Япония – Ўзбекистон учрашуви қандай ўтди? (Шарҳ)
Бир неча дақиқа олдин Осиё Кубоги-2019 "F" гуруҳи 3-туридан ўрин олган Япония - Ўзбекистон ўйини якунланди. Учрашувда ҳамюртларимиз имкониятни бой беришди.
Қуйида учрашув шарҳи билан танишишингиз мумкин.
Учрашувни ҳар икки мураббий асосий таркибнинг айрим ўйинчиларисиз бошлашди. Эктор Купер 3 нафар етакчимизни захирада қолдирган бўлса, Хажиме Мориясу бир йўла 7 нафар асосий футболчини алмаштирди.
Баҳс ҳам шунга яраша эҳтиёткорано бошланди. Жамоалар навбати билан устунликка эришишди. Биринчи таймнинг ярмигача ҳавфли вазиятлардан дарак йўқ эди. Японияликлар ҳам бизникилар ҳам ҳар икки дарвоза олдида нималардир қилишга ҳаракат қилишди. Бироқ аниқ зарба йўқ эди.
40-дақиқада Элдор Шомуродов аввалги учрашувларда бўлгани каби бир неча футболчи орасидан ўтиб, гол урди.
43-дақиқада Ёшумори Муто ўнг қанотдан оширилган тўпни дарвозага киритиб, мувозанатни тиклади. Муто гол ураётган паллада Фозил Мусаев уни ёпа билмади.
Иккинчи бўлимни ҳамюртларимиз яхши бошлашди. Аниқ бўлмаса-да, кетма-кет ҳужумлар ташкил этилди. Бироқ гол уриш японларга насиб этди.
58-дақиқа Шиотани кучли зарбаси билан Игнатий Нестеров дарвозасига тўп киритди. Гол урилаётган пайтда Фозил Мусаев жароҳат олиб майдонда ётганди. Ислом Тўхтахўжаев қўлини кўтариб, рақиблар тўпни чиқариб юборишини сўраганди. Лекин улар гол уришди.
Орадан кўп ўтмай, Достонбек Ҳамдамов, Элдор Шомуродов ва Фозил Мусаев ўрнига Азизбек Турғунбоев, Марат Бикмаев ҳамда Сардор Рашидов майдонга тушди. Ўз навбатида, японияликлар таркибида ҳам бир нечта ўзгаришлар амалга оширилди.
86-дақиқада чап қанотдан ўнг томонга оширилган тўпни Даврон Ҳошимов кучли зарба билан дарвозага тепди. У йўллаган тўпни рақиб посбони қийинчилик билан майдон ташқарисига чиқариб юборди.
Қолган вақт мобайнида қанча ҳаракат қилмайлик, ҳисобдаги мувозанатни тиклай олмадик. Натижада, Япония гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Эктор Купер шогирдлари эса 2-поғонани банд этишди. Энди 21 январь куни шу стадионда Австралия билан ўйнайдиган бўлдик.
ФАКТ! Биласизми? Ўзбекистон Япония дарвозасига биринчи гол киритган ўйинларда мағлуб бўлмаганди. Аммо бу гал "ўхшамади".
Фикрлар