Хусанов, Файзуллаев ва Шомуродов Португалияга қарши қандай ўйнади?
Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи иккинчи турида Ўзбекистон терма жамоаси Португалияга қарши баҳсда майдондон йирик ҳисобда мағлуб тарк этди – бешта тўп дарвозамиздан ўтди, ўз навбатида киритилган ягона гол эса ҳисобга олинмади.
Онлайн нашр "Евро-Футбол.Ру" ушбу ўйиндан сўнг "Манчестер Сити" ҳимоячиси Абдукодир Хусанов ва Ўзбекистон терма жамоаси сафида майдонга тушган, Аббосбек Файзуллаев ҳамда Элдор Шомуродовга ўз баҳоларини берди. Шарҳ Элдордан бошланади.
Энг юқори баҳо – 10 балл (ўйин бошидаги старт баҳоси – 6,0).
ЭЛДОР ШОМУРОДОВ – 7,0. Элдор олдинги чизиқда яккаланиб қолганига қарамай, жуда кўп курашларга киришди ва 16 та яккакурашнинг тўққизтасида ғолиб чиқди. Бир ўзи рақиб ярим майдонида жанг қилиб, ўйин тақдирини ўзгартириш қийин, аммо у шунга қарамай жамоага ёрдам беришга уринди. Жарима майдони четига яқин масофадан йўллаган ягона зарбаси аниқ чиқмади, лекин Шомуродов тўрт бор шерикларини ҳужумга чиқариб, ҳал қилувчи узатмалар берди.
АББОСБЕК ФАЙЗУЛЛАЕВ – 3,0. Аббосбек ҳали-ҳануз "катта умид уйғотган" тоифасидан чиқолмаётган футболчи сифатида баҳоланди. Тезлиги, дриблинги, қанотдан ўтиб кетишлари – барчаси бор, аммо юқори даражадаги ўйинчи бўлиш учун бунинг ўзи етарли эмас. Аниқ узатмалар, хавфли паслар, ўткирлаштирувчи ҳаракатлар етишмаяпти. Иккинчи тайм бошида Файзуллаев дарвоза томон яхши зарба йўллади, аммо дарвозабон Кошта учун бу катта муаммо туғдирмади. Аббосбекни рақиб жарима майдони яқинида Канселуга қарши фаол прессинг учун мақташ мумкин, бироқ тўпни фолсиз тортиб олиш учун унга бир озгинагина етишимади. Оқибатда эса Ғаниев томонидан урилган гўзал гол Файзуллаев томонидан ҳужумда қоида бузилгани сабабли бекор қилинди.
АБДУКОДИР ХУСАНОВ – 2,0. Ҳозирча Хусанов ҳимояни ёлғиз ўзи "ташиб юрадиган" даражадаги футболчи эмаслиги кўринди. Аксинча, у ҳам хатоларга йўл қўйган жамоадошлар қаторига қўшилиб қолди. Иккинчи таймда айнан шундай бўлди: мураккаб вазиятда тўпни олиб чиқиш ўрнига, оёғи билан тўпни елкасига уриб юборди ва натижада автогол юзага келди. Расмий протоколда бу тўп Нематов ҳисобига ёзилган бўлса-да, воқеанинг моҳияти ўзгармайди. Шунингдек, Хусанов бир эпизодда Леауга йўлланган паст узатмани тўхтатаман деб, айнан шу футболчига қулай вазият яратиб берди ва Рафаэл тўпни дарвоза тоғчасига жойлади. Ўйин якунлангач, Абдукодир майдонда кўз ёшларини тўхтата олмади. Кимдир "қайси ҳисобда ютқазганинг аҳамиятли эмас" дейиши мумкин, аммо плей-офф масаласида айнан тўплар нисбати ҳал қилувчи омилга айланиши эҳтимоли бор. Ҳозирча эса бу кўрсаткич Ўзбекистон фойдасига эмас.

Фикрлар