АГМК асло рози бўлмайди, бечора "Динамо", "Сурхон"га ҳавас эмас!

Суперлигада остонамизда 15-тур учрашувлари турибди. Чемпионатнинг муҳим қисми яқинлашиб келаётганини ҳисобга олсак, ҳар бир ўйиннинг қайноқ ҳарорати сиз билан биз учун ҳам муҳим. 10-12 август кунлари ўтказиладиган ўйинлардаги жуфтликлар бўйича тўхталамиз.

10 август (чоршанба)

АГМК – “Локомотив”

Жамоалар иккинчи даврани икки хил кайфиятда бошлашди. АГМК ўз майдонида “Металлург”га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. “Локомотив” ўз уйида “Қизилқум”ни кичик ҳисобда мағлубиятга учратишга эришди. Ана энди мғалуб ва ғолиб клублар бу турда Олмалиқда тўқнаш келишади. Миржалол Қосимов жамоаси совринли ўринлар учун курашаётганини ҳисобга олсак, ўтган турдаги мағлубияти якунда қимматга тушиши мумкин. Бироқ кетма-кет иккита мағлубиятга Қосимов ва АГМК жамоаси асло рози бўлмаслиги аниқ. Турнир жадвалида олмалиқликлар 6-ўринга тушиб қолди. Бу сафар ҳам АГМК Тошкент дербисида иштирок этади. Кўрамиз, “Локомотив” қандай жавоб қайтараркин?

агмк4

“Бунёдкор” – “Қизилқум”

Икки омадсиз жамоа дея таъриф берсак мос тушса керак. Сабаби, “Бунёдкор” Жиззахда енгилиб қайтди, “Қизилқум” бўлса Тошкентда “Локомотив”га имкониятни бой бериб қўйди. Буниси жиддий тўқнашувга айланади. “Бунёдкор” клуби президенти иккинчи давра бошланиши олдидан жамоада йиғилиш ўтказиб, совринли ўринлардан бирини эгаллашни шарт қилиб белгилади. Шунга яраша хориж йиғинини ҳам ташкиллаштириб берди. Аммо ўтган турда “Сўғдиёна”га ютқазди. “Қизилқум”ни ҳам вазифаси жиддий. Совринли ўринлардан бирини орзу қилаётган жамоа учун кетма-кет мағлубиятлар қимматга тушишини ўзлари яхши ҳис қилишяпти. Бундай тўқнашувда исталган натижа содир бўлиши мумкин?

11 август (пайшанба)

“Динамо” – “Сўғдиёна”

“Динамо” борган сари жарликка қараб кетяпти. Биринчи даврани яхши ўтказа олмагач, ёзги селекцияда тажрибали ўйинчилар олинди. Энди ҳамма гап мураббийда қолганди. Аксига олиб, яна мағлубиятлар давом этяпти. Самарқандда “Насаф”га 0:4 ҳисобида ютқазгач, бош мураббий Андрей Шипилов истеъфога чиқишини маълум қилди. Унинг қўли остида жамоа 5 та ўйиннинг барчасида ютқазди. Ҳозирча “Динамо” клуби Андрей Сергеевичнинг истеъфосини расман тасдиқлагани йўқ. Балки бўлажак учрашувга бошқа мураббий келар ёки Шипиловга яна имконият берилар. Аммо рақиб яна жиддий – “Сўғдиёна”. Бечора, “Динамо”га тақвим бирин-кетин мана шундай кучли рақибларни рўбаро қилиб қўйди. Кутилганидек, самарқандликлар Суперлигани тарк этиш учун ҳамон биринчи рақамли даъвогар номини ўзида сақлаб турибди. Охирги ўринда бораётган клуб энг яқин таъқибчисидан ҳозирча 5 очкога ортда қоляпти. “Бунёдкор”ни ютиб, “Пахтакор” билан дуранг ўйнаган “Сўғдиёна” учун “Динамо” қулай рақибдек кўринмоқда...

