Александр Хомяков "Андижон"дан кетаётганини эълон қилди!
Водий дербиси доирасида “Андижон” ўз уйида “Навбаҳор”га қарши баҳс олиб борган ҳолда унда 0:0 ҳисоби қайд этилганини биласиз. Аммо учрашув ғоят кескин ва муросасиз руҳда кечди. Лекин кутилмаган ҳолат учрашувдан кейин юз берди. Андижонликларни бошқариб келаётган Александр Хомяков жамоадан кетаётганини эълон қилиб, бунинг учун ариза ёзганини расман маълум қилди.
- Ўзингиз ҳаммасини кўрдингиз, ўйин бироз асабий руҳда кечди, - дея гап бошлади, Хомяков. - Босимнинг кучлилиги туфайли ўйинимиз кутилган даражада чиқмаган бўлиши мумкин. Ваҳоланки, беллашувга жуда пухта тайёргарлик кўриб, уни ўз фойдамизга ҳал қилишдан умид қилгандик. Айниқса, учрашувнинг биринчи бўлимида йигитларимиздаги ҳаяжон шундоқ сезилиб турди. Албатта, дарвозани ишғол этиш учун бизда ҳам, рақибда ҳам вазиятлар бўлди. Умуман айтганда, босимнинг кучлилиги ўйинчиларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир ўтказмасдан қўймади. Боз устига жамоамизда кўплаб ўйинчилар дербининг ўзига хослигини ҳали танларида синаб кўришмаган. Шу ҳолат ҳам уларнинг майдондаги ўйинига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Ишқибозларимизни ғалаба билан қувонтира олмай дурангга имзо чекишга мажбур бўлдик. Барибир натижа ҳамма нарсадан муҳимроқ. Жамоамиз раҳбарияти ва ишқибозларимизни тушуниб турибман. Улар “Андижон”дан яхши натижани кутишади. Албатта, молиявий масаладаги муаммолар ҳам ўз акс таъсирини ўтказмасдан қўймаяпти. Лекин вилоят ҳокими ва клубимиз президенти бундай муаммони бартараф этиш учун қўлларидан келган ишни қилишмоқда. Шуҳрат Қўшоқбоевични тушуниб турибман, у биздан яхши натижани талаб қилишга ҳақли. Натижа кутилганидек бўлмади. Албатта, мураббийнинг ишига натижаларга қараб баҳо берилади. Шу бугуннинг ўзидаёқ раҳбарият билан клубдаги келажагим ҳақида гаплашиб олишга тайёрман. Ўз ваколатимни топшириб, кетишни истайман. Ахир натижалар яхши кўриниш ҳосил қилмаяпти. Натижа бўлмас экан, бу ҳолат мураббийнинг руҳиятига таъсир ўтказади. Агар янги мураббий келса, ўз ғоялари билан футболчиларни руҳлантира олади деб ҳисоблайман. Ҳаёт шунақа, айниқса мураббийнинг ҳаёти кутилмаган тасодифларга тўла бўлади. Ўтган ва жорий мавсумдаги олиб борган ишларимдан қониқиш ҳосил қила олдим, дея олмайман. Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида юқорироқ ўринлардан бирига ҳаракат қилдик, лекин 10-ўрин билан чекланишимизга тўғри келди. Жорий мавсум стартидаги учта учрашувда “Андижон” бор йўғи бир очко жамғарди холос. Бугунги ўйиндан қониқиш ҳосил қилганим йўқ. Лекин чемпионатнинг илк учрашувида гарчи ютқазган бўлсак ҳам футболчиларимиз ўзларидан яхши таассурот қолдиргандилар. Ариза ёзиб, бош мураббий вазифасидан кетишга тайёр эканлигимни жазм этдим. Ҳаммасини қандай ҳал қилиш раҳбарларга боғлиқ. Вазият шуни тақозо қиляпти. Ўтказилган уч ўйинда атиги бир очко тўплаш – жуда қониқарсиз натижа. Шундай экан, ваколатимни топширишга тайёрман.
- Аммо журналистлар ва ишқибозлар жамоани сиз бошқаришингизни исташмоқда...
- Агар мухлислар ва журналистлар шуни исташаётган экан, бу ёқимли. Бироқ бахтга қарши иш берувчилар ва раҳбарият бундай фикрламайди. Ҳаммаси уларнинг хоҳиш ва истагига боғлиқ. Ўйлайманки, бугун мутасаддилар билан “Андижон”даги келажагим ҳақида ҳаммасини очиқ ойдин гаплашиб оламан. Ҳозирча менинг клубдаги келажагим борасидаги фикрим мана шундай. Агар яна бу гапларга ниманидир қўшсам, худди ўзимни оқлаётганга ўхшаб қоламан. Кетишга тайёрман.
- Адашмасам, шартномангиз жорий йил охирига қадар бўлса керак. Агар хотирам панд бермаётган бўлса, клубда иш бошлаган пайтингизда таркибни шакллантиришга ҳаракат қиламан дегандингиз...
- Таркибни шакллантириш борасидаги режаларим йўқ эмасди. Аммо режани амалга ошириш фақат менга боғлиқ бўлмаган. Ҳар қалай юқорида раҳбарлар бор. Агар иш жараёнида фикрлар бир жойдан чиқмас экан, албатта кўзлаган мақсадга эриша олмайсиз. Яшириб нима қилдим, ўтган мавсум охирида менда бошқа бир қанча таклифлар бор эди. Лекин уларни рад этиб, “Андижон”даги аҳвол яхши томонга ўзгаришини кутишга қарор қилдим. Мен – мураббийман ва ҳар қандай шароитларда ишлашга ҳаракат қилишим керак. Ҳозир вазият шундайки, натижалар ёмон кўриниш олгани туфайли жамоадан кетишга тайёрман.
Фикрлар