Янги қон, янги ғоя – “Атлетико” янги мавсумда қай кўриниш ҳосил қилади?

 

“Атлетико Мадрид” қайноқ ёз трансферини бошидан кечирмоқда. Мадридликлар нафақат бир неча сифатли ҳаридларни амалга оширди, балки жамоа етакчиси – Антуан Гризманни “Барселона”нинг ақлни ўғирловчи таклифидан қутқариб қолди. Бу билан “Ванда Метрополитано” ўзининг кучли таркибини сақлаб қолгандек гўё. Хўш, Диего Симеоненинг янги мавсумдаги жанговар таркиби қай кўриниш ҳосил қилади? Қуйида шу ҳақда.

Албатта, “Барса” ва “Реал” қудратли клублар, бюджети ҳам қудратлироқ. Шунга қарамай, “Атлетико” икки гранд клубга ҳақиқий жанг ва рақобат таклиф қилмоқда. Қуйида биз Симеоне шогирдлари ҳаракат қилиши мумкин бўлган услубларни муҳокама қилиб кўрамиз.

1-вариант: “Ўзгача Симеоне”

Симеоне Мадридда ўта махсус 4-4-1-1 ўйин тизими билан ўз изини қолдириб бўлди. Албатта, бу ҳар доим ҳам ўз мевасини беравермаган. Бироқ бундай услубда улар озми-кўпми муваффақиятга эришишмоқда. Бунда дарвозани Ян Облак ҳеч кимга бермаслиги аниқ. Ундан олдинда тажрибали ҳимоячилар – Хосе Хименес, Диего Годин, Врсалко ва Лбка Эрнандесларни кўришимиз мумкин. Фахрий қанот ҳимоячилари Филипе Луис ва Хуанфранлар олабайроқни ёшларга бераверса ҳам бўлади. Ярим ҳимояда ҳам катта ўзгариш кузатилмайди. Янги трансфер Родри Бускетс услубида ҳаракат қилиб, клубдан кетган Габининг ўрнини бемалол боса олади. Унга Сауль ва Кокелар ёрдам бериб жамоани олдинга бошлаб боради. Жамоа ҳужумга ўтганида ўнг қанот ҳимоячиси – янги сифатли трансфер Тома Лемар вингерга айланади. Лемар ҳам ҳимоя, ҳам ҳужумни бирдай эплай оладиган камёб футболчилардан. Ҳужумда эса Гризманн Коста ортида ҳаракат қилиши кутилмоқда. Улар ҳақиқий ҳужум жуфтлигини ташкил қилиши мумкин. Гризманнинг ақли ва Костани жисмоний кучини бирлаштирсак, рақиб ҳимоячиларига осон бўлмаслиги аниқ.

2-вариант: анъанавий ҳимоя

Диего Симеоне камёб мураббийлар сирасидан, боиси унинг жамоаси деярли ҳимоявий услубда ҳаракат қилади. “Атлетико” услуби албатта Жозе Моуриньо ва Рафа Бенитесларнинг жамоасидек эмас, сабаби Симеоне жамоаси рақибга кучли босим ўтказишни ҳам ҳадисини олган.

Клуб ҳисобда олдинга чиқиб олганида, ҳимоявий ўйин кўрсатишга ва ҳисобни ушлаб қолишга мойил. Албатта кези келганда ушбу танланган стратегия туфайли клуб товон тўлаган пайтлари ҳам бўлган. Бироқ янги мавсумда улар бундай таркиб билан буни аъло даражада уддалай олиши мумкин.

Бундай ўйин схемасида дарвозабон ва ҳимоя чизиғи ўзгаришсиз қолади. Тўрт кишилик ярим ҳимоядан ҳам орқароқда Родри таян ярим ҳимоячи вазифасини эгаллайди. Шу тариқа рақиб ҳужумини зич ҳолатда ёпиб қўйилиши мумкин. Ҳужумда эса ўзининг яратувчанлиги эвазига рақибга таҳдид сола оладиган Гризманн муносиб вариант ҳисобланади.

3-вариант: Янги қон, янги ғоя

“Атлетико”нинг трансфер сиёсати диққатга сазовор. Клуб ўз сафига янги ва ёш иқтидор эгаларини тўпламоқда. Бундай футболчилар эвазига Симеоне янги ғоя ўйлаб топа олмайдими?

“Матрослар” ҳимоя чизиғи 32 ёшли Годин билан бирга истеъдодли ҳимоячиларга тўла. Бундай схемада ҳимоя Ҳименес, Савич ва Эрнандеслар учлигидан иборат бўлади. Тўрт кишилик ярим ҳимоячилар эса ҳужум учлигини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Ҳимоячи Врсалко бироз олдинга чиқади ва ўнг қанот ҳимоясидан жой олади. Олдинги чизиқда эса клубнинг янги аъзолари – Тома Лемар ва Жельсон Мартинслар ўрин эгаллайди. Марказий ҳужумчи вазифасида эса 23 ёшли Анхел Коррея ўрин олади.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ойбек Касимбеков
26/07/2018 17:13
Эээээйййй ахмоқлар суратда Атлетик Билбао клубининг эмблемаси, сизлар Атлетико Мадрид хақида гапиряпсилар.