Агар ўзбек легионерлари бўлмаганида...
“Энергетик-БГУ” ўз тарихида илк бор Беларусь чемпионилиги учун курашмоқда. Минсклик “талабалар” 23-тур олдидан мусобақа жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Бу жамоа ўтказилган 21 та учрашувда 13 та ғалаба, бешта дуранг ва учта мағлубият билан жами 44 очко жамғарган.
Анъанавий тарзда Беларуснинг энг қудратли жамоалари ҳисобланган “Шахтёр-Солигорск” ва “Динамо-Минск” биттадан, БАТЭ уч очкога ортда қолмоқда.
“Энергетик-БГУ” тарихидаги энг муваффақиятли ўтаётган мавсумда жамоанинг ҳақиқий қаҳрамонлари ўзбек футболчилари – Бобур Абдухолиқов ва Абдулқодир Ҳусанов ҳисобланади.
Бедарусь футболини ёритишга ихтисослашган https://by.tribuna.com сайти жамоа етакчилари қатори легионерларимиз фаолияти ҳақида ҳам фикр билдирди.
Абдулқодир Ҳусанов, 18 ёш, ҳимоячи
2022 йилги чемпионат: 20 та учрашувда 3 та гол ва 2 та голли пас
Келган жамоаси: “Бунёдкор U-18” (Ўзбекистон)
“Энергетик-БГУ” 2022 йилги мавсум олдидан Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ҳимоячиси Абдулқодир Ҳусановни ўз сафига қўшиб олган эди. Легионерга айлангунга қадар истеъдодли футболчи “Бунёдкор”нинг ўсмирлар жамоасида ўйин амалиётига эга бўлган холос.
Минск жамоаси Ҳусанов билан расмий шартнома имзолаш учун футболчининг февраль ойида 18 га тўлиши кутди. Унгача Абдулқодир “талабалар” сафида расмий битимсиз машғулот ўтказиб турди.
“Энергетик-БГУ” раҳбариятини бу ўйинчининг катта футболда тажрибаси йўқлиги мутлақа безовта қилмади ва Беларусь олий лигасида уни бошланғич таркибда майдонга тушира бошлашди. Абдулқодир ўзига билдирилган ишончни тўлиқ оқлади.
18 ёшли футболчининг узоқ масофага тўпни аниқ ошириши, олисдан берган аниқ ва кучли зарбалари кучли томони ҳисобланади. Айнан мана шу маҳорати туфайли марказий ҳимоячи учун анча юқори кўрсаткич, учта гол ва иккита голли пас муаллифи бўлди.
Бобур Абдухолиқов, 25 ёш, ҳужумчи
2022 йилги чемпионат: 21 та учрашувда 20 та гол ва 6 та голли пас
Келган жамоаси : “Рух” (Украина)
Беларусь чемпионати тўпурарлигига асосий даъвогарга айланган Бобур Абдухолиқов 23 ёшгача ўз юртида “Насаф” жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Ўзини тарбиялаган клуб таркибида етакчилардан бўлган ва Осиё Чемпионлар лигасида ўз номига гол ёздириб қўйишга ҳам улгурган. Қитъанинг энг нуфузли турнирида 15 та учрашувда қатнашиб, тўртта тўп киритган.
Шунингдек, Бобур 23 ёшгача футболчилар ўртасида Осиё чемпиони.
2020 йилги Ўзбекистон Суперлигасида 25 та баҳсда 17 та гол урганидан кейин Украинанинг “Рух” жамоаси эътиборига тушда ва бу клуб билан битим тузди. Бу жамоада иши юришмаган ўйинчини асосий таркибда дебютини кутмасдан, шартномани бекор қилди.
Абдухолиқов “Энергетик-БГУ” кўригидан муваффақиятли ўтиб, клубда қолди.
Бу танлов омадли бўлиб чиқди. Бобур ўз голлари билан “Энергетик-БГУ”ни юқори ўринларда ушлаб турибди. Ўзбек легионерига бир неча хориж лигаларидан таклиф бўлмоқда. Ўйинчининг ўзи Беларусь чемпионати совриндори ва тўпурар пойгаси ғолиби бўлмоқчи эканини таъкидлаб келмоқда.
"Энергетик-БГУ" Беларусь олий лигасидаги навбатдаги учрашувини 2 октябрь куни ўтказади. Шу куни Бобур Абдухолиқов ва Абдулқодир Ҳусанов ўз жамоадошлари билан бирга "Минск" жамоаси меҳмони бўлади. Ўйин Тошкент вақти билан 17:00 да старт олади.
Жаҳон чемпиони Роберто Карлос ўзбек футболчисига мурожаат йўллади
Ғаройиб статистика: Шомуродовга таслим бўлган термалар!
Фикрлар