Жаҳон чемпиони Роберто Карлос ўзбек футболчисига мурожаат йўллади

Машҳур бразилиялик футболчи Роберто Карлос ўзбекистонлик футболчи Остон Ўруновни тўйи билан табриклаб, видеомурожаат юборди.

Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Роберто Калоснинг табригини ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасига жойлаб, унга миннатдорлик билдирди.

Роберто Карлос замонамизнинг энг зўр футболчиларидан ҳисобланади. Чап қанот ҳимоячиси профессионал футболчилик фаолиятининг дастлабки йиллари  “Атлетико Минейро” ва “Палмейрас”да  ўтказади. “Палмейрас” билан икки маротаба Бразилия чемпиони бўлади.

1995 йили Европага – “Интер” жамоасига кўчиб ўтади.

Бир йилдан сўнг “Реал”га трансфер қилинган Роберто Карлос фаолиятининг юлдузли онларини айнан “Қироллик клуби”да ўтказади. Мадридликлар сафида тўрт карра Испания чемпиони, уч карра Чемпионлар лигаси ғолиби, бир марта УЕФА Суперкубоги соҳиби бўлади ва қатор халқаро мусобақаларда зафар қучади.

roberto-carlos-04

Роберто Карлос Бразилия терма жамоаси сафида 1998 йили кумуш медаль соҳиби бўлган. Тўрт йилдан кейин мундиаль ғолиби сифатида жаҳон кубогига сазовор бўлган. Икки бор Америка кубоги ва бир марта Конфедерациялар кубогида муваффақият қозонди.

Роберто Карлос фаолияти давомида клублар миқёсида “Фенербаҳче”, “Коринтианс”, “Анжи”, “Деҳли Динамос” жамоаларида ҳам тўп тепган.

Кучли зарбалари ва тўпурарлик қобилияти билаш машҳур бўлган бразилиялик ҳимоячи Маҳачқалъа клубида ҳамюртимиз Одил Аҳмедов билан бирга ўйнаган.

large_34

Футбол тарихида чуқур из қолдирган юлдуз фаолияти давомида клублар миқёсида 756 та учрашувда майдонга тушиб, ҳимоядаги вазифаларини уддалашдан ташқари, рақиблар дарвозасига 97 та тўп киритган ва жамоадошларининг 124 та голига ҳаммуаллифлик қилган.

Бразилия терма жамоаси учун 127 та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига ўн битта гол ёздириб қўйган.

Остон Ўрунов бу мавсумдан эътиборан Россия премьер-лигаси вакили “Урал” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Универсал футболчимиз яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жанубий Кореяда ташкиллаштирилган йиғинида қатнашди. 21 ёшли футболчи Камерун терма жамоаси билан бўлган халқаро ўртоқлик беллашувида рақиб дарвозасини ишғол қилди.

Бироқ, Ўрунов терма жамоа йиғинида охиригача қатнашмай, тўй тадбирлари муносабати билан Тошкентга қайтиб келди.

Ўрунов “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Ўзбекистон Суперлигасида профессионал даражада “Навбаҳор” ва “Локомотив” жамоалари шарафини ҳимоя қилган.

2020 йилнинг бошида Россия премьер-лигасига йўл олган ярим ҳимоячимиз “Уфа” ва “Спартак" жамоаларида ўйнаган.

Ғаройиб статистика: Шомуродовга таслим бўлган термалар!

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!