АГМК ўз сафига легионер қўшиб олди ёхуд "Навбаҳор"нинг собиқ футболчиси Олмаликда (Фото)

Ўтган йили янги тарих яратган АГМК жамоаси 2021 йилги мавсумда ҳам юксак мақсад ва юқори марраларни кўзламоқда.

Таркибни янада кучайтиришга интилаётган олмалиқликлар янги йилдаги илк трансферга қўл урди. Украиналик маҳоратли ҳужумчи Александр Касьян эркин агент сифатида АГМК билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот химати хабар берди.

Касьян 1989 йил 27 январь куни Украинанинг Донецк вилоятида таваллуд топган. Тажрибали ҳужумчи фаолияти давомида Украинанинг “Ильичевец” (Мариупол), “Шахтёр” (Донецк), “Заря” (Луганск), “Карпати” (Львов), Россиянинг “Томь” (Томск), “Химик” (Дзержинск), “Факел” (Воренеж), “Балтика” (Калининград) ва “Авангард” (Курск) жамоалари шарафини ҳимоя қилган.

2019 йилдан эътиборан, Ўзбекистон Суперлигасида ўйнаётган Кастян «Навбаҳор» (2019) ва «Сурхон» (2020) жамоаларидаги фаолияти билан мухлисларга яхши таниш. У 2021 йилдан АГМК либосида майдонга тушади.

photo_2019-12-30_15-50-44

Касьян фаолияти давомида турли жамоаларда Украина, Россия ва Ўзбекистон чемпионатларида рақиблар дарвозасини 59 маротаба ишғол қилган.

АГМК билан шартнома имзолаганидан мамнун бўлган ҳужумчи илк таассуротлари билан ўртоқлашди.

Касьян: «АГМК билан шартнома имзолаганимдан жуда хурсандман. Ўйлайманки, янги мавсумда жамоа билан Суперлига ва ОЧЛда муваффақиятли иштирок этамиз ва катта ғалабаларни кўзлаймиз. 2021 йил АГМК учун муваффақиятли ва омадли бўлишидан умидворман. АГМКга голларим билан ёрдам беришга, жамоам ғалабаларига ҳисса қўшиш учун майдонда 200% куч билан максимум ҳаракат қилишга ваъда бераман. Менга ишонч билдирган бош мураббий Миржалол Қосимовга ва клуб раҳбариятига раҳмат. Футболчилар ва мураббийлар штаби мени янги жамоада мослашишим ва кўникишим учун қўллаб-қувватлашига ишончим комил»

Александр Касьян 8 январь куни юртимизга учиб келади ва жамоа машғулотларига қўшилади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!