"Мураббийлар штаби европаликлардан ташкил топади, таркиб ўзаги сақлаб қолинади" - "Нефтчи" янги бош мураббийи Ислом Исмоилов иштирокида матбуот анжумани
Хабарингиз бор, жорий мавсум якунидан сўнг "Нефтчи" ПФКга Исломбек Исмоилов бош мураббий этиб тайинланди. Шу муносабат билан бугун клуб матбуот хизмати томонидан ОАВ вакиллари учун янги мавсум олдидан матбуот анжумани ташкиланди.
Матбуот анжаманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.
- Аваламбор, биринчи навбатда бой тарихга эга, катта армияга эга муҳлислари бор клубни бошқаришни менга ишониб топширишганлиги учун клуб раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Фаолиятимда "Нефтчи" мен учун янги чақирув, янги босқич , катта ишонч ва шу билан биргаликда катта маъсулият ҳамдир. Асосий мақсадларимдан бири мухлислар меҳрини қозониш ҳамда "Нефтчи" жамоасини янги босқичга олиб чиқиш учун бор кучим билан ҳаракат қилишдир. Булар осонгина ҳал бўлмайди, лекин биз бу йўлда биргаликда жамоа, мухлислар барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим.
- Авваламбор сизни "Нефтчи" жамоасида кўриб турганимиздан хурсандмиз, жорий мавсумда жамоа узоқ кутилган чемпионликни қўлга киритди. Мавсум олдидан режалар қандай?
- Биринчи навбатда чемпионликни муносиб ҳимоя қилиш, Элит Осиё чемпионлар лигаси мусобақасида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиш, шунингдек Фарғона вилояти ҳокимининг ёшларга бераётган эътибори мисолида "Нефтчи" жамоаси академияси ўз фаолиятини бошлади. Академия Ўзбекистондаги энг илғор академиялардан бири бўлиши кўзда тутилмоқда. Келгусида аста секинлик билан жамоа фалсафасини, ўйин услубини ёшларга таянадиган жамоага айлантириш мақсадидамиз. Шу билан биргаликда тажрибали футболчилар орқали ёшларга ўрнак ва майдонда ўрганишлари лозим бўлган жиҳатларни олишлари учун тажрибали футболчиларни ўрни ҳам жамоада муҳим ҳисобланади.
- Жамоамизни 2026 йилда қандай тактик услубда кўрамиз?
- Биринчи навбатда ҳужумкор футболни тарғиб қиламиз. Лекин доимий равишда ҳужумкор футбол ўйнашни имкони ҳам йўқ, асосий мақсадимиз мухлисларга манзур бўладиган чиройли ва сифатли футбол намойиш этиш.
- Янги мавсум олдидан жамоа режалари ҳақида маълумот берсангиз?
- Мавсум олдидан жамоамиз янги йилнинг 5 январь санасида Туркиянинг Анталия шаҳрига ўқув йиғин машғулотларини ўтказиш учун жўнаб кетади. У ерда назорат учрашувларида майдонга чиқиш ҳам кўзда тутилган. Ўқув йиғин машғулотлари 15 февралда тугайди ва юртимизга қайтиб келамиз. Умуман олганда, янги мавсумга юқори даражада тайёргарлик кўриш назарда тутилган.
- Сизни бош мураббий лавозимида кўриб турганимиздан хурсандмиз. Ўьтган мавсумда жамоа нисбатан ҳимоявий футбол ўйнагандек кўринганди. Янги мавсумда ҳужумкор футбол кўришимиз мумкинми?
- Шу ўринда жамоанинг собиқ бош мураббийи Виталий Левченкога яна бир бор миннатдорчилик билдираман. Ҳар бир мураббийнинг футболда ўзининг қарашлари ва ўйин услуби бўлади. Кимдир ҳужумкор, кимдир ҳимоявий футболни хуш кўради. Менинг фалсафам айтиб ўтганимдек, ҳимояни эсдан чиқармаган ҳолда ҳужумкор футболни тарғиб қилишдир.
- Шу саволга қўшимча қиламан, биламиз Виталий Левченко 3-5-2 тактикасида футбол ўйнар эди. Агар ушбу мавсумда жамоа ўзаги сақланиб қолинса, сизнинг тактик услубингизга футболчилар мослашиши ҳақида қандай фикрдасиз?
- Албатта, жамоадаги футболчилар ўз ишини устаси ва профессионаллар ҳисобланади. Улар исталган схема ва тактикада футбол ўйнай олишади. Ўйлайманки, футболчилар билан мослашишда муаммо бўлмайди.
- Кеча клуб матбуот хизмати томонидан Ханс-Юрген Геде ёрдамчингизга айлангани ҳақида хабар берилди. Мураббийлар штаби ҳақида қўшимча маълумот берсангиз?
