Абдумавлон Абдужалилов: Терма жамоадан чақирув мен учун сюрприз бўлди

Вадим Абрамов бошчилигидаги миллий терма жамоамиз ЖЧ-2022 саралаш босқичи доирасидаги Яман ҳамда Сингапурга қарши ўйинлар учун йиғинни бошлаганидан хабардорсиз. Бош мураббий машғулотларга бир қатор янги номларни жалб этганидан ҳам хабарингиз бўлса керак. Вадим Карленович «Бунёдкор»да ҳам ишлаётгани сабабли бош жамоамизга ушбу клубдан ҳам футболчиларни чақириши кутилганди ва амалда ҳам шундай бўлди. Масалан, иқтидорли дарвозабон Абдумавлон Абдужалилов илк бор миллий термага жалб этилди.

«Ҳар бир футболчининг мақсади терма жамоа шарафини ҳимоя қилиш»

-  Вадим Абрамов Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий бўлганидан кейин «Бунёдкор»дан ҳам ўйинчиларни чақирса керак деб ўйлагандик, - деб гап бошлади, Абдужаллилов. - Лекин айнан мени ёки қайсидир футболчини термага таклиф қилишини билмагандик. Шу маънода айтганда, терма жамоадан чақирув чинакамига сюрприз бўлди десам ҳам бўлади. Миллий термамиз учун мос футболчилар кўп. Уларнинг орасидан мени ҳам чақиргани табиийки жуда ёқимли бўлди. Ҳар бир футболчининг орзуси ва мақсади миллий терма жамоада тўп суриш эканлиги аниқ. Қисқаси, терма жамоада шуғулланаётганимдан жуда хурсандман.

«Ҳаммасини Телеграм орқали билдим»

- Телеграм ижтимоий тармоғида «Бунёдкор» футболчиларининг алоҳида гуруҳи ташкил этилган. Ўша ерда жамоадошларим табрик сўзларини ёзиб қолдиришибди. Кейин «Бунёдкор» клуби маъмури ўша гуруҳимизга терма жамоадан келган чақирув қоғозини юборибди. Мен ҳам термадан таклиф олганимни шундан билдим.

«Тўғри, биринчи куни ҳаяжон сезилди»

- Миллий терма жамоа – бу мамлакатимизнинг бош жамоаси ҳисобланади. Бу «Бунёдкор», «Пахтакор» ёки бошқа клуб эмас. Фақат ватаннинг шаънини ҳимоя қиламиз. Тан оламан, биринчи куни менда ҳаяжон сезилди, айниқса, илк машғулот бошланишидан олдин. Шунингдек, терма жамоадаги деярли барча футболчиларни яхши биламан, улар билан олдин ҳам бирга тўп сурганмиз. Айтайлик, кўп ўйинчилар «Пахтакор» тарбияланувчилари ва ушбу клубда ҳам биргаликда фаолият олиб борганмиз. Шу билан бирга биринчи марта биргаликда машғулот ўтказаётган футболчилар ҳам бор. Албатта, термада ўзига яраша босим ҳам бўлиши табиий. Лекин бу босим асосан биринчи машғулотда кузатилиши мумкин, аммо ундан у ёғига босим ўз-ўзидан йўқолади. Чунки биз ўзимизни профессионал каби битта оила сингари ишлашимиз керак. Шунинг учун айни пайтга келиб ҳаммаси жойида. Терма жамоадаги муҳит ҳам жуда яхши. Мен биринчи марта кўриб турганим йўқ ёки ўзим билмайдиган жамоага тушиб қолмадим. Яъни, ўзим учун нотаниш эмас.

«Аксарият дарвозабонлар Иванков билан бирга ишлашни хоҳлашади»

- Биринчи машғулотимизда дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков менга ўзининг маслаҳатларини берди. Машғулот жараёнларида хато қилиб қўйсам ёки нимагадир мослаша олмасам, асабийлашмаслигимни, ҳаммаси жойига тушишини ва албатта ўрганиб кетишимни айтиб, менга далда бўлди. Иванковнинг машғулотларини битта сўз билан сифатли деб айтишим мумкин. У ҳақиқий профессионал ва ўз ишининг устаси. Уни ҳамма танийди ва яхши билади. Менимча, деярли барча дарвозабонлар Денис Александрович билан бирга ишлашни хоҳлашади. Элдор Суюнов билан Санжар Қувватовга келадиган бўлсам, уларнинг маҳоратлари ҳақида ортиқча тўхталишим шарт эмас. Улар бир неча йиллардан бери терма жамоамиз аъзолари ҳисобланишади. Машғулотлар чоғида ҳам иккала посбоннинг савияси билиниб турибди. Ушбу дарвозабонлардан ҳам ўзим учун керакли билимларни ўрганаман. Машғулот пайтида профессионалликни устун қўйишади, асло лоқайдликка йўл қўйишмайди.

