Ё “Металлург”, ё “Қўқон-1912” ёхуд 6-ўрин эгасини аниқлаб берадиган тур

Суперлиганинг биринчи босқичи шу ҳафтада ўз якунига етади. 17 ҳамда 18 август кунлари 22-тур учрашувлари ўтказилади. Шундан сўнг кучли олтилик ҳамда қуйи олтиликдан жой олган клубларнинг номлари тўлиқ ҳал этилади. Аслида эса ҳаммаси деярли маълум бўлиб улгурган. Фақат кучли олтиликни қайси жамоа якунлаб бериши сўроқ остида турибди холос. Лекин ана шу ўрин учун кураш жуда кескин ва шиддатли тус олган.

22-турдан нималарни кутсак бўлади?

Ҳақли савол шундай эмасми? Бунгача ўтказилаётган турларда қандайдир ўзига хос жозиба ва кескинлик кўзга ташланиб турганди. Аммо биринчи босқичнинг охирига бориб мазкур кескинлик йўқолгандек кўринмоқда. Боиси “олтин очколар” тизими амалда қўлланилаётгани сабабли чемпионатнинг бу пайтига келиб аксарият клубларнинг кучли олтилик ҳамда қуйи олтиликдан жой олиши деярли аниқ бўлиб улгурган. Шу нуқтаи назардан қараганда 22-турнинг интригаси кескин тушиб кетгандек. Ушбу турда қуйидаги жуфтликлар куч синашишади: “Нефтчи” – “Қўқон-1912”, “Бунёдкор” – “Сўғдиёна”, “Бухоро” – “Локомотив”, ОКМК – “Металлург”, “Пахтакор” – “Насаф” ва “Қизилқум” – “Навбаҳор”! ПФЛ сайти эса бу сафар 22-турга алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, 22-тур учун қизиқиш янада ортганлиги ҳақида ёзади. Лекин бу бироз ҳақиқатдан узоқдек. Негаки, жамоаларнинг “олтин очко” қоидаси бўйича кучли ва қуйи олтиликка кириб олганлари боис олдингидек катта қизиқишларга сабаб бўляпти деб айтишимизга асослар етарли эмас. ПФЛ эса 22-тур доирасидаги жуфтликлар ичидан учта ўйинга алоҳида тўхталди. Булар – “Нефтчи” – “Қўқон-1912”, “Бухоро” – “Локомотив” ва ОКМК – “Металлург” ўртасидаги учрашувлардир. Ҳаммаси тушунарли, мазкур тўқнашувлар клубларнинг “олтин очко” тизими бўйича қайси ўринларни эгаллаб беришини белгилаб беради. Қолган жуфтликлар – “Бунёдкор” – “Сўғдиёна”, “Қизилқум” – “Навбаҳор” ва “Пахтакор” – “Насаф”. Келинг, ушбу бўлажак учрашувлар олдидан мулоҳазалар юритиб кўрамиз. Масалан, “Бунёдкор” ҳамда “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги ўйин натижаси энди ҳеч нимани ҳал қилмайди. Турнир жадвалида 16 очко билан 11-ўринда бораётган ва охирги пайтларда мағлубиятларга учраётган “Сўғдиёна” клуби учун “Бунёдкор”га қарши беллашувда қайд этиладиган натижа унинг Суперлигадаги тақдирига таъсир кўрсатмайди. Шунчаки, “Бунёдкор” ғалаба қозонса 2-ўрнидаги жойини сақлаб қолади. Лекин айни пайтда “олтин очколар” бўйича ҳисоблайдиган бўлсак, “Бунёдкор” бу борада кучли олтиликда 4-ўринда. Очиғи, бу баҳсдан кўп нарса кутиш қийин. “Қизилқум” – “Навбаҳор” баҳсида нима бўлади? Ўтган турда наманганликлар ўз майдонида “Бухоро”ни қийинчиликсиз 2:0 ҳисобида таслим қилишди. “Навбаҳор” ўйин якунига етмасиданоқ кейинги учрашув ҳақида ўйлашни бошлади. Балки шу боисдан беллашув охирларида уларнинг уч нафар футболчилари – Даврон Ҳошимов, Жаҳонгир Меҳмонов ва Остон Ўрунов кераксиз жойдан сариқ карточкалар “ишлаб олишди”. Бунгача учтадан сариқ карточкаларга эга бўлган бу ўйинчиларнинг “Бухоро”га қарши ўйиндаги карточкалари жуда шубҳали кўриниш олгани рост. ПФЛ эса бунинг учун мазкур футболчиларни ва “Навбаҳор” клубини жазолашга қарор қилди. Демоқчимизки, наманганликлар учун Навоийда “Қизилқум”га қарши кечадиган баҳс ҳеч нимани англатмаслигини ушбу ҳатти-ҳаракатларидан ҳам билиб олсак бўлади. Агарда “Навбаҳор” учун “Қизилқум”га қарши ўйин ниманидир ҳал қилиб берадиган бўлганида, у ҳолда ўша Ҳошимов, Меҳмонов ва Ўруновнинг атайлаб сариқ карточка олишларига ишониб бўлмасди. Лекин улар учун Навоийдаги ўйин ҳеч нимани ҳал қилмайди. Барибир мана шу омил ўз кучини кўрсатяпти. Тўғри, “Бухоро”га қарши беллашувдан кейин наманганликлар устози Илҳом Мўминжонов футболчиларнинг сарик карточкалари борасидаги вазият атайлаб содир этилмаганини ва Навоийда кечадиган учрашув ҳам муҳим эканлигини айтди. Лекин ҳамма билиб турибди, “Навбаҳор” учун бу ўйин барибир қуруқ расмиятчилик холос. Энди “Пахтакор” – “Насаф” ўртасидаги ўйин ҳақида. Ушбу клубларнинг бунгача бўлиб ўтган барча ўйинлари марказий мақомига эга бўлиб, ҳамманинг диққат-эътиборини ўзига тортиб келганди. Қачондир “Пахтакор” – “Насаф” тўқнашуви ўз аҳамиятини йўқотади деса, бунга ҳеч ким ишонмасди. Аммо бу сафар вазият шунга ўхшаб турибди. Афсуски, қаршиликлар молиявий муаммолар сабабли кучли олтиликка кира олишмади ва бу кутилмаган ҳолатлардан бири бўлди. “Насаф” клуби 21-турдан кейин 26 очко билан 9-ўринда боряпти. “Пахтакор”ни ютган тақдирида ҳам барибир ўша “олтин очколар” тизими сабабли ҳаммасини бошқатдан бошлашларига тўғри келади. Боз устига ҳозирги пайтга келиб “Насаф” оптимал таркибда эмас. Қолаверса, “Пахтакор” ҳар жиҳатдан рақибидан кучли. Ўтган турда Қаршида “Бунёдкор” мастер-класс кўрсатиб кетганини ҳам унутмаслик керак. Ўша ўйинда “Насаф” 1:4 ҳисобида тор-мор келтирилди.

