
“Uzreport” ва “Futbol TV” телеканаллари УЕФА Суперкубоги учун ўйинни намойиш этади
Европа футбол мавсумининг якуний баҳси 15 август куни Эстония пойтахти Таллин шаҳрида бўлиб ўтади. Ўйин “Uzreport” ва “Futbol TV” телеканалларида жонли эфирда узатилади.
Бу йил соврин учун Мадриднинг “Реал” ва “Атлетико” клублари курашишади. Қизиғи, Суперкубок финалида илк бор бир шаҳардан келган жамоалар тўқнаш келмоқда. Ушбу ўйинда иштирок этиш учун "Реал Мадрид" жамоаси Чемпионлар лигаси финалида “Ливерпул”ни (3:1, Олимпия МСК, Киев, Украина) мағлубиятга учратди. Ўз навбатида “Атлетико” Европа Лигаси финалида “Олимпик Марсел” (3:0, Парк Олимпик Лионне, Лион, Франция) устидан ғалаба қозонди.
Сўнгги икки йилда Суперкубокни “Реал” қўлга киритди. Агар у бу йил ҳам ғалаба қозонса, “Реал” кетма-кет уч марта Суперкубок ғолиби бўлган биринчи клуб бўлиши мумкин. Ўтган мавсумда улар “Манчестер Юнайтед”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратишган эди.
“Атлетико” “Реал Мадрид”га қарши финал баҳсларининг муваффақиятсиз натижаларига қарамай, Европа Суперкубогида 100 фоиз ғалабалар тарихига эга: 2010-йили жамоа “Интер”ни 2:0 ва 2012-йили “Челси”ни 4:1 ҳисоби билан мағлубиятга учратган эди.
Фикрлар