Водийда "Водий тулпорлари" от спорти мажмуаси иш бошлади (фото)
Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослашган “Водий тулпорлари” мажмуаси очилди.
Мамлакатимизда йилқичиликни ривожлантириш, зотдор отларни етиштириш ва парваришлаш, от спорти тузилмаларини зарур восита ва анжомлар билан таъминлаш, янги авлод чавандозларини шакллантириш, аҳолини, айниқса, ёшларни от спортига жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 июндаги «Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
– Мамлакатимизда йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши бежиз эмас, – дейди Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси ўринбосари Элдор Анорбоев. – Мутахассисларнинг қайд этишича, қорабайир зотли отлар устидаги дастлабки селекция ишлари бундан уч ярим минг йил аввал қадимги Фарғона водийси ва Жиззах воҳасида бир пайтнинг ўзида олиб борилган. Кўҳна Хитой ёзма манбалари ва мамлакатимизнинг турли мавзеларидан топиб ўрганилган қоятош суратлари – петроглифлар қорабайир зотининг ёши уч минг йилдан зиёд эканлигини амалда исботлайди. Фарғона водийсида топилган тошсуратларда эрамиздан уч минг йил аввал йилқичи аждодларимиз қорабайир зотли отларнинг суратини чизганлиги замонамиз олимларининг тадқиқотларида исботланган.
Бугунги кунда ҳудудларда ҳам мазкур соҳа ривожи йўлида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қувасой шаҳрида “Кварц” акциядорлик жамияти томонидан 2,5 гектар ҳудудда қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослаштирилган мазкур мажмуа ташкил этилди. Бу маскан ташқи ва ички бозорни наслли отлар билан таъминлаш билан бирга ўзбек от спортининг жаҳонда етакчи ўринга чиқишида пойдевор вазифасини ўтайди. Шунингдек, йилқичиликда турли иновацион ғоялар ва ишланмаларни амалиётга жорий этишда муҳим база бўлиб хизмат қилади.
Бу ерда миллий ифтихоримиз ҳисобланган қорабайир зотли отларнинг наслини яхшилаш, сонини кўпайтириш, миллий ва классик спорт турларига мос йўналишларини йўлга қўйиш ишлари олиб борилади. Мажмуада отларнинг кўргазмали чиқишларини намойиш этиш ва спорт мусобақаларини ўтказиш учун 180 ўринга мўлжалланган томоша майдони қурилган. Шунингдек, бу ерда отбоқарларни ўқитиш курслари, иппотреапия (от билан даволаш) маркази ташкил этилади ҳамда сайёҳлар учун туризм йўналишида отларда сайр қилиш хизматлари йўлга қўйилади.
Мажмуанинг очилиш маросими катта шодиёнага айланди. Унда от спорти бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
P.S. Манба:uza.uz. Фотоларни Муқимжон ҚОДИРОВ олган.
Фикрлар