миллий терма жамоалари иштирокидаги ўйинни ҳам стадионда кузатдилар. Бир сўз билан айтганда, Москва сафари анча салмоқли тарзда ўтди. SPORTS.uz мухбири Шуҳратбек Жўраев Умид Муҳаммаджонович билан сафар таассуротлари ҳақида суҳбатлашди.

- Ўзингиз ҳам кўрган бўлсангиз, Москвада муҳим тадбирларда иштирок этиб қайтдик. Бизнинг асосий мақсадимизни ҳамма билади: миллий терма жамоамизни 2022 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқиш. Дунёда 210 та мамлакат ФИФАга аъзо ҳисобланса, ҳар бир давлат жаҳон чемпионатида қатнашишни орзу қилади. Бизнинг бугунги кундаги истак ва орзуларимизни эндиликда бутун дунё билади. Кўряпсиз, ФИФА ва ОФК билан халқаро алоқаларимиз мустаҳкамланиб боряпти. Айни пайтда уларнинг ўзбек футболига бўлган эътибори ва муносабати жуда ижобий кўринишда. Шунинг учун ҳам биз халқаро муносабатларни кучайтириб бормоқдамиз. Шунга яраша биз ҳам жимгина қараб турганимиз йўқ. Айни пайтда жуда катта кўламдаги ишлар амалга ошириляпти. Мана, миллий терма жамоамиз Сенегал, Марокаш, Уругвай сингари кучли терма жамоалар билан халқаро миқёсидаги ўртоқлик учрашувларида иштирок этяпти. Бу даражадаги ўртоқлик ўйинлари қандай ва қаердан келиб чиқяпти? Бундай ўйинларни ташкиллаштиришнинг ўзи бўладими? Буларнинг ҳаммаси ФИФАнинг ёрдами билан амалга ошириляпти. Масалан, Уругвай билан ўйин уюштириш осон масала эмас. Уларга қарши ўйин ўтказиш учун неча миллион доллар сўрашади? Хуллас, ўзбек футболи аста-секин жаҳонда ўз мавқеини мустаҳкамлаб боряпти. Бунинг учун болалар футболига ҳам жиддий эътибор қаратилаётганини кўриб турибсиз. Албатта, жаҳон чемпионатидаги очилиш учрашувидан катта таассуротлар олдик. Ўзбекистонга ҳам у ердаги терма жамоаларнинг йўлини берсин. Биз қандай мақсад сари меҳнат қилаётганимизни жуда яхши тушуниб турибмиз. Муҳими, ҳозирги ижобий ўзгаришлар албатта ўз самарасини бермасдан қолмайди. ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашганимизда ҳам футболимиздаги ўзгаришларга жуда ижобий баҳо берди. Мундиал иштирокчисига айлана олсак, қилаётган меҳнатларимиз ўз самарасини бераётган бўлади-да.

Яна бир муҳим масала бор. Ўзбекистон чемпионатида Суперлига ташкил этилганидан кейин дарҳақиқат ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. ЎФА ҳамда ПФЛ клубларга жиддий талабларни қўя бошлади. Шунга мос равишда ишга бўлган муносабат чинакамига профессионал даражада кўриниш олмоқда. Лекин ечимини топмаётган муаммолар ҳам бор. Айниқса, охирги пайтларда “Насаф”, “Бунёдкор” сингари жамоалар атрофидаги гап-сўзлар ҳеч кимнинг эътиборидан четда қолмаяпти. Мазкур клубларда юзага келган молиявий муаммолар борган сари жиддий тус олиб боряпти. Уларга ЎФА томонидан ҳам ёрдам кўрсатиладими? Умуман олганда, ушбу ҳолат юзасидан Умид Аҳмаджоновга мурожаат қилганимизда муаммонинг асл моҳияти хусусида кескин ва очиқ гапирди.

- “Насаф”, “Бухоро”, “Бунёдкор” каби жамоаларга “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ҳомийлик қилади. Аммо бугунги кунга келиб бу клубларда молиявий томондан муаммолар кўзга ташланяпти. Нима учун бундай бўляпти? Ёки “Ўзбекнефтгаз” компанияси буни атайин қиляптими? Эътибор беринг, биз тун-у, кун терма жамоаларимизни, болалар футболини кучайтириш учун меҳнат қиляпмиз, изланяпмиз. Терма жамоаларимиз қачон кучли бўлади? Қачонки, клубларимиз кучли бўлса, шундагина терма жамоаларимиз ҳам кучайиб боради. Лекин бугунги кунда кўп жамоаларимиз молиявий томондан қийналишяпти. Менинг бундан хабарим бор. Биз клублар учун йиллик бюджетни 25 миллиард сўм этиб белгилаганмиз. Аммо “Ўзбекнефтгаз” компанияси раҳбарларининг қилаётган ишларига қаранг, улар бу суммани бирданига 10 миллиардга тушириб, фақат шу пулни жамоаларга беришмоқчи. Ваҳолани, бу халқнинг пуллари. Мана, масалан футбол ватани ҳисобланган “Қўқон-1912” клубини олайлик. Қачон қарама, улар ҳам ундан ёки бундан пул сўрашади. Бундай клубларга алоҳида ҳомийларни бириктириш зарур. Лекин биз мавжуд муаммонинг ечимини ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. БАА ёки Қатар клубларининг бюджети қанча биласизми? Жуда салмоқли. Биз тезроқ клубларимизни кучайтирмасак бўлмайди. Тинмай жаҳон чемпионатига чиқамиз деб айтяпмиз-у, аммо мана бундай муаммолар бўлиб турса, эртага терма жамоаларимизни қандай қилиб ўзимиз истаган даражада шакллантира оламиз? Ахир халқимиз яна қачонгача футболимизнинг равнақини кутиши керак? Бизнинг қилаётган ишларимиз халқимизнинг ишончини қозониш, уларнинг футболимизга бўлган умидини оширишга қаратилган. Бунинг учун эса ички чемпионатимизни кучайтириш учун олдинга қадам ташладик. Аммо юқоридаги каби юзага келаётган муаммолар албатта ёқимсиз. Биз ҳаммамиз ўзбек футболини кучайтириш учун бир ёқадан бош чиқариб ишламасак бўлмайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!