Абдусалом Азизов ЎФАда йиғилиш ўтказди. Унда мураббийлар келишилган ўйинларга аралашмаслик борасида жиддий огоҳлантирилди (Фото)
Бугун Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов бошчилигида ижроқўм йиғилиши ўтказилди. Унда амалга оширилган ишлар ҳисоботи тингланди. Шунингдек, терма жамоаларнинг масъулиятли ўйинлар олдидан тайёргарлик режаси кўриб чиқилди. Ўзбекистон мезбонлик қиладиган ОФК таснифидаги йирик турнирларга юқори савияда тайёргарлик кўриш масаласи илгари сурилди. Терма жамоалар учун замонавий инфратузилма қурилиши жараёни бўйича маълумот берилди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
Шундан сўнг Абдусалом Абдумавлонович барча клублар раҳбарлари ва бош мураббийлари билан йиғилиш ўтказди. Унда ЎФА раҳбарияти томонидан ҳар бир жамоада мавжуд муаммолар тингланди. Уларни моддий ва ташкилий масаларда қўллаб-қувватлаш мавзуси кўтарилди.
Шунингдек, сўнгги пайтларда чемпионатларда кўп учраётган тартибсизликлар танқид қилинди. Мураббийлар келишилган ўйинлар каби иллатларга аралашмаслик борасида жиддий огоҳлантирилди. Клублар вакиллари томонидан кўтарилган муаммоли масалаларда ЎФА масъулларига топшириқлар берилди.
Тренерлар малакасини ошириш, клубда раҳбар ва мураббий ваколатларини тартибга келтириш, ёш футболчилар етиштиришга яна-да жиддий эътибор қаратиш, савиясиз легионерлар муаммосини бартараф этиш, ВАР тизимини такомиллаштириш ҳамда стадионларнинг ёритиш ускуналарини жаҳон стандартларига мослаш каби масалаларда вазифалар белгиланди.
Фикрлар