Хитойдаги ғолиблик, бош мураббийлик масаласи ва “Бухоро” ҳақида... Ёхуд Жамшид Саидов билан мулоқот

Яқинда Ўзбекистон U-21 терма жамоаси Хитойдаги халқаро мусобақада иштирок этиб 1-ўринни эгаллаган ҳолда турнир ғолибига айланганди. Бу эса бизда итқидорли футболчилар кўплигидан далолат беради. Қолаверса, мураббийларнинг ҳам салмоқли меҳнатларини эътиборга олиш лозим. Аммо ўша мусобақада бироз тушунарсиз ҳолат ҳам кузатилганди. Яъни, аввалига ушбу терма жамоамиз бош мураббийи сифатида Суннат Абдурасулов қайд этилганди, кейин эса Жамшид Саидов бош мураббий ролида кўрсатила бошланди. Ҳозирда “Локомотив” футбол мактаби директори бўлиб ишлаётган Саидов билан боғланганимизда у бир қатор масалалар хусусида фикр билдирар экан, аввало юқоридаги вазият юзасидан ойдинлик киритиб ўтди.

“Хитойдаги мусобақа учун мени бош мураббий этиб тайинлашган”

- Биласизми, мени U-21 терма жамоасида ишлаётганимни кўпчилик билмасди. Суннат Абдурасулов Вьетнамдаги мусобақага жамоани ўзи олиб кетганди. Хитойдаги турнирда эса у менга ёрдамчи бўлди. Рости, бунгача Дилшод Нуралиев билан бирга йиғинни бошлагандик. Аммо кейинчалик Нуралиевни ишдан олиб ташлашди. Бунга нима сабаб бўлгани эса менга қоронғу. Мен эса ушбу жамоада аслида жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишлаётгандим. Шу боис Суннатнинг ўзи жамоага бош бўлиб Вьетнамга олиб кетди. Билсангиз, мен “Локомотив” футбол клуби директори бўлиб ҳам ишлайман ва у ерда шунингдек, катта мураббий сифатида ҳам фаолият олиб бораман. Суннат эса ўша ерда менинг қўл остимда ишлайди. Вьетнамга деярли янги жамоа билан бориб келгандик. Кейин эса U-21 термасига мени бош мураббий этиб тайинлашди. Ҳайриятки, Хитойдаги мусобақадан ёруғ юз билан қайтдик ва 1-ўринни олдик. Биринчи учрашувда Тожикистонни 1:0 ҳисобида мағлуб этдик. Кейин Мьянма термасини 2:0 ҳисобида енгдик. Учинчи беллашувда мезбон – Хитой билан дуранг ўйнадик. Очколар бўйича биз 1-ўринни эгалладик. Хитойликлар эса илк турда Мьянмани ютишди. Кейин Тожикистон ва биз билан дуранг қайд этишди. Шу тариқа уларда 5 очко ва биз 7 очко билан мусобақа ғолибига айландик. Хуллас, у ерда бирорта учрашувда ютқазганимиз йўқ. У ерга асосан 1997-98-99 йилларда туғилган футболчилардан саралаб олиб кетгандик.

“Терма жамоада ишлаш – бу мураббийларнинг орзуси”

- Терма жамоада июлдан иш бошладик. Шунчаки, ассоциация мени тасдиқлаганидан кейин бу борада ҳеч кимга интервью бермагандим. Агарда кимгадир бу ҳақида хабар берганимда шу заҳотиёқ ушбу маълумот тарқаб кетарди. Биз мусобақага тайёрланиб кетаётганимиз учун бор эътиборимизни Хитойга қаратдик. Шундан кейин мен ҳақимда хабар берасизлар, унгача тўхтаб турайлик деб айтгандим. Лекин тан оламан, терма жамоада иш бошлашим ўзим учун кутилмаган бўлди. Аммо ҳар қандай мутахассис терма жамоада ишлашни хоҳлайди. Менда ҳам бу борада мақсадларим бор эди. Ёшлар, олимпия, миллий терма жамоаларда фаолият кўрсатиш бу – орзу. Шундай экан, мақсадларимдан бири амалга ошганидан хурсанд бўлдим.

