АГМК нидерландиялик футболчини ўз сафига қўшиб олди

АГМК жамоаси янги мавсумга жиддий тайёргарлик кўриш доирасида селекция ишларини ҳам жадаллик билан олиб борди. Клуб яна бир трансферни эълон қилди.

"Жамоа раҳбарияти ва мураббийлар штаби легионерлар саралаб олишга алоҳида эътибор қаратиб, Анталиядаги йиғинда жамоа сафида бўлган нидерландиялик ҳужумкор вингер Элвин Фортеснинг ҳаракатларидан қониқиш хосил қилишди.

Шу боисдан ҳам Фортес билан шартнома имзолаш бўйича олиб борилган музокаралар жараёни якунида ҳар иккала тараф ўзаро келишувга эришди.

Клуб нидерландиялик футболчи Элвин Фортес билан 2 йиллик шартнома имзолади.

Элвин Фортес 1994 йил, 25 май куни Нидерландиянинг Роттердам шаҳрида туғилган. Элвин "Фейеноорд" ва "Спарта Роттердам" ёшлар жамоасида тўп тепган. Профессионал фаолиятини эса Финляндиянинг "Кеми" жамоасида бошлаган. Фаолиятини асосий қисмини эса Нидерландияда ўтказган. Шунингдек, Туркия, Чехия, Грузия ва Қозоғистон чемпионатларида ўйнаган.

Элвин АГМК сафида ҳам севимли 94-рақамини танлади",-дейилади жамоа матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!