А Сериянинг энг зўр дарвозабони суперклубга ўтди
“Ювентус” мутасаддилари “Монца” дарвозабони Микеле Ди Грегориони Туринга кўчиб ўтишга кўндирди.
Италиялик посбон якунланган мавсумда А Сериянинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилганди. Микеле чемпионат давомида 33 та учрашувдан 14 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишни уддалаган.
Микеле Ди Грегориони “Ливерпуль” ҳам олишни истаганди. Ливерпулликлар дарвозабонга учта таклиф йўллади. Бироқ Микеле туринликлар билан келишиб қўйгани сабабли Англия Премьер-лигасидан бўлган чорловни қабул қилмади.
26 ёшли дарвозабон “Интер” тарбияланувчиси ҳисобланади. Миланликларнинг асосий таркибига кира олмаган учун бир неча йиллар давомида бошқа клубларда ижарада ўйнаган.
“Монца” Ди Грегориони 2022 йили ёзда 4,15 миллион еврога трансфер қилганди. Энди “Ювентус” маҳорат дарвозабоннинг келаси мавсумдаги ижараси учун 4 миллион евро тўлайди ва кейинчалик 14 миллион евро тўлаб, тўлиқ трансфер қилади.
Микеле Ди Грегорио 10 июлдан “Ювентус” билан янги мавсумга тайёргарликни бошлаши айтилмоқда.
Фикрлар