“Металлург”ми ёки “Қўқон-1912”ми?

Бунгача кучли олтиликдан жой олган бешта жамоанинг номи маълум бўлиб улгурган. 22-турдаги биргина муҳим жиҳат шундаки, айнан олтинчи жамоа номи расман аниқ бўлади. Бу ё “Металлург” ёки “Қўқон-1912” бўлиши кутилмоқда. Айни пайтда эса турнир жадвалида бекободликлар 30 очко билан 6-ўринда боришяпти, қўқонликлар ҳисобида 28 очко мавжуд бўлиб, улар 7-поғонада. Албатта, “Металлург”нинг кучли олтиликка кириш имконияти бироз яхшироқ. Аммо буни ҳали расман ҳал қилишгани йўқ. “Қўқон-1912”да ҳам бу борада имконият бор экан, улар охиригача курашиши аниқ. Аммо бошқа томондан қараганда, уларнинг кучли олтиликка кириш тақдири тўлиқлигича ўз қўлида эмас. 22-турда “Металлург” Олмалиқда ОКМК билан куч синашса, “Қўқон-1912” Фарғонада “Нефтчи” билан беллашади. Яна бир гап: ушбу ўйинлар тақвим бўйича бир кунга қўйилмаганди. Аммо эндиликда ушбу жуфтликларнинг аҳамияти анча ортгани боис ПФЛ бу жамоалар иштирокидаги ўйинларни бир кунга, яъни, 17 августга белгилади. Шу тариқа 18 август куни ўтказилиши керак бўлган ОКМК – “Металлург” ўртасидаги ўйин ҳам “Нефтчи” ва “Қўқон-1912” баҳси билан бир вақтда бошланадиган бўлди. Дарвоқе, қўқонликлар 21-турда ҳам ўта муҳим ўйинни ўтказишди. Ўз майдонида “Пахтакор”га қарши кечган учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилганидан хабарингиз бор. Ушбу натижа орқали “Қўқон-1912” олтиликка кириш имкониятини оз бўлса-да, сақлаб қолди. “Металлург” эса ўз майдонида “Қизилқум”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бироқ бекободликларнинг ушбу ғалабасида учрашувни бошқариб борган ҳакам – Ҳасан Рўзиевнинг ҳам “ҳиссаси” борлиги аён бўлди. Ўша ўйиндан сўнг “Қизилқум” бош мураббийи Ҳамиджон Актамов Рўзиевни ўта кескин даражада танқид остига олди ва уни ўйин натижасига бевосита таъсир кўрсатганини айтган ҳолда ПФЛга унинг устидан арз қилишини маълум қилганди. Эртасига эса ПФЛ Ҳасан Рўзиевни чиндан ҳам ўйин натижасига таъсир кўрсатганини аниқлаб уни октябрь ойигача ҳакамликдан четлатиш ҳақида қарор чиқарди. Лекин натижа-чи? Натижа эса барибир ўз кучида қолади-да! “Металлург” ўша ўйинда қандай бўлмасин 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда 6-ўринга ўрнашиб олди. Ўша учрашувда бош ҳакам “Металлург” жамоасига атайин ёрдам берганми ёки атайин эмасми, бу энди Ҳасан Рўзиевнинг виждонига ҳавола.

