Уммонга қарши ўйинда терма жамоамизни камида 500дан ортиқ ўзбекистонлик мухлислар қўллаб-қувватлайди
Айни дақиқаларда Остона аэропортида бўлиб турган мухлислар ҳам кўтаринки кайфиятда терма жамоамизни олқишлаш учун тайёргарлик кўришмоқда. Ўзига хос куй-қўшиқлар билан хурсандчиликларни бошлаб юборишган. Қайси мухлис билан гаплашмайлик, ҳаммаси миллий терма жамоамиздан фақат чемпионликни кутишаётганини изҳор этишмоқда. Ўзбекистон футбол ассоциациясининг мухлислар билан ишлаш бўлими етакчиси Отабек Одилов биз билан суҳбат чоғида футболчиларимизни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида тайёргарлик кўришаётганини ва энг муҳими жамоамиздан фақат чемпионликни кутишаётганини алоҳида таъкидлади.
- Албатта, мухлислар томонидан ушбу мусобақага олдиндан катта тайёргарлик кўрилди ва Осиё Кубогини катта қизиқиш билан кутдик, - дейди биз билан суҳбатда Отабек Одилов. - Ниҳоят, биз кутган кунлар ҳам етиб келди. Ўзбекистон терма жамоасининг фан-клуб аъзолари тезроқ Дубайга етиб боришни интиқлик билан кутиб ўтирибмиз. Ҳозирги хурсандчиликларимиз ичимизга сиғмаяпти. Тезроқ терма жамоамиз билан учрашиш ва футболчиларимизга юқори кайфият улашишни хоҳлаяпмиз. Шу ернинг ўзидан ҳам унумли фойдаланиб керак бўлса ўйинчиларимизни руҳлантириш учун видеомурожаатлар қиляпмиз. Ҳозирдан қўлимиздан келадиган барча қўллаб-қувватлашларни амалга оширяпмиз. Кўриб турибсиз, Осиё Кубогида кутилмаган натижалар бўлмоқда. Лекин терма жамоамиз ғалаба қозонса буни асло кутилмаган натижа деб бўлмайди. Рости, биз мухлислар жамоамиздан фақат чемпионликни кутяпмиз.
- Режаларимиз катта. Терма жамоамиз иштирок этадиган стадионларга мухлисларимизнинг ташрифи кўпайиши кутилмоқда. Махсус секторларда мухлисларимиз учун терма жамоамизни ўзига хос тарзда қўллаб-қувватлаш учун шарфлар, футболка ва атрибутикалар билан таъминламоқчимиз. Катта-катта байроқларни олиб келдик. Махсус қўшиқлар куйлаймиз, хуллас албатта янгиликлар бўлади. Ўйин чоғида стадионда европача муҳитни яратмоқчимиз. Ўйлайманки, бу стадионда чиройли муҳитни юзага келтиради.
- Биринчи ўйинда камида 500 нафардан зиёд ўзбекистонлик ишқибозларнинг қўллаб-қувватлаши кутилмоқда. Қолаверса, БААнинг ўзида ишлаётган, ўқиётган юртдошларимиз ҳам кўп ва улар ҳам ўйинларни сабрсизлик билан кутишяпти.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар