Шомуродов Колумбияга қарши ўйиндаги энг катта хатони айтди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов жаҳон чемпионатидаги дебют ўйинида Колумбияга қарши учрашувда (1:3) йўл қўйилган хатолар сабабини айтди.
- Фикримча, Колумбияга қарши биринчи бўлимдаги хатоларимизга асосий сабаб — мураббий берган кўрсатмаларни тўлиқ бажара олмаганимиз бўлди. Энди бу каби хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз, ўз ўйинимизни кўрсатишга, тўпни кўпроқ назорат қилишга ва голли вазиятлар яратишга интриламиз, — деди жамоа сардори.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Колумбия терма жамоалари ўртасидаги учрашув жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи биринчи тури доирасида 2026 йил 18 июнда бўлиб ўтди. Тарихий беллашув ўзбекистонликлар учун 1:3 ҳисобида мағлубият билан якунланди.
Бу учрашув Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк ўйини сифатида қайд этилди. Ўзбекистон терма жамоасининг илк, тарихий голига яримҳимоячи Аббосбек Файзуллаев муаллифлик қилди.
Бугун жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи иккинчи тури доирасида Ўзбекистон ва Португалия терма жамоалари ўртасида навбатдаги ўйин ўтказилади. Учрашув АҚШнинг Хьюстон шаҳрида жойлашган «NRG Stadium» аренасида бўлиб ўтади.
Клублар миқёсида Туркиянинг "Истанбул Башакшеҳир" жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Элдор Шомуродов Суперлигадаги дебют мавсумини юқори даражада ўтказди. 30 ёшли ҳужумчи чемпионат давомида 22 та тўп киритиб, Туркия юқори дивизиони тўпурари бўлди.
Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 93 та учрашувда ўз ҳисобига 44 та гол ёздириб қўйган ва бу ўзбек футболида мутлақ рекорд ҳисобланади.
Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари автографлари қимматга сотилмоқда
Ўзбекистон — Португалия ўйинининг аниқ ҳисоби айтилди
Ҳусанов: Юрагим жуда тез ура бошлади! Абдуқодир мундиал ҳақида ўткир гапирди

Фикрлар