Албатта ўқинг! Кўчада тиланчилик қилганини айтишдан уялмайдиган Эвра
Франциялик машҳур ҳимоячи Патрис Эвра болалиги нақадар қийин ўтганини сўзлаб берди.
“Тўғрисини айтаман, болалигимда жуда қийналганман. Менинг ака-укаларим кўп эди. Кўчада яшаш ҳам осонмасди. Мен Парижда эдим, лекин кўчада яшардим. Баъзан егулик топилмасди. Акам Доминик McDonald's да ишларди ва у ерга тушлик пайти борардим, акам эса менга ўз овқатини берарди. Мен дўконлар олдида тиланчилик қилганимни айтишдан уялмайман. Мен тик оёқда турардим ва одамлардан 1 евро бўлса ҳам садақа қилишларини сўрардим. Улар баъзан пул беришарди, баъзан эса йўқ. У пулларга эса овқат сотиб олишни хоҳлардим”, - дейди Эвра.
У ўша пайтларда бахтли бўлганини айтди.
“У дамлар қийин, аммо бахтли эди. Мен доим омадли эдим ва ўзимни бахтли ҳис қилардим. Мен ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўлардим, чунки айнан шу воқеалар мени одам қилди. Айримлар фақат якуний қисмини билишади, телевизорда юлдузни кўришади. Аслида эса мен кўчада жуда кўп нарсани ўргандим. Бу менга ҳаётда кучли бўлишимга ёрдам берди. Жаҳон чемпионатидан кейин Франция терма жамоаси сардори бўлганимда, кўпчилик мени айблади. Лекин мен кучлироқ бўлдим, чунки кўчада бунданда оғир кунларни кўрганман.
Мен ўзимни ғамгин ҳис қилмайман. Ушбу сўзлардан кейин ҳеч ким менга ачинишини ҳам истамайман. Мен фақат ҳақиқатни айтдим холос. Мен одамларни нима бўлган тақдирда ҳам ҳеч қачон таслим бўлмасликка ундашни хоҳлайман. Агар сиз чин дилдан ишонсангиз, бунга албатта эришасиз”, - дея сўзини якунлади франциялик футбол юлдузи.
1981 йил 15 май куни Сенегалда туғилган Патрис Эвра фаолияти давомида “Ницца”, “Монако”, “Манчестер Юнайтед” ва “Ювентус” каби жамоаларда ўйнаган. 2018 йилдан буён “Вест Хэм”да тўп суриб келмоқда. У Франция терма жамоасида 81 та ўйинда иштирок этган.
Фикрлар