Акром Комилов: "Таклифлар бор, агентлар бироз кутиб туришимни айтишди"

Истеъдодли ҳимоячи Акром Комилов “Пахтакор”даги фаолиятидан сўнг, ўтган йили АГМК билан шартнома имзолаб, Миржалол Қосимов жамоасига кўчиб ўтди. 26 ёшли футболчи “Мавсум-2021”да АГМК таркибида Суперлиганинг 22 та ўйинида майдонга тушди. Ўзбекистон кубогида 3 та беллашувда майдонда кўрдик.

Мухлислар айниқса, “Бунёдкор”даги ва ёшлар терма жамоаларидаги ўйинлари орқали яхши билишади. “Пахтакор”га ўтганидан кейин футболчи жароҳатларга дучор бўлди. Натижада олдингидек фаоллиги бироз кўзга ташланмай қолди. Агар у ўзи истагандек спорт формасида бўлса борми, анча-мунча ўйинчи ундан ўта олмайди, қайтанга жамоасининг ҳужумларини уюштиришда жуда фаол бўла олади.

Юқорида статистик рақамларни бежизга келтирмадик. Комилов АГМКга ўтиб, кутилганидек, ўз ўрнига эга бўлди ва асосий таркибдан муқим жой эгаллади. Аммо унга нимадир етишмагандек бўлди. Янги мавсумда ўйинига яна қўшадиган бўлса, кучли ҳимоячилардан бири бўлиши шубҳасиз. Боиси, Акромнинг имкониятларини яхши биламиз.

- Акром, 2021 йилги футбол мавсуми ҳақида сўрамоқчиман. Сиз учун қандай ўтди? Нимадан кўнглингиз тўлди ва аксинча?

- Ортда қолган 2021 йилги чемпионат ҳақида нима дейишим мумкин? Яхши кайфиятда тугата олдик, дея олмайман. Бунинг устига ўз ўйиним бўйича ҳам яхши тўп сурдим, деб айтишим қийин. Чунки олдинги ҳолатимга қайтишга қийналдим. Аммо бу йилдан ҳаммаси яхши бўлади, деб умид қиламан. Эга чиқишимиз мумкин бўлган совринларни қўлдан бой бердик. Янги мавсумда ҳам клубда қоладиган бўлсам, юқори ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламиз.

акром3_1

- Айтинг-чи, ўзингиз истаган ўйинни кўрсатишингизга нима тўсқинлик қилди?

- Тўғрисини айтсам, бир-иккита учрашувларда ҳаммаси жойида бўлди. Олдингидек барқарор ўйнай олдим. Лекин кўп эмас. Ростини айтсам, жисмоний томонлама бироз қийналдим. Жисмоний тарафдан кучимни кўпайтирсам, яна аввалги ҳолатимга қайтаман, деб ўйлайман. Менда ўтган йили айнан жисмоний жиҳат катта роль ўйнади.

акром2_1

- Ўтган йилнинг бошида АГМКга ўтгандингиз. Энди кейинги режангизни билмоқчимиз. Клубда қолиш ниятидамисиз ёки кетмоқчимисиз?

- Ҳозирги пайтда АГМК клуби билан музокара олиб боряпмиз. Агар менга хориждан яхши таклиф бўлса, четга кетишни ҳам ўйлаб кўрамиз. Бироқ ҳозирдан ҳеч нима дея олмайман.

акром4

- Шу хусусида ҳам сўрамоқчи эдим. Сизга яхши таклифлар бўлаётгани тўғрисида маълумотлар йўқ эмас. Суперлига ҳамда хориждан қандай қизиқишлар билдириляпти?

- Айни пайтда бир тўхтамга келганим йўқ. Агентлар менга бироз кутиб туришимни тавсия қилишди. АГМКдан ҳам, ўзбек клубларининг бошқа номдор жамоаларидан ҳам таклифлар бўляпти. Олдимда турган вариантларни ўйлаб кўряпман. Яқин орада барчаси ойдинлашади.

акром1_1

- Ўзингизга қолса, кучингизни қайси хориж чемпионатида синаб кўрмоқчисиз?

- Ўзимга қолса, албатта яхшироқ хориж жамоасида ўйнаган бўлардим. Кутяпман. Россия ёки Украина томонлардан ҳам вариант бўлиб қолиши мумкин.

- Бундан чиқди, рус ва украин клублари ҳам таклиф билдиряптими?

- Ҳа, шунақа.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!