«Жамоада муҳит яхшилиги учун тез мослашиб кетдим»

- Менимча, энг қийини бирор жамоага борсангиз у ерга қўшилиб кетиш бўлса керак. Юқорида айтганимдек, бошида босим бўлиши мумкин. Ўша машғулотнинг биринчи куни қандайдир босим, ҳаяжон каби ҳолатлар сезилди. Лекин вақт ўтган сари ҳаммасига мослашиб кетаверасиз. Ахир терма жамоада ҳам ўзимизга ўхшаган футболчилар ўйнашяпти. Ўзимни умуман бегонасирамаяпман. Терма жамоада тортиниб юришни ҳам ҳис қилаётганим йўқ. Билсангиз, аксарият ўйинчилар бир-бирини яхши танишади ва бунгача ҳам ёшлар, олимпия ёки клубларда бирга тўп суришган. Муҳит яхшилиги учун ҳам кўникиб кетишим осон бўлди.

«Абрамов билан мақсадимизга эришишимизга ишончим комил»

- Вадим Абрамовнинг ўйин услубини, унинг фалсафасини ҳамма билади. Мураббийнинг қанақалигини билиш учун у билан ишлаш ёки ишлашмаслик шарт эмас. Ўзи шундоқ ҳам Вадим Карленович катта тажрибага эга бўлган мутахассис ва бу унинг бошқарган жамоаларида ҳам кўриниб туради. Албатта, «Бунёдкор»нинг ўз олдига қўйган мақсади бор. Аммо миллий терма жамоанинг мақсади юқори туради. Лекин у билан клубда ва терма жамоада бирга ишлаш жараёнида у қадар ўзгаришларни сезмадим. Бунгача ҳам Вадим Карленовични миллий термада қандай ишлаганини ҳамма яхши билади. У ўзидан фақат яхши таассурот қолдирган. Айниқса, ўйин ва натижа борасида мухлисларни хурсанд қила олганди. Абрамов ҳамон ўша-ўша, фақат бу сафарги мақсад бошқача, мураббий кимнинг қандайлигини жуда яхши билади. У билан мақсадимизга эришишимизга ишончим комил.

«Кимни дарвозага қўйишни мураббий ҳал қилади»

- Терма жамоага чақирилган ҳар бир футболчи ўзининг ўйини билан ёрдам беришни хоҳлайди. Табиийки, бош жамоамизда кимларни ўйнашини мураббий ҳал қилади. Ўйнамаётган ўйинчилар ҳам терма учун юрагидан қайғуришади. Тўғри, аслида миллий термада ҳамма тўп суришни хоҳлайди. Бироқ мураббий якуний қарорни эълон қилади. Масалан, «Бунёдкор»да баъзида ўйнаб, баъзида захирада қолсам ҳам доим жамоамиз учун қайғураман. Вадим Карленович бизга доим футболчи хафа бўлмаслиги керак, бугун бошқаси сенинг жойингда ўйнаяптими, эртага сен ўша жойда ўйнашинг мумкин дейди. Футболчи ўз устида ишлашдан тўхтаб қолмаслиги керак деб кўп уқтиради. Масалан, менинг қарашларим бўйича бугун ким ўйнаркин деган ўй-хаёл йўқ. Менинг асосий вазифам доимо ўйинларга 100 фоиз тайёр бўлиш. Ким дарвозага туришини эса Абрамовнинг ўзи ҳал қилади. Бош мураббийнинг қарорини доимо тўғри ва ҳурмат билан қабул қиламиз. Элдор Суюнов ҳам, Санжар Қувватов ҳам мен билан жуда илиқ муносабатда. Шу боис доимо соғлом рақобат бўлгани яхши.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Salah Salah
08/10/2019 23:48
салом Яна Сардор Рашидов юк Яна таниш билишми
&
Azalshoh
08/10/2019 20:44
Biz uchun ham syurpriz bo'ldi,Avdumavlon!