Ўзбекистон мундиалда Англия ва Бразилияни ортда қолдирди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзи илк бор иштирок этган 2026 йилги жаҳон чемпионатида энг чидамли жамоалардан бири сифатида қайд этилди.
FIFA Match Report Hub маълумотларида келтирилишича, ўзбекистонлик футболчилар ўртача босиб ўтилган масофа бўйича Англия ва Бразилия терма жамоаларини ортда қолдирган.
Фабио Каннаваро шогирдлари ҳар бир ўйинда ўртача 112 километрдан ортиқ масофани босиб ўтган. Шу кўрсаткич туфайли Ўзбекистон терма жамоаси Англия (108,5 км) ва Бразилия (106,2 км) футболчларидан юқори натижа қайд этди.
Рўйхатда биринчи ўринни ҳар бир ўйинда ўртача 118,4 километр босиб ўтган АҚШ терма жамоаси эгаллаган. Иккинчи поғонада 117,1 километр кўрсаткич билан Австралия жамоаси жой олган. Учинчи қаторга эса Жанубий Корея (115,8 км) лойиқ деб топилган.
Энг паст, 48-ўринда эса ҳар бир учрашувда ўртача 103,3 километр натижа билан Қатар терма жамоаси қайд этилган.
"ЖЧ-2026"да ўртача масофа бўйича энг кўп югурган 10 терма жамоа қуйидагича:
1. АҚШ — 118,4 км ҳар бир ўйинда
2. Австралия — 117,1 км
3. Жанубий Корея — 115,8 км
4. Япония — 114,9 км
5. Германия — 114,2 км
6. Марокаш — 113,8 км
7. Швейцария — 113,5 км
8. Уругвай — 113,1 км
9. Хорватия — 112,9 км
10. Испания — 112,7 км
23. Ўзбекистон — 112 кмдан ортиқ
39. Англия — 108,5 км
44. Бразилия — 106,2 км
48. Қатар — 103,3 км
Жаҳон чемпионатидаги ушбу кўрсаткичлар FIFA президенти Жанни Инфантино томонидан ҳам эътироф этилган.
Шу билан бирга, ўзбекистонликлар учун бу жаҳон чемпионати натижа жиҳатидан омадли кечмади. Ўз тарихида илк бор мундиалда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси ўз гуруҳида сўнгги ўринни эгаллади. Каннаваро бошқарувидаги жамоа Колумбияга 1:3, Португалияга 0:5 ва Конгога 1:3 ҳисобларида мағлуб бўлди. Натижада ўзбекистонликлар мусобақани бирор очко тўпламасдан, 2:11 тўплар нисбати билан якунлади.
Шунга қарамай, Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов жаҳон чемпионатида гол урган ўзбек футболчилари сифатида ўз номини тарихга муҳрлади, жаҳон футболи ҳамжамияти ўзбекистонлик чарм тўп усталарига эътибор қарата бошлади.

Фикрлар