Энди олдимизда турган айнан “Металлург” билан “Қўқон-1912” жамоаларига эътибор кучлироқ бўлади. Жума куни Андрей Шипилов бошқарувидаги бекободликлар ОКМКни мағлуб этишга ҳаракат қилишса, қўқонликлар Фарғонадан уч очко билан қайтишга уриниб кўрадилар. Иккала ўйин ҳам муҳим аҳамият касб этади, айниқса, “Металлург” ва “Қўқон-1912” учун. Дарвоқе, иккала жамоаларнинг бунгача ўтказган ўйинларига назар ташлайдиган бўлсак, Бекободдаги ўйинда “Металлург” рақибини 1:0 ҳисобида ютган бўлса, Қўқонда кечган учрашувда мезбонлар 2:1 ҳисоби билан зафар қучишган. ОКМК майдонида бўлиб ўтадиган ўйинда қўқонликлар мезбонларнинг ғалабасини кутишаётгани сир эмас. Қолаверса, ушбу клубни қўқонлик бўлган мутахассис Бахтиёр Ашуратов бошқараётганини ҳам унутмаслик керак. Лекин олмалиқликлар кулчи олтиликка кириш имкониятидан маҳрум бўлишганини ҳам унутмаслик керак. Аммо охирги пайтларда бу жамоа мухлисларини хурсанд қилиб келмоқда. Масалан, ўтган турда Жиззахда “Сўғдиёна”ни енгиб қайтди. 8-ўринни банд этиб турган ОКМК Ашурматов бошчилигида “Металлург”ни енга олармикин? Ўз навбатида қўқонликлар ҳам Фарғонада “Нефтчи”ни ютишга шарт ва мажбур. Ҳатто дуранг натижа ҳам Нўъмон Ҳасанов жамоасини кучли олтиликка кириш имкониятидан маҳрум қилади. “Нефтчи” эса охирги иккита ўйинда тўрт очко жамғариб, аста-секин ўзини ўнглашга киришмоқда. Ўша ўйинда чинакам дерби бўлиши шубҳасиз. Лекин ғалаба кўпроқ “Қўқон-1912”га муҳимроқ. Кўрамиз, ё “Металлург” ё “Қўқон-1912”!

“Олтин очколар” тизими бўйича “Навбаҳор” пешқадам

22-тур учрашувлари якунига етганидан кейин Суперлигада биринчи босқич тугатилади ва сентябрдан иккинчи босқич баҳслари бошланади. Ана шунда ҳаммаси тубдан фарқ қилади. Яъни, бунгача жамоаларнинг тўплаган очколари юқори ва қуйи олтиликдан жой олганига қараб қисқартириб юборилади. Шундан сўнг кураш яна бошқатдан бошланади. Ҳозирда эса чемпионлик учун курашда юқори олтилик жамоалари орасида “Навбаҳор” пешқадамлик қилаётгани эътиборга молик. Наманганликлар бу борада 19 очко жамғаришган бўлса, 2-ўриндан жой олган “Пахтакор”нинг ҳисобида 17 очко бор. Наманганликлар кучли олтиликдан жой олган жамоалар билан ўйинларда ғалабаларга эришган. Жумладан, “Пахтакор”ни 1:0, “Локомотив”ни 2:0, “Бунёдкор”ни 2:1, “Металлург”ни 3:0 ва “Бухоро”ни сафарда 0:1, ўз уйида эса 2:0 ҳисобларида мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди. “Пахтакор” эса кучли олтилик клублари орасида ўз уйида “Локомотив” билан кечган баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилган ва бошқа беллашувларда фақат ғалаба қозонган. Аммо ўша “Локо” билан беллашувда бой берилган икки очко туфайли эндиликда Шота Арвеладзе жамоаси “Навбаҳор”дан икки очко кам жамғариб турибди. Кучли олтиликнинг якуний қисми эса ҳозирча “Бухоро”га тегишли. Улар етакчилар билан баҳсларда 7 очко тўплашди. Аммо 22-турда ўз уйида “Локомотив”ни қабул қилишини ҳам унутмаслик керак. Ушбу ўйинда қайд этиладиган натижа якунда юқори олтиликдаги жадвалга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

Юқори олтилик

1. Навбаҳор 10 6 1 3 13-8 19

2. Пахтакор 10 5 2 3 13-4 17

3. Локомотив 9 4 3 2 13-10 15

4. Бунёдкор 10 4 2 4 16-14 14

5. Металлург 10 2 3 5 8-19 9

6. Бухоро 9 2 1 6 8-16 7

Қуйи олтилик

1. Қизилқум 10 6 1 3 12-8 19

2. ОКМК 10 4 4 2 13-10 16

3. Насаф 10 4 4 2 7-5 16

4. Қўқон-1912 9 3 4 2 9-5 13

5. Сўғдиёна 10 2 3 5 10-15 9

6. Нефтчи 9 0 4 5 3-11 4

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!