Хоккей бўйича Ўзбекистон чемпионати старт олди

Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ўтаётган мазкур мусобақани очиб бериш учун МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов сўзга чиқди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.

"Бугун ўзбек спорти учун тарихий кун десак муболаға бўлмайди. Мустақил Ўзбекистон тарихида хоккей бўйича биринчи мамлакат чемпионати старт олмоқда.

Айни пайтда давлатимиз раҳбари, муҳтарам Шавкат Миромонович томонларидан қишки спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Марказий Осиёда ягона бўлган «Ҳумо» муз саройининг очилиш маросимига ҳам оз вақт қолмоқда. Ушбу аренанинг фойдаланишга топширилиши юртимизда қишки спорт турларининг тараққиётига катта туртки бўлиши шубҳасиз.

Фурсатдан фойдаланиб Ўзбекистон чемпионатининг барча иштирокчиларига омад тилайман. Мусобақада кучлилар ғалаба қозонсин. Ишонаманки, хоккей юртимизда ҳам ривожланиб, яқин йилларда спортчиларимиз халқаро майдонларда ҳам ўз сўзларини айта олишади.

Хоккей бўйича Ўзбекистон биринчи чемпионатини очиқ деб эълон қиламан", – деди МОҚ президенти.

Шундан сўнг тадбир меҳмонлари учун кўргазмали чиқишлар тақдим этилди. Сўнгра Ўзбекистон чемпионати иштирокчилари музга чиқиб келишди.

Мунтазам чемпионат 17 март куни якунланади. 20 мартдан бошлаб эса икки раунддан иборат плей-офф баҳслари бошланади. Унда ўйинлар учта ғалабагача ўтказилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон хоккей федерацияси 2018 йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат рўйхатидан ўтказилган.

Мусобақа натижалари билан сайтимиз орқали танишиб бориш имконига эгасиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!