Александр Гейнрих: Хитойга қарши баҳсда 3 та қулай вазиятдан гол кирита олмадик
Ads

Қозоғистоннинг “Ордабаси” клуби ҳужумчиси, ҳамюртимиз Александр Гейнрих собиқ клуби – “Актобе” расмий сайтига интервью берди деб хабар бермоқда kazfootball.kz сайти.

Бундан бир муддат илгари сиз терма жамоа сафида ЖЧ-2018 саралашида муваффақиятсизликка учрадингиз, айтингчи, бу қандай  содир бўлди?

- Терма жамоа – бу алоҳида мавзу. Бизда ҳар доим ЖЧга чиқиш учун имконият бўлган, бироқ фойдалана олмаганмиз. Қандайдир голлар етмаган, тушунарсиз карточкалар панд берган ва ҳоказолар. Бу мен учун сўнгги имконият эди. Иш кўз ёшларга қадар етиб борганидан афсусдаман. Кейинги авлод вакиллари ЖЧга чиқишларини тилайман.

- Мухлислар бунга қандай муносабат билдиришди?

- Мухлислар ҳам албатта биз каби изтироб чекишди. Улар биздан бунданда кўпроғини кутишган эди. Кореяга қарши ҳал қилувчи ўйин эди. Хитойга қарши баҳсда эса биз ўз имкониятларимизни кўкка совурдик. 3 та 100 % лик вазиятдан гол кирита олмадик. Якунда эса бизнинг дарвоза томон пенальти белгиланди.

-  Сиз 3 йилдан буён “Ордабаси”дасиз. Чимкентда ўзингизни қандай сезмоқдасиз?

- Бу мавсум биз клуб тарихида илк бор бронза медалларини қўлга киритдик. Мухлисларимиз бундан жуда ҳам хурсандлар. Бу ерда мени барча нарса қаноатлантирмоқда. Барчаси  жойида.

- Сир эмас, сиз мухлислар учун ўйнайсиз. Сиз майдонда ҳар доим қандайдир ўзгача ҳаракатланишни истайсиз, “шоу” кўрсатасиз...

- Мен болалигимда англаб етганман. Футбол – мухлислар учун ва шу боис, ҳар доим чиройли ўйнашга интилганман. Масалан, Роналдиньо ёки Месси финт қилганида, ҳамма тўлқинланади ва уларнинг  ҳаракатидан завқ олади. Мен ҳам мухлисларга қувонч улашишни истайман.