Александр Хомяков жамоасининг 5:0 ҳисобидаги ғалабасига қандай изоҳ берди?
“Андижон”нинг “Арал”га (5:0) қарши ўтказилган назорат учрашувидан кейин жамоа устози Александр Хомяков клуб матбуот хизматига қисқача интервью берди.
- Александр Андреевич, ёзги йиғиндаги илк ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Албатта, чиройли натижа. Ўйин ҳам қониқдингизми?
- Ўйинни асосан назорат баҳсига яраша ўтказдик. Барча ўйинчиларга имконият бердик. Бироз танаффусдан сўнг ўйин амалиётини ҳис қилиши учун таркибда янгилар бор. Уларни кўряпмиз. Натижага эътибор бермаймиз. Лекин ютганимиз ёқимли, албатта. Ўйин ўртоқлик доирасида ўтган бўлса-да, кўзлаган таркибларни синаб олдик.
- Майдонда бир қатор янги номларни ҳам кўрдик. Уларнинг ўйини ҳақида нима дея оласиз?
- Янгилар ҳам чакки эмас. 5 кундан бери машғулотларда иштирок этишмоқда. Эътироз йўқ, баракалла. Яна кузатишда давом этамиз.
- Таркибга яна қандай футболчилар қўшилиши мумкин?
- Ҳа, ўзингиз кўрдингиз, ўзгаришлар бор. Позициялар бўйича камчиликларни тўлдириш учун изланишда давом этмоқдамиз.
Фикрлар