- Кеча германиялик мутахассис Ханс-Юрген Геде билан шартнома имзоланди. Шунингдек, режага кўра мураббийлар штаби асосан Европа мамлакатларидан жалб қилинади. Бунга сабаб, жамоа келажакда замонавий ва сифатли футбол кўрсатиши инобатга олинмоқда. Бунинг учун албатта вилоят раҳбарига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- Футболда шахсий қобилият (инстинг, сезгирлик) ёки аналитика. Қайси бирига кўпроқ ишонасиз?
- Ҳар иккиси ҳам футболда муҳим жиҳатдир. Футболни инсонлар ўйнайди, роботлар эмас. Учрашув пайтида асосан биринчи ўринда таҳлил қилинади. Янги мавсумда бунга катта эътибор қаратамиз. Ўйинни ривожлантириш бўйича айтиб ўтганимдек, Европадан мутахассислар жалб қилинади. Лекин қаердадир инсон ўйин ҳолатидан келиб чиқиб вазиятни ўзида ҳис қилиши керак. Кўпроқ аналитикага ҳам қулоқ тутиш замонавий футболни қонуни ҳисобланади.
- Ёшлар жамоаси янги мавсумда сизнинг иш режангизда борми? Уларни янги мавсум учун режалари қандай?
- Ҳозирдан янги мавсум учун ишлар бошлаб юборилган ва ёшларга катта эътибор қаратилади. Машғулотларга ёш футболчилар жалб қилиш бўйича босқичма-босқич режалар тузилган. Асосий мақсадларимиздан бири, иқтидорли футболчиларни катта футболга олиб кириш ҳисобланади. Бу катта меҳнат талаб қилади. Ўйлайманки, яқин йилларда жамоамиз таркибида бир нечта ёш футболчилар юлдуз бўлиб порлашига бор кучимизни ишга соламиз.
- Айни вақтда футболда стандарт вазиятлар натижа олиб келиш учун асосий қуролга айланмоқда. Саволим шуки, мураббийлар штабида айнан шу жиҳатларга эътибор берадиган мутахассисни кўрамизми?
- Ҳозирга келиб ёрдамчи мураббий штабга жалб қилинди. Олдимизда иккита масала қолди. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий ва дарвозабонлар мураббийи. Бу борада керакли мутахассислар билан боғланганмиз. Барчасини йўлга қўйиб олсак албатта, сиз айтгандек ҳар бир деталларни ўрганиб чиқамиз. Жамоамиз учун муносиб мутахассис зарур деб топилса албатта, шундай мутахассисни жамоага таклиф қиламиз.
Мураббий ва мутахассисларнинг барчаси Европадан келиши кўзда тутилган.
- Жамоага келганингиздан сўнг биринчи навбатда ишни нимадан бошладингиз?
- Аввало тайёргарлик кўриш режалари устида ишладик. Жамоанинг ўзаги сақланиб қолинади. Жамоа аллақачон шаклланган. Футболчиларга ишонч билдирамиз ва шу билан бирга ёш футболчиларни ҳам тарбиялашга катта эътибор қаратамиз.
- Олдинда Элит лига мусобақаси турибди. Жамоа таркиби кучайтириладими?
- Элит лига учун тайёргарлик бошланган. Жамоа таркибига келсак, ҳозирги чемпион таркибда жуда катта потенциал бор. Уларга ишонч билдирилса, ўйин услуби тўғри йўлга қўйилса катта салоҳиятга эга футболчиларимиз Элит лигада нималарга қодирлигини кўрсата олади.
- Селекция жараёнига кеч қолмаябмизми?
- Селекция ишлари амалга оширилмоқда. Барча музокаралар якунига етса жамоа матбуот хизмати томонидан эълон қилинади.
- Янги мавсумдаги интрига ҳақида нима дея оласиз?
- "Нефтчи" жамоасининг янги мавсум учун режалари бор. Биз ҳеч қайси жамоадан қўрқмаймиз ва умид қиламизки мухлислар далдаси билан чиройли ғалабаларга эришиб, уларни хурсанд қиламиз.
- 2026 йилда Исломбек Исмоилов "Истиқлол" стадионига келадиган мухлислардан нима кутмоқда?
- Жорий мавсумда мухлисларимиз статистик жиҳатидан ҳам, мухлислик этикаси томонидан ҳам мамлакатимизда етакчи бўла олишди. Янги мавсумда ҳам бундан-да юқори даражани кутамиз. Хабарим бор, мухлисларимиз янги мавсум учун тайёргарликларни бошлаб юборишди. Ўйлайманки, улар бу йилгидан-да, кўпроқ жамоани қўллаб-қувватлашади ва жамоамиз ҳам шунга муносиб равишда мухлисларини хурсанд қилишга бор куч ғайратини ишга солади.



Фикрлар