“Олимпик” – “Қўқон-1912”

Яхши тўқнашув бўлади. Биринчи даврада қўқонликлар рақибини ягона гол эвазига мағлубиятга учратганди. Биринчи даврада ўзидан анча яхши таассурот қолдирган Тимур Кападзе жамоасидан иккинчи даврада ҳам сюрприз кутаётганлар бисёр. “Қўқон-1912”да бош мураббий ўзгарган бўлиб, Даврон Файзиев зиммасига жиддий масъулият юклатилган. Ўтган турда водий дербиси номи остида “Нефтчи”га қарши жанговар 3:3 ҳисоби қайд этилганини биласиз. Навбатдаги ўйин ҳам томошабоп руҳда ўтишига ишонса бўлади. “Олимпик” иккинчи даврани “Сурхон” устидан 5:0 ҳисобида ғалаба билан бошлаганини унутмагандирсиз. Ўшанда рақибнинг икки киши кам бўлиб қолгани ҳам Кападзе жамоасига қўл келган. Лекин доим ҳам рақиб икки киши кам бўлиб ўйнайвермайди.

олимпик2_1

“Навбаҳор” – “Сурхон”

“Навбаҳор”ни эмас, балки “Сурхон”ни ўта мураккаб ўйин кутяпти. Самвел Бабаян жамоаси Қаршида “Насаф”га ҳеч қандай имконият қолдирмасдан ютиб қайтгани фонида “Навбаҳор” ўйини янада кучайгани кўриняпти. Бу жуфтликда ҳамма наманганликларни фаворит сифатида кўрсатишяпти ва бу табиий ҳол. Турнир жадвалида пешқадамликни қўлига олган “Навбаҳор” энди буни янада мустаҳкамлаши керак, бунинг учун очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Наманганда ҳар қандай рақибга оғир бўлади. Мухлислар фактори муҳим роль ўйнайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Сурхон”га ҳавас қилиб бўлмайди. Мабодо, Анхель Лопес жамоаси сафарда дуранг ўйнайдиган бўлса, буни ғалабага тенглаштирса бўлади.

12 август (жума)

“Нефтчи” – “Пахтакор”

Бу турда “Ўзбек классикоси” бор. “Нефтчи” “Пахтакор”ни ўзининг “Истиқлол” стадионида қабул қилиши кутилганди, бироқ яна Яйпанда ўтказиладиган бўлди. Ушбу тур учун яхши афиша. “Пахтакор” Максим Шацких бошқарувига ўтгач, ҳамма жамоа ўйинида қандай ўзгариш бўлишини қизиқиш билан кузатяпти. Ҳозиргача Шацких иккита расмий ўйин ўтказиб, бир ғалаба ва бир дуранг қайд этди. “Нефтчи”да эса бош мураббий сифатида Виталий Левченко иш бошлаганидан хабардорсиз. Хорижлик мутахассис олдига ҳам вилоят ҳокими томонидан аниқ вазифа белгилаб берилган. Бу ёғига “Нефтчи”нинг қоқилишига ҳаққи йўқ. Левченко ҳам Шацких сингари мураббий сифатида ўзини кўрсатиш илинжида. Бир сўз билан айтанда, қаттиқ олишув бўлади.

пахта динамо_1

“Металлург” – “Насаф”

“Металлург” АГМК майдонида қимматли уч очкога эга бўлди. “Насаф” “Навбаҳор”га мағлуб бўлганидан кейин қолдирилган тур доирасида Самарқандда “Динамо” дарвозасига жавобсиз 4 та гол урди. Биринчи даврада “Металлург” “Насаф” майдонида муносиб қаршилик кўрсатиб, бир очко билан қайтишга муваффақ бўлганди. Одатда, “Насаф” учун “Металлург” ноқулай рақиб саналади. Кўрамиз, бу сафар нима бўларкин?  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
09/08/2022 15:38
Nasaf. asta asta uyindan uyinga kuchayib boradi. chunki tanafuska bachala urtoqli uyin kam utkazgani. va qarshiga havo issiqlegi tayorgarlik kungligiday bulmadi. 2 davrani ohiriga kim aslida kimlegi bilani chunki ushanga hamma kamanda formaga keradi.