"Агар қуйи дивизионга тушиб кетилса..." - "Андижон"нинг энг яхши легионери кейинги тақдирини белгилаб олдими?
“Андижон” клубининг етакчиси ким?" деб сўралганида ҳамма биринчи навбатда, Пламен Димовни тилга олишига ўрганиб қолдик. 31 ёшли болгариялик легионер қисқа фурсатлар ичида етакчиларга хос характерини кўрсатишни бошлади. У майдонда ҳам, майдондан ташқарида ҳам бошқаларга ўрнак бўла олади.
Хабарингиз бор, Димов “Андижон”га мавсум аввалида қўшилди. Агар унинг фаолиятига назар солсак, бунгача Болгария ҳамда Қозоғистон клубларида тўп сурганига гувоҳ бўламиз. Масалан, ўз юртида “Черноморец”, “Левски”, “Ботев” ва “Черно Море” каби жамоаларда ўйнади. Қозоғистонда эса “Қайсар”, “Шахтёр”, “Алтай” ва “Окжетпес” клубларининг шарафини ҳимоя қилган.
Айни пайтда Димов маҳаллий мухлисларнинг суйган футболчиларидан бирига айланиб улгурган. Келаси мавсумда ҳам ишқибозлар болгариялик футболчини яна “Андижон”да кўриш истагидалар. Бунга легионернинг ўзи қандай муносабатда? Бу борада клуб матбуот хизмати футболчининг фикрлари билан қизиқди.
“Ҳозир бу ҳақда гапиришнинг мавриди эмас. Паровознинг олдига тушиб олиб, югуришни ёмон кўраман. Биринчи галда жамоанинг Суперлигада қолиш вазифасини муваффақият билан уддалашимиз талаб этилади. Ана ундан кейин клуб раҳбарияти билан музокара столига ўтирамиз. Қуйи дивизионга тушиб кетилса, воқеалар ривожи бундай тарзда кечишини истамайман, қолиб тўп суришимдан маъно топмаяпман. Очиқ айтаман, бошида жамоага кўникишим қийин кечган. Футболчилар ўртасида тил борасидаги муаммолар, маиший масалалар... Ҳозирда оиламнинг ёнимда эканлиги ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Хотиржам уйга келаман ва руҳий тарафдан тетиклигим таъминланади”, - деб жавоб берди болгариялик ўйинчи.
Шунингдек, Пламен Димовга қуйидагича савол берилди: уч нафар бош мураббий қўл остида тўп сурдинглар. Ҳар бирига муносиб баҳосини бера оласизми?
“Солиштиришим ноўрин бўлиши мумкин. Бир фикрни ўртага ташлайман, хулосани ўзинглар чиқариб олаверасизлар. Бошида жамоадаги интизом оқсарди. Ҳар ким ўз ҳолича юрарди. Виктор Кумиков келганидан кейин биринчи навбатда интизомни тартибга келтирди. Натижа ҳам ўзини куттирмади. Бугунга келиб, жамоадошларим майдонда ёмон кўринмаяпти. Илгари фақат ёшлар билан ҳаракат қилишимга тўғри келган бўлса, тажрибали футболчиларнинг келиб қўшилиши фойдасини бермоқда. Забелин, Отахонов биргаликда жамоа аъзоларининг аҳил оиладек бўлишлари йўлида қолганларга маслаҳатлар беряпмиз, тушунтиряпмиз. Якунда барчаси ижобий кечишидан умидвормиз”.
Юқорида ўзи айтганидек, футболчи бошида жамоага кўникиши қийин кечган. Аммо энди барчаси ортда қолган ва ўзини худди уйдагидек ҳис қиляпти. Албатта, оиласининг ёнидалиги ҳам бу ерга мослашишида ёрдам бергани шубҳасиз. Шу ўринда Пламен Димов ўзбек таомларига бўлган муносабати ҳақида ҳам гапирди.
“Биринчи галда паловни севиб истеъмол қиламан. Қазонкабоб ва шўрва ҳам маъқул. Қозоғистонда ўйнаганимда ҳам ош ердик. Турли ҳудудларда ўзига хос тарзда тайёрланишидан хабардорман. Тошкентдаги "Ош маркази"да ҳам татиб кўрганман. Уйга борганда болгарларга ҳам ош қилиб, ажаблантириш ниятим бор. Аёлим пазанда эмас ва турли овқатларни тайёрлай олмади. У билан Қозоғистонда танишиб, бирга яшаб келяпмиз. Болгарияда Қора денгиз яқин эканлиги учун кўпроқ сув жониворларини севиб истеъмол қиламиз. Балиқларнинг кўплаб турлари мавжуд ва жуда ҳам мазали. Андижонда ҳам Сазан балиқни татиб кўрдик. Пиширишни маромига етказишаркан. Фақат қилтириқлари билиниб тураркан. Овқат танламайман. Мазали тайёрланган бўлса, тўғри келганини истеъмол қилавераман”.
Бундан ташқари, Димов “Андижон” мухлисларига ҳам юқори баҳо берди, ҳар ўйин куни улар учун байрам бўлиши, ишқибозлик юқори даражада эканлигини алоҳида айтиб ўтди. Олдинда “Андижон”ни “Навбаҳор”га қарши ўта муҳим учрашув кутяпти. Водий дербисига доим қизиқиш катта бўлиб келган. Бу сафаргиси эса бошқача бўлиши аниқ. Мазкур баҳсда Димовга ҳам кўп нарса боғлиқ. Айниқса, ҳимоя чизиғини мустаҳкам қўриқлашда жамоа сардорининг ўрни катта бўлади.
Болгариялик футболчи ҳозирга қадар “Андижон” таркибида 22 та учрашувда майдонга тушди ва барчасини тўлиқ ўтказиб келяпти. Доим асосий таркибда майдонга тушган ва ўйинларда алмаштиришларсиз тўлиқ қатнашиб келяпти. Бу эса унинг ростдан жамоада муҳим ўйинчилиги ва мураббийлар томонидан ҳам ишонч катталигини билдиради. Лекин фаолиятини яна “Андижон”да давом эттириши кўп жиҳатдан жамоанинг Суперлигада қолиш ёки қолмаслигига боғлиқ.
Фикрлар