Ўзбекистоннинг Португалиядан қабул қилиб олган аламли мағлубиятига кимлар сабабчи?
Ўзбекистон терма жамоаси Португалияга қарши ўйинда жиддий қаршилик кўрсата олмади. "Европа бразилияликлари" деб аталадиган португаллар бешта гол урди, яна шунчасини Роналду ва унинг жамоадошлари осонгина амалга ошириши мумкин эди.
Фабио Каннаваро шогирдлари жаҳон чемпионатида кетма-кет иккинчи марта мағлубиятга учради. Шунга қарамай, плей-офф босқичига чиқиш имконияти ҳали йўқолгани йўқ. Хьюстондаги беллашувда Португалия нега деярли қийналмасдан ғалаба қозонгани, қайси ўзбекистонлик футболчилар ўйинида жиддий муаммолар кўрингани ҳақида интернет-нашр "Евро-Футбол.Ру" таҳлилий баҳолар берди.
Энг юқори баҳолаш мезони – 10 балл (ўйин бошидаги старт баҳоси – 6,0).
АБДУВОҲИД НЕМАТОВ – 2,0. Каннаваро иккинчи ўйинда дарвозани бошқа посбонга ишониб топширди (Уткир Юсупов эмас), аммо бу қарор ҳам Ўзбекистонни қутқармади. Биринчи голда Нематов яқин бурчакдан гол ўтказиб юборди – Роналду зарбаси жуда кучли чиқди, ҳимоячилар эса Криштиану олдида четга чекиниб қолишди. Кейин Нуну Мендешнинг жарима зарбаси дарвозабон учун "ўз бурчаги" ҳисобланган томонга кириб борди. Бруну Фернандешнинг пастдан йўллаган бурчак зарбаси ва Хусановнинг ўз дарвозасига йўллаган тўпи ҳам Абдувоҳидни муаммога солди. Энг хавотирлиси – Нематов икки марта (ёки деярли икки марта) ўз жарима майдонида тўпни Роналду оёғига тушириб берди, португал юлдузи эса бу хатоларни кечириб юборди.
БЕҲРУЗ КАРИМОВ – 2,0. Эрта ўтказиб юборилган гол Ўзбекистонни олдинга ҳужумга ўтишга мажбур қилди. Лекин агар сиз ФИФА рейтингида 50-ўринда туриб, жаҳон чемпионати фаворитларидан бирига қарши очиқ ўйин кўрсатсангиз, оқибатга тайёр туришингиз керак – сизга қарши тез ва қаттиқ жавоб келади. Каримов ўйинида ижобий томонлар ҳам бўлди: тўртта тўпни тортиб олиш, тўртта муваффақиятли дриблинг, тўртта фойдага ишланган жарима ва бирта ҳал қилувчи пас, шунингдек, ўн икки марта якка курашда устунлик. Бироқ манфий кўрсаткичлар ҳам оз эмас: бешта фол, рақиблар томонидан тўрт марта алдаш билан ўтиб кетилиши, ўн тўртта якка курашда мағлубият. Энг асосийси, бу "алмашинув"нинг сифати тенг эмасди – Нуну Мендеш Каримов флангини анча кўп ва хавфлироқ ёрди, ўша томондан учта ҳал қилувчи узатма амалга оширди.
ОДИЛЖОН ҲАМРОБЕКОВ – 2,0. Ҳамробековнинг ўзига бўлган ишончи қай даражада баланд эди, деб ўйлаб қоласиз: у ўз жарима майдони яқинида Педру Нету босими остида туриб ҳам чиройли комбинация бошлашга уринди. Натижада тўпни йўқотди, мажбур бўлиб фол қилди ва сариқ карточка олди – яхшики, бу ҳолат пенальтига айланмади. Пенальтини португаллар киритган ёки йўқлиги ҳали савол остида қоларди, аммо Нуну Мендеш жарима зарбасини жуда усталик билан голга айлантирди. Биринчи гол эпизодига қайтсак, Ҳамробеков Роналду томон йўлланган паст узатмани тўсишга боришдан ўзига ишонмай тортинди. Олти марта якка курашга киришиб, бештасида ютқазди, икки марта рақиб томонидан осон алдаш билан ортда қолди – яъни жамоадошлари каби умумий оқим бўйлаб "оқиб кетди". Танаффусда алмаштирилди.
РУСТАМ АШУРМАТОВ – 2,0. Ашурматов ҳам умумий манзарадан ажралиб турмади. Ўйинни шунчаки томошабиндек кузатишдан бошлади: Жоау Канселу Роналдуга пастдан узатма берганида Рустам фақат қараб турди. Кейин корпусини буриб, Криштианунинг голли зарбасини кўз билан "қайди этиш"га улгурди, холос. Биринчи тайм охирида Ашурматов яна 41 ёшли юлдузни "хафа қилмасликка" қарор қилгандек туюлди – Роналду Бруну Фернандеш узатмасига осон очилиб, қаршиликсиз равишда тўпни узоқ бурчакка жойлаштирди. Ҳимоя чизиғида Хусанов ҳам ундан кам хатога йўл қўймади, аммо у ҳақда алоҳида таҳлилий мақолада сўз юритилган.

Фикрлар