А Серия. "Милан" Турин шаҳрини тор-мор этди, "Ювентус"дан ишончли ғалаба

Италия А Серияси 36-туридан ўрин олган учрашувлар ўз ниҳоясига етди. "Милан" ушбу турда "Торино" клуби меҳмони бўлди ва бу сафар рақибини 0:7 ҳисобида енгиб, Турин клубларини енгиш бўйича мастеркласс ўтади. Ўтган турда "россонерилар" "Ювентус"ни 0:3 ҳисобида мағлуб этишган эди.

"Торино"га урилган 7 голга Анте Ребич (хет-трик), Тео Эрнандес (дубль), Франк Кесси ҳамда Браим Диас муаллифлик қилди. Шу тариқа миланликлар ўз очколари сонини 75 тага етказиб, 3-ўринга мустаҳкам жойлашиб олди.

Туриннинг бошқа бир клуби, амалдаги чемпион "Ювентус" эса бу турда "Сассуоло" меҳмони бўлди. Пирло шогирдлари бу сафар ишончли ўйини эвазига 1:3 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритишди ва ЕЧЛга чиқиш учун математик имкониятни сақлаб қолишди. Қолган 2 турда юқоридаги рақиблар хатога йўл қўйишса, туринликларга ЕЧЛ эшиклари очилиши мумкин. Голларга "Ювентус" сафида Адриен Рабьо, Криштиану Роналду ҳамда Пауло Дибала муаллифлик қилган бўлса, "Сассуоло"нинг ягона голи Распадорининг номига ёзилди. Айни дамда "Ювентус" 72 очко билан 5-ўринни эгаллаб турибди. 4-ўриндаги "Наполи"да очколар сони 73 та.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!