Янги йилингиз билан азиз юртдошлар! Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усмановнинг Янги йил табриги

Азиз ватандошлар! 

Мана 25 йилдирки Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, Олимпия ҳаракати ва олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш йўлида фаол қатнашиб келмоқда. Бу ҳам ўз навбатида халқаро спорт майдонларида қўлга киритилаётган муваффақиятлар салмоғини йил сайин юксалишида алоҳида аҳамият касб этмоқда. 

Айниқса, 2013-2016 йиллар давомида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, спорт турлари бўйича Республика федерация ва ассоциациялари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимликлари ҳамда қатор ҳомий ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда мамлакатимизда олимпия ҳаракатини ривожлантириш, олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш, олимпия спорт турларини оммалаштириш ва уни янада такомиллаштириш, ёш олимпиячиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, халқаро спорт ташкилотлари билан алоқаларни тубдан яхшилаш, шунингдек, нуфузли мусобақаларда юксак натижаларга эришиш борасида муайян ишлар олиб борди. 

Якунига етиб бораётган 2016 йил ўзбек спортида ўчмас из қолдирди. Барчамиз Ватанимиз спортчиларининг йил давомида зафарли юришларига гувоҳ бўлиб бордик. Спортчиларимиз халқаро майдонларда, энг нуфузли мусобақаларда мустақил диёримиз шарафини муносиб ҳимоя қилишиб, бутун дунёга Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмасликларини яна бир бор исботладилар. 

2012 йили Лондонда бўлиб ўтган XXX Олимпия ўйинларидан сўнг Риодаги тўрт йилликнинг энг муҳим спорт фестивалига тайёргарлик кўриш учун жуда катта ҳажмда ишлар олиб борилди. Бу борада 2013 йил 25 февралда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан имзоланган “Ўзбекистон спортчиларининг 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида иштирок этишга тайёргарлиги тўғрисида”ги ПҚ-1923-сон қарори барчамизга дастурил амал бўлиб хизмат қилди.  

Мазкур қарор бандларига асосан олимпия спорт турларига бўлган эътибор тудбан ўзгарди. Спортчиларимиз бир неча нуфузли халқаро мусобақаларда тобланишди, хориж давлатларида ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилди, спортчи ва мураббийлар моддий томондан тўлиқ таъминланди. Бир сўз билан айтганда спортчи ва мураббийлар учун барча шароитлар яратиб берилди. Энг муҳими биз жонажон Ўзбекистонимиз спортида мустаҳкам пойдевор ярата олдик. 

Бугун барчамиз ана шу қилинган тўрт йиллик меҳнат маҳсулини кўриб турибмиз. Айниқса, 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинлари Ўзбекистон спорт делегацияси учун ҳар қачонгидан муваффақиятларга бой бўлганлигини алоҳида эътироф этиш керак. Олимпия ўйинларида спортчиларимиз томонидан жами 13 та медалнинг қўлга киритилиши, тўрт бора мадҳиямиз янграб байроғимиз сарбаланд кўтарилиши, ҳамюртимиз Руслан Нурудинов дунёнинг энг кучли полвони сифатида тан олиниб, Олимпия ўйинлари рекордини янгилаши, қолаверса бокс бўйича терма жамоамиз Куба, Россия, Қозоғистон, АҚШ, Франция каби давлатларни ортда қолдириб, Олимпия ўйинларида биринчи ўринни эгаллаши бутун дунёни ҳайратга солди десак асло муболаға бўлмайди. 

Шунингдек, XV Паралимпия ўйинларида 32 нафар спортчи билан иштирок этган Ўзбекистон делегацияси     31 та медалга сазовор бўлиши бу ҳайратни икки карра ошишига сабаб бўлди. Шунингдек, Паралимпиячиларимиз спортнинг дзюдо тури бўйича жаҳонда тенгсиз эканликларини исботлаб, мусобақани биринчи ўринда якунлашди. 

Йил якунига келиб эса бутун дунё аҳлини лол қолдирган, гимнастика тарихида Олимпия ўйинларининг жаҳондаги ягона етти карра иштирокчиси Оксана Чусовитинанинг машҳур Гиннес рекордлари китобига киритилиши, боксчимиз Ҳасанбой Дўсматовнинг жаҳонда “Йилнинг энг яхши боксчиси” сифатида эътироф этилиши йил давомида эришган ютуқларимизнинг мантиқий давоми бўлди.  

Юқорида келтирилган барча амалий ишлар бевосита шахсан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг умумий раҳбарлиги остида, шунингдек амалдаги Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида бир қатор Вазирлик ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилди. 

Муҳтарам юртдошлар! 

Остонада эшик қоқаётган 2017 йил биз учун янада масъулиятли, янада муҳим бўлиши шубҳасиз. Чунки спортда “Чемпионликка эришишдан кўра уни сақлаб қолиш қийинроқ” деган ибора мавжуд. Шундай экан 2020 йилда Токио мезбонлик қиладиган навбатдаги Олимпия ўйинларида ғалабаларимиз янада бардавом, ютуқларимиз бунданда салмоқли бўлиши учун биз – бутун спорт жамоатчилиги ва олимпия ҳаракати иштирокчилари, тайёргарликни бир дақиқага бўлсада сусайтирмаслигимиз керак. Ишонаманки, кириб келаётган янги йил спортимиз учун бунданда омадли ва барокатли йил бўлади. 

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, амалий ёрдам бераётган давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбарларига ва шахсан Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевга, шунингдек Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, спорт турлари бўйича Республика федерация ва ассоциациялари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимликлари ҳамда қатор ҳомий ва бошқа ташкилотларга бутун олимпия оиласи номидан чексиз миннатдорчилик изҳор этаман. 

Сиз азиз ватандошларимизни эса кириб келаётган янги – 2017 йил билан, қолаверса, янги бошланган     “Токио – 2020” олимпия цикли билан муборакбод этиб, жонажон Ватанимиз учун ушбу тўрт йиллик янада муваффақиятлар ва юксак натижаларга бой бўлишини тилаб қоламан. Оилангизга тинчлик-ҳотиржамлик, хонадонингизга қут-барака тилайман. Юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин, азиз юртдошлар! Янги йилингиз билан! 

                                                                           Сенатор Мираброр Усманов 
                                                       Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!