Александр Хомяков: Ҳозирда чиройли ўйин кўрсата олмаймиз, бизга натижа муҳим
«Андижон» клуби ўтган турда меҳмонда «Динамо» устидан ғалаба қозониб қайтганди. Бу турда эса улар ўз майдонида «Сурхон» жамоасини қабул қилишди ва 2:1 ҳисобида устун келган ҳолда кетма-кет икккинчи ғалабасини қўлга киритишди. Шу тариқа, «бургутлар» турнир жадвалида хавфли ҳудуддан анча узоқлашган ҳолда 9-ўринга кўтарилиб олдилар. Бунда эса табиийки, бош мураббий Александр Хомяковнинг меҳнатлари катта. «Сурхон»га қарши беллашувдан сўнг у ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Албатта, мен жуда мамнунман. Қўлга киритилган ғалабамиз учун ниҳоятда хурсандман, - дея гап бошлади, Александр Андреевич. - Бизнинг мухлисларимиз олдида қарзимиз бор эди. Чунки анчадан бери ўз майдонимизда ғалаба қозона олмаётгандик. Адашмасам, ўз уйимизда охирги марта иккинчи давранинг илк турида ғалаба қозонгандик. Энди бевосита ўйинга келадиган бўлсак, рақибнинг кучли тарафларини билардик. Шунга асосланиб тайёргарлик кўрдик ва ҳимояда ишончли ҳаракат қилишимиз керак эди. Қолаверса, рақибнинг хатоларидан фойдаланишни ҳам истагандик. Ўзинглар ҳам кўрдинглар, бизда гол уриш учун яна кўплаб имкониятлар бўлди. Айниқса, иккинчи бўлимда қатор вазиятларни яратдик. Лекин биринчи бўлимда бироз асабий ўйин бўлди. Негадир ўйинимиз ўзимиз истагандек чиқмади, ўйлаган режаларимиз у қадар амалга ошмади. Ҳайриятки, биз тезда вазиятни ўнглай олдик ва стандарт вазиятлардан фойдаландик. Иккинчи бўлимда эса ташаббус бизнинг томонда бўлди. Ўйинни назорат қилдик. Фақат ўзимиз яратган кўплаб имкониятларни голга айлантира олмадик. Умуман олганда, ҳаммани қўлга киритилган ғалаба билан табриклайман. Биз бугун муҳим бўлган уч очкони қўлга киритдик. Ҳозир куз фасли, айтишади-ку жўжани кузда санаймиз деб. Шунга ҳозир очколарни ҳисоблайдиган пайт яқинлашмоқда. Айни пайтда бизда чиройли ўйин кўрсатиш муҳим масала эмас. Асосийси, уч очко учун ўйин бўляпти. Шу боис биз ҳозирча чиройли ўйин кўрсата олмаймиз, фақат натижа учун курашяпмиз. Футболчиларимнинг ўйинидан хурсандман ва натижадан қониқдим. Улар 1 октябрь ўқитувчи ва мураббийлар кунига ажойиб совға қилишди. Бу жуда ёқимли совға бўлди.
- Шаҳзод Убайдуллаев иккита гол урди. Аммо унда яна камида иккита яққол имкониятлар бўлганди. Ўтган турда Самарқандда «Динамо» билан учрашувда ҳам гарчи гол урган бўлса-да, яна бир қанча вазиятлардан фойдалана олмаганди. Бу ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳа, тўғри, аммо Шаҳзод бундай савия ва муҳитда биринчи марта ўйнаяпти. Шунинг учун унга қаердадир тажриба етишмайди, яна қаердадир ёшлик қилиб қўяди. Ёки баъзи ҳолатларда ҳаяжонланади. Менимча, унинг бу камчилиги вақт билан ўтиб кетади. Ёши улғайган сари тажрибасини ошириб бораверади. Энг асосийси, унда имкониятлар пайдо бўляпти. Агар яратилаётган вазиятларидан тўлиқ фойдаланса, тажрибаси ҳам ортиб бораверади. Аммо унутмаслигимиз керакки, у ҳали ёш футболчи. Бундан ташқари, биз оғир ўйинларни ўтказяпмиз. Босим остида ҳам ўйнаяпмиз. Балки шу жиҳатлар ҳам таъсир қилиши мумкин.
- Бугунги ғалабадан кейин «Андижон» 9-ўринга чиқиб олди. Кейинги турда Қаршига боради ва сўнг охирги тўртта учрашувни ўз майдонида ўтказади. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, вазифа бажарилди десак бўладими? Яъни, хавфли ҳудуддан анча узоқлашгач, энди енгил тин оляпсизми?
- Йўқ, ҳали вазифа бажарилмади. Олдимизда ҳали ўйинлар бор. Шунинг учун асло бўшашиб қолмаслигимиз керак. Чунки ўзингиз ҳам кўриб турибсиз, ўз майдонимиздаги ўйинларни ўтказишимиз қийин бўляпти. Чунки йигитларимиз мухлисларимиз қаршисида босим билан ўйнашяпти. Тушуниб турибмиз, ишқибозларимиз биздан чиройли ўйин ва натижани кутишяпти. Юқорида айтганимдек, биз асосан натижа учун ўйнаяпмиз. Терма жамоамизнинг йиғинлари ва ўйинлари сабабли энди бизда яна тайёргарлик учун вақтимиз бўлади. Биз бу вақтдан фойдаланиб, камчиликларимиз устида ишлаймиз. Ҳозирги жамоамиз мен хоҳлаётган футболни кўрсата олишмаяпти. Лекин яна қайтараман, айни пайтда биз учун биринчи ўринда натижа турибди.
- Негадир охирги пайтларда жамоа сардори ва етакчиси Илдар Маматказин захирада қолиб кетяпти. Бу нима билан боғлиқ?
- Маматказин бизнинг асосий ўйинчиларимиздан бири. Тўғри, у ҳозирча ўйнамаяпти. Самарқандда ўйнаган йигитлар яхши таассурот қолдиришганди. Айниқса, ҳимоячиларимиз анча ишончли ўйнашганди. Бундай пайтда эса камдан-кам мураббийгина ҳимоячиларини ўзгартириши мумкин. «Динамо» билан учрашувда тўртта ҳимоячимиз ишончли ўйнашди ва ғалаба учун катта ҳисса қўшишганди. Албатта, Илдарга ҳам яна имконият бўлади. Адашмасам, бугунги учрашувда Радослав Алексич ўзининг тўртинчи сариқ карточкасини олди. Шу боис кейинги баҳсларда Маматказинга ҳам ишонч билдириб қоламан. Лекин боя айтганимдек, Илдар жамоамизнинг етакчиларидан бири. Ҳимоячиларимиз ўз вазифаларини яхши бажаришяпти. Бу билан барча футболчилар ўйин амалиётига эга бўлишяпти.
Фикрлар