Илҳом Мўминжонов: "Бу йил про лига жуда қизиқарли ўтишига ишончим комил"

Про лига янги мавсумига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. 

Хабарингиз бор, Бекободнинг "Металлург" жамоаси ҳам таркибини кучайтирган ҳолда Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш учун астойдил кураш олиб боради. 

Қуръа натижаларига кўра, биринчи турда "Металлург" сафарда "Яйпан" билан беллашади. Бекободликлар устози Илҳом Мўминжонов клуб матбуот хизматига қуръа борасидаги фикрларини билдирди.  

"Қуръа ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳар бир рақиб билан барибир ўйин ўтказамиз. Бизга кимга қарши майдонга тушишнинг унчалик фарқи йўқ. Ҳар бир жамоа барча рақиблар билан эртами-кечми рўбарў келади. 

Янги мавсумга ҳар бир клуб жиддий тарзда тайёргарлик кўрмоқда. Тажрибали мураббийлар ишлашмоқда ва деярли ҳар бир клубда тажрибали футболчилар етарлича топилади. Бу йил про лига жуда қизиқарли ўтишига ишончим комил. Осон ўйиннинг ўзи йўқ. 

Биринчи турда сафарда "Яйпан"га қарши ўйнайдиган бўлдик. Бу ўз тарихига эга бўлган клуб. Ўз вақтида жиддий мақсадларни ўз олдига қўйган, Суперлига баҳсларида қатнашган жамоа. Ҳозирги кунда тажрибали мураббий Рашид Ғофуров фаолият олиб бормоқда. Уни салоҳиятли, юқори даражадаги мураббий деб ҳисоблайман. Рақибни ҳурмат қилган ҳолда тайёргарлик кўрамиз. 

Бизнинг мақсадимиз аниқ  — Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш. Ҳар бир баҳсда ғалаба учун ҳаракат қиламиз. Шунинг учун барча бош мақсад йўлида астойдил меҳнат қилмоқда".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!