Агентлар “Барса”га АПЛдаги икки ҳимоячи хизматини таклиф қилди
Испаниянинг амалдаги чемпиони “Барселона” анчадан бери ҳимоя чизиғидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида жамоага ҳар томонлама мос ҳимоячиларни қидирмоқда.
Бир қатор воситачилар ва агентлар Каталония суперклубига Англия Премьер-лигаси жамоаларидан икки нафар ҳимоячи – “Манчестер Сити” вакили Натан Аке ва “Челси”да умуман ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган Аксель Дисасини таркибга қўшиш вариантларини таклиф қилди.
Бу ҳақда Sport.es нашри хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, Аке 2026 йилги жаҳон чемпионати арафасида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишни истамоқда ва шу сабабдан муҳитни ўзгартиришга қарор қилган. “Шаҳарликлар” нидерландиялик футболчининг кетишига қарши эмас, аммо уни бошқа футболчини сотиб олиш бўйича келишувнинг бир қисми сифатида қўшишни хоҳлайди.
Ҳозирги пайтда Акенинг “Барселона”га ўтиши қийин амалга ошадиган трансфер сифатида баҳоланмоқда.
Дисасига “Милан” клуби қизиқиш билдирмоқда, бироқ “Челси” қайси даъвогарнинг таклифини уларни қониқтирса, франциялик футболчини ўша жамоага юборишга тайёр.



Фикрлар