“Локомотив”даги фаолиятим яхши кечмоқда”

- “Локомотив” футбол мактабида ишлаётганимга бир йил бўлди. “Бухоро”дан кетганимдан кейин маълум вақт дам олиб, кейин яна иш бошладим. Шунчаки, ўзим бу ҳақида ҳеч кимга айтганим йўқ. Аслида эса “Бухоро”дан кетишим биланоқ менга таклифлар бор эди, фақат биринчи лигадан. Лекин мен доимий яшаш учун Тошкентга оилам билан бирга кўчиб келгандим. Худога шукр, “Локомотив”даги ишимиз яхши кетяпти. Фақат майдон масаласи бироз муаммоли бўлиб турибди. Умуман олганда эса раҳбарлар томонидан шароитлар яратиб бериляпти.

“Олимпия терма жамоамиз тайёргарликни тезроқ бошлаши керак”

- Хизматларим яна терма жамоаларимиз учун керак бўлса, доимо ишлашга тайёрман. Яқинда Миржалол Қосимовни олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлашди. Лекин куни кеча ушбу жамоага хориждан мураббий келиши мумкинлиги ҳақида эшитдим. Лекин тезроқ тайёргарликни бошлаш керак. Чунк келаси йилнинг февраль-март ойларида саралаш баҳслари бошланади. Боз устига саралаш босқичи Тошкентда ўтказилади. Осиё чемпионати эса Таиландда бўлади ва у ерда дастлабки учталикка кирган терма жамоалар Олимпиадага йўлланмани қўлга киритишади. Ваҳоланки, Осиё қитъасида рақобат ва кураш жуда катта. Япония, Жанубия Корея, Австралия, Эрон, Саудия Арабистони...Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам бизда имконият бор.

“Бухоро” яна қачон 4-ўринни оларкин, буни Худо билади”

- Албатта, “Бухоро” ва яна бошқа жамоаларнинг ўйинларини кузатяпман. Бироқ уларни батафсил кўргани вақтим йўқ. Лекин интернет орқали маълумотларни эшитиб тураман. Лекин “Бухоро”даги ҳозирги вазиятни кўриш ачинарли. “Навбаҳор”га эса қойил. Улар совринли ўринлар учун жиддий курашишяпти. Бу орқали Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш имконияти уларда бор. Ҳеч бўлмаганда плей-офф учун курашда қатнашишлари мумкин. Лекин “Бухоро”да самарали меҳнат қилиб, кейин у ердан кетганимиз ёқимсиз бўлганди. Чунки келаси йил учун яхшигина пойдеворни ҳозирлаб қўйгандик. Лекин бу – футбол. Бухоро халқи футболни жуда ёқтиради. Аммо айни пайтда у ерда пул йўқ. Жамоа эса 6-ўринда боряпти. Ўтган йили ҳам ушбу поғонани эгаллашганди. Биз эса 4-ўринни банд этгандик. “Бухоро” яна қачон 4-ўринни оларкин, энди Худо билади. Биласизми, “Бухоро” жамоаси бунгача 22 йил давомида 4-ўринни қўлга киритмаганди. Биз эса максимал даражада ишлагандик. 2015 йили жамоани сақлаб қолган ҳолда келаси йилга кўтарилишга эришгандик. Аслида эса жамоани шаклланиши учун уч йилга вақт бериш керак. Мана, “Пахтакор” ҳам энди-энди ўз кучини кўрсатяпти. Шота Арвеладзе ҳам биринчи йили ишлаганда қийналди-ку. Масалан, Эктор Куперга ҳам вақт берилган. У келиб 15 ёки 20 кундан кейин терма жамоа ютишни бошламайди-ку. Буни ҳам тўғри тушуниш керак. Ҳар қандай жамоага вақт керак бўлади. Ачинарлиси, биз “Бухоро” билан 4-ўринни эгаллаганимиздан сўнг келаси мавсум учун чемпионлик пойгасида курашиш мақсади қўйилаётганди. Аммо кейинчалик бирданига бизни ишдан олиб ташлашди. Мураббийнинг иши шунақа экан-да.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!