Александр Хомяков: 9 кун ичида 3 та ўйин ўтказганимиз натижага ўз таъсирини ўтказди
Ҳозиргина Андижондаги “Соғлом авлод” ўйингоҳида Суперлиганинг 12-туридан ўрин олган “Андижон” ҳамда АГМК жамоалари баҳси ўз якунига етди.
Ўйиндан ўтказилган матбуот анжуманининг иккиинчи қисмида мезбонлар устози Александр Хомяков иштирок этди ва ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Афсусланарли албатта. Илк дақиқаларданоқ ўйин бизнинг бошқарувимизда ўтмаслигини билдим. Аслида ўйин учун режамиз бундай эмас эди. Жуда суст ҳаракат қилдик. Ўйинни бошқара олмадик. Рақиб ўз навбатида йўл қўйган хатоларимиздан унумли фойдаланди ва қарши ҳужумга яхши ўтди. Биринчи бўлимда гол ўтказиб юборганимиздан сўнг танаффусгача ҳисобни тенглаштиришимиз шарт эди. Иккинчи бўлимда эса катта эътиборни ҳужумга қаратишимиз ва шу билан бирга ҳимояни ҳам унутмаслигимиз керак эди. Аммо, рақибнинг қарши ҳужуми гол билан якунланди.
Ўйин сўнггида мағлубиятдан қутулиб қолиш учун қаттиқ ҳаракат қилдик, аммо футболчиларга куч етишмади. Бунга сўнгги 8-9 кунда 3 та ўйин ўтказганимиз ҳам ўз таъсирини ўтказди дейиш мумкин. Футболчилар тўлиқ тикланиб улгуришмади. Рақиб эса бир ҳафта дам олди ва улар янги куч билан ўйнашди. Бугун улар тезроқ эди.
Мавсумлар оралиғида маҳоратли ҳужумчи сотиб олишни режалаштирганман. Аммо, ҳозирча буни раҳбарият билан муҳокама қилмадик. Шуни ҳам алоҳида таъкидлардимки, мен ҳали жамоадаги мавжуд футболчиларнинг аксариятини қандай имкониятларга эга эканини тўлиқ билмайман.
Фикрлар