Александр Хомяков: Молиявий қийинчиликлар жамоа ўйинига таъсир ўтказмаяпти
Хабарингиз бор бугун Суперлиганинг 23-турида “Андижон” ўз майдонида “Бунёдкор”ни қабул қилди ва 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Ўйиндан сўнг мезбонлар клуби бош мураббийи Александр Хомяков ўзининг ўйин ҳақидаги фикрини билдириб ўтди.
- Икки хил таасуротга эгаман. Кўрсатган ўйинимиз билан мағлубиятга учраганимизда адолатсизлик бўлар эди. Вазиятларни содир этишда, голли вазиятларни содир этишда ҳам устунликка эга бўлдик. Бизда учта яққол голга тортадиган вазият бўлди. Шиддатли ўйин намойиш этгани учун шогирдларимга миннатдорчилик билдираман. Одатда сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юборадиган жамоа руҳий томондан тушкунликка тушиб қолади, лекин шогирдларим ўтказиб юборилган голдан кейин “синиб” қолишмасдан, ҳужум уюштириб гол киритишга муваффақ бўлишди.
- Бугунги ўйинга Сизга ёқдими?
- Йўқ. Лекин майдоннинг ҳолати, жамоанинг бугунги кундаги вазияти ва турнир жадвалидаги кескинликларни ҳисобга олганда ўйинни ёқди дейишим мумкин. Чиройли ўйин намойиш этишни хоҳлаяпмиз, лекин ҳозирги кунда бизга биринчи ўринда натижа керак. Шу боис ҳозирда оддийроқ ва ишончлироқ ўйнамоқдамиз. Мураббий сифатида комбинацион ўйин намойиш этишларини истайман, бироқ юқоридаги сабаблар туфайли ҳозирча шундай кўриниш олмоқда.
- Шаҳзод Убайдуллаевда иккита яққол голга тортадиган вазият содир этилганди. Ўйиндан сўнг унга эътироз билдирингизми?
- Ўйиндан кейин эътироз билдириш нотўғри деб ўйлайман. Аксинча, унга далда бўлиш учун кейинги сафар бундай хатога йўл қўймаслигини уқтирдим. Билишимча, Шаҳзод бундай вазиятларда ҳужумчи гол уриши шартлигини яхши билади.
- Ўйлашимча, бугун Рўзимбой Аҳмедов Убайдуллаевга қараганда яхши ўйнади. Нима сабабдан айнан Аҳмедовга заҳирага олдингиз?
- Ўйин бошида узун паслар билан ўйнашни мақсад қилгандик. Рўзимбой тўпни ердан ва ҳаводан қабул қилишда кучли саналади. Шаҳзодни эса тезлик олиши юқори. “Бунёдкор” таркибида Анвар Ғофуров ёши катта футболчи саналади, шу боис Шаҳзод унга етарлича қийинчилик туғдиради деб ўйлагандим. Шу сабабли, Рўзимбойни заҳирага олдим. Ўйин шуни талаб қилганди. Шуни айтишим керакки, бугун Рўзимбойнинг кўрсатган ўйинидан қониқдим.
- Рақиб футболчиси майдондан четлатилганидан сўнг шогирдларингиз хотиржаликка берилмадими?
- Футболчилар хотиржамликка берилди деб ўйламайман. Аксинча, футболчилар ўйиннинг сўнгги дақиқаларида шиддатли ўйнай бошлади.
- Жамоа келаси мавсумда ҳам шу таркиб билан ҳаракат қиладими ёки янги футболчилар олиб келинадими?
- Ҳозир бугунги кунимиз ҳақида ўйлашимиз керак. Чунки олдимизда учта муҳим учрашув турибди. Келажак ҳақида гапирадиган бўлсам, клуб раҳбарияти билан бу борада маслаҳатлашамиз. Билишимча, таркибимиздаги кўплаб футболчиларнинг шартномаси йил охирида якунланади. Шу боис, ҳозир келажак ҳақида гапириш мушкул.
- Эшитимизга қараганда жамоада молиявий қийинчилик бор экан...
- Бу саволни клуб раҳбариятига берган маъқул деб биламан. Жамоа ҳозирги кунда озроқ молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Лекин бу жамоамизнинг бугунги ўйинига таъсир кўрсатди деб ўйламайман. Бўлди бу саволга бошқа жавоб бера олмайман.
- Олдингизда узун танаффус турибди ва кейин бир ҳафтада учта расмий ўтказишингиз керак. Ўша муҳим учрашувларга футболчиларнинг спорт формасини сақлаб туришди муаммога дуч келмайсизми?
- Тўғри, ўтган сафарги танаффусдан кейин “Насаф” клубига қарши қийин ўйин ўтказган эдик, бу сафар ҳам шунақа узун танаффус турибди олдимизда. Бу танаффус ҳақида гапирадиган бўлсам, бугунги учрашувдан кейин йигитларга маълум муддатга ҳордиқ чиқариш учун имкон берамиз. Кейин Андижон шаҳрида жамланамиз. Шундан кейин иккита ўртоқлик учрашув ўтказамиз Тошкент шаҳрида. Ўртоқлик учрашувида рақибларимиз “Бунёдкор” ва АГМК бўлади.
Фикрлар