Абдумалик Халаков "Странжа" турнири, Всеволод Шумковнинг мураббийи билан бўлган вазият ва рақиблари борасида сўз юритди
Ўзбекистон ҳаваскор бокс оламидаги ёрқин истеъдодлардан бири Абдумалик Халаков ҳам Болгарияда ташкил этилган "Странжа" кубогида муваффақиятли иштирок этиб, турнир ғолибига айланди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, чемпионлик йўлида унга жиддий рақиблар рўбарў бўлди. Шундай бўлса-да, юртдошимиз ўзининг чиройли ва мақсадли ҳаракатлари билан уларни мағлуб эта олди.
Биз ушбу чармқўлқоп устаси билан боғланиб, турнир ва бошқа мавзуларга оид бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
- "Странжа" турнири ғолиблиги муборак бўлсин!
- Раҳмат.
- Турнир ҳақидаги умумий таассуротларингиз қандай бўлди?
- Тўғриси, жаҳон чемпионатидан кейин ушбу турнирга жиддий ҳозирлик кўрган эдик. Кичик жаҳон чемпионати, деб аталиши ҳам бу турнир қанчалик нуфузли эканини англатади. Қисқа қилиб айтганда, мусобақа жуда кучли бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам кучли таркиб билан борганди, якунда умумжамоа ҳисобида ҳам 1-ўринни қўлга киритдик.
- Турнирдаги рақиблар борасида қандай фикрдасиз?
- Барчаси жиддий боксчилар эди. Биринчи жангимда ирландиялик Европа чемпионати финалчиси билан тушдим. Кейинги рақиб эса Қозоғистон чемпиони бўлди. Учинчиси россиялик Всеволод Шумков эди. У ҳақида ҳам яхши биласизлар. Финалда эса асли кубалик, Болгария шарафини ҳимоя қилган боксчи билан тўқнаш келдим. Кўриб турганингиздек, оддий рақиблар эмасди.
- Энди, доимий тарзда -57 кг вазн тоифасида иштирок этасизми?
- Ҳа, -57 кг вазн тоифасида фаолият юритаман. Токио Олимпиадасига акамиз Миразизбек Мирзахалилов лицензия олганидан сўнг, -60 кг вазнда мусобақаларда иштирок этаётгандим. Биласиз, - 60 кг Олимпиадада йўқ. Шунинг учун, бундан буёғига -57 кгда ҳаракат қиламан.
- Россиялик рақибингиз Шумков билан бу тўртинчи жангингиз эдими?
- Ҳа, 4-жанг ва барчасида ғалаба қозона олганман.
- Бу сафар у билан жангда катта қийинчиликка дуч келдингиз?
- Албатта, у билан ҳар доим жуда қийин бўлган. Аввал ҳам айтганманку, Шумков мен учун жуда ноқулай, қийшиқ рақиб ҳисобланади. Бу сафар янада мени ўрганганлиги маълум бўлди. 1-раунд жуда хавфли бўлди. Шукрки, қолган раундларда мураббийларимнинг кўрсатмаларига биноан ҳаракат қилиб, уни яна мағлубиятга учрата олдим.
- Жанг якунлангандан кейин Шумковнинг мураббийи билан кичик суҳбат бўлди. У сизга қандай гапларни айтди?
- У ҳар доим менга ҳам мураббийларимга ҳам сени ютамиз, дерди. Шогирди ютқазганидан кейин анчагина асабий ва хафа эди. Шунчаки, "бу қандай бўлди?", деди холос.
- Абдумалик раҳмат ва ҳар доим ғолиблар қаторида бўлишингизни тилаб қоламиз!
- Эътибор учун хурсандман.
Лазизбек Мулложонов: Мақсадим Олимпиада ва жаҳон чемпионлиги... |
Мужибулло Турсунов "Странжа" турнири ва Руслан Абдуллаев билан рақобати ҳақида сўз юритди
Ҳасанбой Дўсматовнинг режалари ўзгарди. У Париж Олимпиадасида қатнашмоқчи
Геннадий Головкин ўзбек боксчисининг собиқ рақибига қарши жанг ўтказади, сана ва манзил маълум бўлди |
Ана холос! Тайсон Фьюри кутилмаганда фаолиятини якунлашини айтди
Фикрлар