Яккакурашни етти усулини биладиган 9 ёшли Камронни “катта жангга” таклиф этишди

 

Ўзбекистон полвонлар юрти. Ота-боболаримиз азалдан ўғил боланинг кураш тушиш, от чоптириш, сузиш каби машғулотларни пухта эгаллашига алоҳида эътибор бериб келганлар. Бугунги кунда эса болалар замонавий спорт турлари билан шуғулланишади. Айниқса, ўғил болалар ўртасида яккакурашларга бўлган қизиқиш жуда катта.

9 ёшли Камрон Ҳусанов ҳам соғлом бўлиб вояга етиш учун яккакураш билан шуғуллана бошлаганига тўрт йил бўлди. Ҳозир бу бола ўз олдига юксак мақсадларни қўйган истеъдодли спортчига айланди.

Камрон кўринишдан оддий бола, бошқалардан фарқ қилмайди. Мактабга боради, яхши ўқийди, спорт билан шуғулланади. Лекин Камрон кичик ёшда бўлишига қарамай яккакураш турларидан бир нечтаси – муайтай, ушу санда, қўл жанги, кикбоксинг, аралаш жанг санъатлари, комбат-айкидо ва жанговар самбо билан шуғулланиб, шу спорт турлари бўйича муайян ютуқларни қўлга киритиб келмоқда.

Камрон билан яқиндан танишиш мақсадида SPORTS.uz фотомухбири Шаҳобиддин Ортиқов билан у шуғулланаётган Зангиотадаги спорт тўгарагига бордик ва уни суҳбатга тортдик.

- Камрон, спорт билан қачондан шуғулланасан?

- Беш ёшимдан. Дадам шуғуллантирадилар.

- Спорт ўқишга таъсир қилмайдими?

- Йўқ, яхши ўқийман. Ишонмасангиз фанлардан савол бериб кўринг.

Одатда, болаларга математика қийинчилик туғдиради. Шунга Камрондан карра жадвалини сўрадим. Кейин мураккаброқ ҳисоб-китобга ўтдик. Саволларга тўғри жавоб берди. Инглиз ва рус тилидан сўрадим. Ўзининг ёшига нисбатан дадил жавоб берди.

- Инглиз тилини яхши ўрганаётган экансан-ку...

- Мен спортчи бўлсам келажакда чет элдаги мусобақаларда қатнашаман. Шунинг учун дадам инглиз тилини пухта ўрганишинг керак, деб тайинлайдилар. Дарс қилишимга шароит яратиб берганлар. Ўзлари дарсларимни қаттиқ текширадилар.

Суҳбатни Камроннинг дадаси Бахтиёр Авлиёев билан давом эттирдик.

- Бахтиёр болага шунча спорт тури ва мактаб оғирлик қилмайдими?

- Ўзим спортчи бўлганим учун фарзандимни шу йўлга йўналтирдим. Агар машғулотлар тўғри олиб борилса, дам олиш ва тикланиш учун етарли вақт ажратилса, ҳар бир ишни пухта ўйланган режа асосида ташкиллаштирилса болага оғирлик қилмайди. Спортга, ўқишга ва дам олишга етарлича вақт ажратиш даркор. Тўғри, бу кимларгадир жуда мураккаб кўриниши мумкин. Лекин бола соатлаб телевизор қаршисида ўтирмаса, компьютердаги ўйинлар билан чалғимаса, смартфонга “шўнғиб” кетмаса, спортга ҳам ўқишга ҳам улгуради. Дам олишга ҳам вақти етади.

- Камрон қайси мусобақаларда қатнашди?

- Камрон асли муайтай билан шуғулланади. Ўзим шу спорт тури бўйича мураббийман. Муайтай яккакурашнинг бошқа турларини тез ўзлаштириш имконини ҳам беради. Чунки унда бошқа спорт турларида қўлланиладиган элементлар ва усуллар кўп. Ўғлим шу кунгача муайтай, ушу санда, қўл жанги, кикбоксинг, аралаш жанг санъатлари, комбат-айкидо ва самбо бўйича ташкил этилган республика миқёсидаги мусобақаларда ғолиб бўлди.

2016 йилнинг август ойида Бухорода ҳавасколар ўртасида муайтайнинг К-1 йўналиши бўйича Осиё очиқ биринчилигида олтин медални қўлга киритди. Ундан олдин шу йўналишда Россияда ўтказилган “EUROASIA Cup-2016” халқаро турнирда ҳам биринчи ўринни қўлга киритган эди. Кейин Таиландда муайтай бўйича халқаро турнирда ғолиб чиқди.

- Бошқа йўналишлардаги ютуқлари қандай?

- Ўғлим шуғулланиб келаётган спорт турларидан Республика биринчиликлари, халқаро ва ички турнирларда ғолиб чиққан. Жорий йилнинг бошида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ушу санда бўйича ўтказилган нуфузли мусобақа – “Dubai international championship – 2017” чемпионатида иштирок этди.

Бу юқори нуфузли мусобақа бўлиб, унда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан истеъдодли ёшлар ғолиблиу учун ку синашди. Камрон ўз вазн тоифасида барча рақибларини енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

- Ғалабалар билан табриклаймиз. Олдиндаги режалар ҳақида гапириб берсангиз.

- Табрик учун раҳмат. Айни пайтда яккакураш турлари бўйича халқаро миқёсидаги мусобақаларга таклифлар келяпти. Албатта бизни чақирган барча турнирларга боришнинг имкони йўқ. Энг нуфузлиларини танлаб шуларда қатнашамиз.

Ҳозир Камрон Россиянинг Кисловодс шаҳри мезбонлик қиладиган қўл жангининг ММА йўналиши бўйича жаҳон чемпионатига ҳозирлик кўрмоқда. Шу йилнинг 20-21 май кунлари ташкил этиладиган бу мусобақа еттинчи маротаба ўтказилади. Унда 8 ёшдан бошлаб 19 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар ўз тенгқурлари билан куч синашади. 19 ёшдан ошганлар катталар ўртасидаги мусобақаларда гиламга чиқади. Жанглар вазн тоифалари бўйича ўтказалди.

Бахтиёр суҳбат учун раҳмат. Мусобақаларда Камронга омад тилайиз.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!