Александр Хомяков: Ҳеч нарсадан нолимаймиз
Аввало, ушбу ғалаба билан Андижон ҳалқини табриклайман! Узоқ кутилган ғалабани қўлга киритдик. Очиқ айтаман, Суперлигада қолиш учун курашяпмиз. Шунинг учун биз учун ҳозир энг муҳими натижа! Қолиш учун курашаётган жамоа майдонга чиқиб борини бериб ўйнашга тайёр бўлади. Шунинг учун ҳозир чиройли ўйин намойиш этиш хақида ўйлаш мавруди эмас. Бугунги ўйин олти очколик ўйин эди ва унда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Биринчи таймда оддий футбол ўйнашга мажбур бўлди. Сабаби, майдон ҳолати биз хоҳлаган ўйинни кўрсатишга салбий таъсир кўрсатди. Асосан узун паслар билан ўйнашга ҳаракат қилдик, лекин бу уринишларимиз ўз самарасини бермади. Иккинчи бўлимда ўйин балансини ушладик ва асосан ўйинни рақиб майдонида ўтказишга ҳаракат қилдик. Бир қатор вазиятлар яратишга ҳаракат қилдик ва буни уддаладик деб айта оламан. Қиличевнинг голи амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. Бундай вазиятда қандай футбол ўйнашни тушунган футболчиларимга миннатдорчилик билдираман. Ҳар бир учрашув биз учун финалдек гап. Қайтариб айтаман, биз майдонга ғалаба учун ҳалок бўлишга тайёр ҳолатда чиқамиз.
- "Бухоро" бош мураббийи бундай майдонга футбол ўйнаб бўлмаслигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда Сизнинг фикрингиз қандай?
- Қайсидир маънода у ҳақ. Лекин иккинчи тарафдан олиб қараганда, ким биринчи бўлиб ушбу майдонга кўникиб олса, ўша жамоа учун сал енгиллик бўларди. Биз буни уддаладик. Рақиб жамоа бош мураббийининг фикрларига изоҳ билдириш... Бу унинг фикри. "Бухоро" жамоаси текис майдонда комбинацион ўйин намойиш этишни хоҳлар. Лекин бугунги футбол бизга ғалаба олиб келди.
- Иккинчи бўлим бошида "Андижон" ҳужумкор ўйин намойиш этди. Нега биринчи таймда шундай ўйин намойиш этилмади?
- Биринчи бўлимни озгина нотўғри бошладик. Майдон ҳолатидан келиб чиқиб, узун паслар билан ўйнашга мажбур бўлдик. Қолаверса, рақиб майдон марказида уч нафар футболчи билан ҳаракат қилди, биз эса иккита ярим ҳимоячи билан ўйнадик. Шу сабабли, рақиб марказда яхши ўйнади. Иккинчи бўлимда эса ўйин услубимизга озгина ўзгартириш киритдик, ва ўйлаган мақсадимизга етдик.
- Эшитишимизга қараганда, айни пайтда жамоада молиявий муаммолар бор экан.
- Биласизми, бу клубнинг ички сири. Шу сабабли, бундай саволларни бермаганингиз маъқул. Ҳар бир учрашувда ғалаба қозонаверсак, вазиятимиз стабиллашиб бораверади, ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Лекин, ташкилий ишлардан ва бошқа шунга ўҳшаш нарсалардан стабил ҳолатдамиз, ҳамма нарса бизни қониқтирмоқда, ҳозирча ҳеч нарсадан нолимаймиз. Олдинга қадам ташлашда давом этамиз.
Манба: "Андижон" ФК
Фикрлар